Самарқанд Давлат университети 600 ёшда!

2020-09-20T14:42:29+00:0020 Sentabr, 2020|Самарқанд вил.|

МЕТОДИКАМИЗ МИЛЛИЙ БЎЛАДИ

Таълимнинг мақсади – тарбия

Қозоқбой Йўлдошев.

Ўтган асрда она тилимизнинг мамлакатимиз ички ва ташқи муносабатларида, таълим-тарбияда, иш юритишда қўлланиш имкониятлари маълум даражада чеклаб қўйилганлиги, бу эса тилимиз тараққиётига ҳам таъсир кўрсатганлиги ҳеч кимга сир эмас. Бир асрдан зиёд вақт давомида бир тилнинг баланд иншоотлар пештоқларидан сўйлаб, иккинчисининг рўзғор тилига айланиши  аянчли оқибатларга олиб келганлигини  давр кўрсатиб турибди. Афсуски, бунинг жабрини яқингача  тортганлигимиз  ҳам бор гап. Мустақилликка эришганимизга  чорак асрдан ошиқроқ вақт ўтди. Давлат тили тўғрисидаги қонунни тўлиқ жорий қилишда, лотин графикасига асосланган ўзбек ёзувига ўтишдаги   қийинчиликларга барҳам берилмоқда. Айрим муассасаларда иш юритишда қўлланилган ҳужжатларни “безаб” турган   имловий хатоларни, кўча-кўйдаги дўконлару умумий овқатланиш шохобчалари пештоқидаги  “Икром шашлик”, “Наргиза палов”, “Алигатор”, “Эсмеральда” каби номларни, “Шурпа, джиз, самбуса, кала поча”, “Мы открылись!” каби  рекламаларни кўриб, яқингача хафа бўлишдан нарига ўтмадик, яна истиҳола қилдик.  Оилада фарзандларнинг  дарс қилиш, китоб ўқиш ўрнига қўлидан телефон тушмаслигига одатий ҳол деб қарашга ўргандик. Буларнинг барчаси фарзандларимиз дунёқараши ва маънавиятига маълум даражада ўз таъсирини кўрсатди. Миллий-маънавий қадриятларимизни, она тилимизнинг софлигини қандай қилиб сақлаб қоламиз деган саволлар бугунги кунда асосий  масала сифатида муҳим аҳамият касб этди. Шу боис мамлакатимизда таълим –тарбияга, китобхонлик маданиятини юксалтиришга  эътибор кучайтирилди. Республикамиз  Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 2019 йил 23 август куни бўлиб ўтган халқ таълими тизимини ривожлантириш, педагогларнинг малакаси ва жамиятдаги нуфузини ошириш, ёш авлод маънавиятини юксалтириш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида таълим тизими олдида турган долзарб вазифалар, таълим ва тарбиянинг аҳамияти ҳақида сўз юритилди. Унда мамлакатимиз раҳбари мактабни ўзгартирмасдан туриб, одамни, жамиятни ўзгартириб бўлмаслигига алоҳида эътибор қаратиб, бунда мактаб ва ўқитувчиларнинг роли кучли эканлигини таъкидладилар.

Президентимиз билдирган фикрлардан хулоса чиқарадиган бўлсак, бугунги кунда  таълим тизимининг барча поғоналарида, жумладан, олий таълим тизимини ҳам миллийлаштириш, таълим жараёнига бугунги кун талабларига жавоб бера оладиган янги услубларни жорий этишни кўзда тутувчи миллий методикани яратиш лозимлиги  маълум бўлади.

Бугун талабаларга илм бериш баробарида аждодларимиз томонидан яратилган маънавий бойликларга, миллий-маънавий қадриятларимизга, она тилимиз ва адабиётимизга ҳурмат ва фахрланиш ҳисларини уларнинг онгу шуурига сингдиришимиз лозим. Токи университет ёки институтни тугатган талаба олий маълумотли оддийгина мутахассис эмас, балки юрти, қадриятлари,  туркий халқлар тили ва адабиёти тарихини яхши биладиган, маданиятимиз ва маънавиятимизнинг етук тарғиботчилари бўлиб ўз фаолиятини бошласин. Ана шундагина кўзлаган натижага эриша оламиз.

