“Буюк келажак”да мен ҳам яшайман

2020-09-23T07:47:59+00:0023 Sentabr, 2020|Умумий янгиликлар|

Пандемия сабабли жорий қилинган чекловлар сабаб ҳар куни ишга пиёда бориб-келавериб ўрганиб қолибманми, карантин талаблари юмшатилигач ҳам уйимизнинг ёнидан жамоат транспорти ўтиб турса-да, пиёда юргим келаверади.

Қолаверса, Гулистон шаҳри “Буюк келажак” массивидаги ҳар бир кўп қаватли уйнинг ҳовлисида турли-туман, ранг баранг гуллар барқ уриб яшнаб тургани, айниқса, ҳар бир подезд олдидаги 0,2-0,3 сотихли мўжазгина экин майдончаси четига экилган райҳонга қўлларимни текказиб, димоғимга урилган хушбўй ҳиддан кайфиятим кўтарилиб, иш хонага енгил тортиб, хуш кайфият билан кириб бораман.

Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан эҳтиёжмандларга Сирдарё вилояти марказидан кўп қаватли уйлар қурилганди. Мен ҳам “Буюк келажак” массивидаги 7 қаватли уйга кўчиб ўтдим. Тўғриси, ўшанда менга кўп қаватли уйдан жой ажратилганида, бироз норози бўлгандим. Чунки, “дом”имиз атрофида дарахтлар экилмаган, олд тарафдаги 0,2-0,5 сотихгача бўлган ерга тупроқ тўлдирилган, бир туп гиёҳ ҳам унмаган эди-да.

Сал вақт ўтмай, мен каби бошқа — уйли бўлганлар бирин-кетин кўчиб кела бошлади. Қўни-қўшнилар кўпайди. “Домкўм”ни ҳам, уй фаолларини ҳам сайладик. “Меҳнат инсонларни бирлаштиради”, деганлари бор гап. Бунга, мана бир йилга яқин бир “дом”да яшаб, қўни-қўшнилар билан қариндош-уруғдан ҳам яқин бўлиб кетганимизга ўзим шоҳидман.

“Инсоннинг қўли гул”, деб бежизга айтишмаган экан. Уй фаоллари бошчилигида, эрта баҳордан иш қизиди. Кимдир бозордан турли-туман гул уруғлари, бошқаси помидор-бодринг, булғор қалампири, кимдир мевали, манзарали дарахт, яна кимдир райҳон кўчатлари олиб келишди, экдик.

Карантин жорий этилиб, бўш вақтимиз кўпайиб қолди. Навбатма-навбат “дом”имизнинг экин ҳовлисига тушиб, чопамиз, бегона ўтдан тозалаймиз, суғорамиз. Қувонарлиси, “бу сеники, бу меники” дейиш йўқ, “бу уй бизники, бу экин майдончаси ҳаммамизники”, деб ҳавас билан, мўжазгина экинзоримизда меҳнат қилдик.

Мендан бир қават пастдаги қўшниларим Анвар ва Шерзод акалар-ку, кун бўйи “агорот”имиздан чиқишмайди. “Унутманглар, бу бир бизники эмас, ҳаммамизки, “вес дом”имизники, бу гўзалликдан баҳра олинг”, дейишади.

Ватанимиз мустақиллигининг 29 йиллик байрамини ҳам “дом”имиздагилар билан, ҳавас қилса арзийдиган, ранг-баранг гулзорга, ажойиб экинзорга  айлантирилган ҳовлимизда кутиб олдик.

Эҳтимол, бизнинг “Буюк келажак” массивида жойлашган 7 қаватли 20-уйимиз Гулистон шаҳрида ўтаётган “Гуллар фестивали”да юқори ўринни ололмаслиги мумкин. Аммо, биз бу гўзалликни, аслида ушбу фестивал учун эмас, балки, фарзандларимиз, ўзимиз, қолаверса, уйимизга меҳмон бўлиб келадиган яқинларимиз ва ҳамманинг баҳри-дили очилиши учун яратдик. Ишонмасангиз, сиз ҳам бир меҳмон бўлиб келинг, табиий гўзалликдан кўнглингиз тоғдек кўтарилишига ишончим комил.

Моҳира ЙЎЛДОШЕВА,

Сирдарё вилояти.

 «Hurriyat» газетасининг 2020 йил 23 сентябрь 33-сонидан олинди