Ориф ТЎХТАШ

2020-09-30T08:40:54+00:0030 Sentabr, 2020|Шеърлар|

ШОГИРД  СЎЗИ

“Устоз – отангдан улуғ”

                                                                                     Халқ нақли

 Сизга бўлсин таъзим, сизга эҳтиром,

Сизга айтаримиз – энг эзгу ният.

Ҳаёт йўлимизни айлар чароғон –

Чеҳрангизда балққан нур – самимият.

 

Бўлмоқ орзуимиз сиздек фидойи,

Бунчалар хокисор, камтар одамсиз?!

ВАТАН – ОТА – ОНА сўзин ёздириб,

УСТОЗ деб бир бора ёздирмагансиз!

 

Биз бугун хурсандмиз, ютуқларимиз –

Сизнинг кўнглингизга бахш этса ҳузур.

Лекин ёшликдаги шўхликларимиз –

Бари-бари учун сўраймиз узр.

 

Бердингиз ҳаётий сабоқ ила дарс,

Қанча эъзозласак бўлур шунча оз.

Шогирд бу – Устоздан узилмаган қарз,

Хизмат бўлса айтинг, тайёрмиз, Устоз! 

 

УСТОЗЛАР

Сиз берган одоб яшар,

Руҳиятда, танда ҳам.

Сиз бизларга ўрнаксиз,

Ҳаёт деган фанда ҳам.

 

Сиз шу қадар фидойи,

Сиз бунчалар жонкуяр.

Шу туфайли Устоз деб,

Эл ардоқлар, эл суяр.

 

Ўз касбига содиқлик –

Ҳаётингиз шиори.

Сиз бор – кучга тўлгайдур

Кўҳна Ўзбек диёри.

 

Илмингиз зиёсидан –

Қалб кўзимиз қамашар.

Сизга эъзоз ярашса

Бизга хизмат ярашар.

 

Қўлга қалам тутқазиб,

Дилга сурур солгансиз.

Шўхлик қилсак баъзида

Куйингансиз, толгансиз.

 

“Устоз – отангдан улуғ!”

Топиб айтилган сўз бу.

Сиз Ватан келажагин –

Намоён этар кўзгу!

 

Сиз айтгандай, ҳур Ватан –

Зукко ёшларга тўлсин!

Жон, меҳрибон Устозлар,

Байрам муборак бўлсин!