Дарҳақиқат, тилимизга ҳар куни илм-фан, маданият ва техника билан боғлиқ бўлган ўнлаб сўзлар кириб келмоқда. Ёшларимизнинг нутқида хорижий сўзларни ноўрин қўллаш одат тусига кирган, тил ва имло масалалари тобора жиддийлашиб бораётган ҳозирги даврда тарбия Маҳмудхўжа Беҳбудий айтганидек.  ё ҳаёт, ё мамот масаласига айланди. Бу эса таълим тизимимизни бугунги кун талаблари даражасида қайта кўриб чиқишни ва она тили ва адабиётини ўқитиш сифатини янада яхшилашни тақозо қилмоқда. Эртанги кунимиз таълим тизимига, миллий  методикамизни яратишга боғлиқлиги янада ойдинлашди. Шу боис биз тайёрлаётган талабаларимизнинг   коммуникатив саводхон, адабий тил меъёрларини яхши биладиган кадрлар бўлиши учун миллий методикамизнинг дастлабки тамал тошини  қўйган Ал-Хоразмийдан тортиб  Абу Наср Форобий,  Ибн Сино,   Абу Райхон Беруний,  Юсуф Хос Ҳожиб, Маҳмуд Кошғарий,  Маҳмуд Замахшарий, Мирза Меҳдихон, Алишер Навоий, Бобур,  Абдулғози Баҳодирхон каби аждодларимизнинг асарларига дарс жараёнида кўпроқ мурожаат қилишимизга  тўғри келади. Чунки миллий мафкурамизни ёшлар онгига сингдиришимизнинг асосий қуроли она тилимиз ҳисобланади.

Ана шуни эътиборга олиб 2020-2021 ўқув йилидан бошлаб мамлакатимизнинг барча таълим даргоҳларида  “Ўзбек тилининг соҳада қўлланилиши”, магистратура йўналишида эса “Ўзга тилли гуруҳларда ўзбек тили таълими”  фани ўқитиладиган бўлди. Талабаларга ўзбек тилида иш юритиш қонун-қоидаларини, ҳужжатларни тўғри ёзишни ўргатиш, соҳага оид атамаларнинг маъно-моҳиятини тушунтириш мазкур фаннинг мазмун-мундарижасини ташкил қилади.

Самарқанд Давлат университети ўзбек тили ва адабиётини ўқитиш методикаси кафедрасида проф. И.К.Мирзаев раҳбарлигида салмоқли ишлар амалга оширилиб, ўзбек тили ва адабиётини ўқитиш методикасини такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Мазкур кафедрада кейинги йигирма йил давомида талабаларга “ Матннинг филологик таҳлили” курси ўқитиб келинади. 2018-2019 ўқув йилидан бошлаб эса барча талабаларга “Матн таҳлили” фани ўқитиб келинмоқда. Бу дарслар ўзбек тили ва адабиёти масалаларини биргаликда  қамраб олган бўлиб, талабага таҳлил жараёнида қулайлик туғдирмоқда. Амалий характердаги бу фан талабаларда чиройли ёзиш, мантиқли сўзлаш, матнни ўқиш ва уқиш, унинг мазмунига холис муносабат билдириш кўникмаларини шакллантиришда муҳим роль ўйнайди. Бунда ҳар қандай таълимнинг мақсади тарбия эканлиги, таълим шу тарбияни ҳаётга татбиқ этишда ўнлаб воситалардан бири эканлиги асосланади. Чунки инсоният яралгандан буён  тарбия масаласи  миллат, давлат ва жамият тараққиётини белгилашда  ҳал қилувчи роль ўйнайди.

Яқинда мамлакатимиз оммавий ахборот воситаларида эълон қилинган Самарқанд Давлат университети ректори профессор Рустам Холмуродовнинг “Самарқанд университети қачон ташкил топган?”  номли мақоласида университет 1420 йилда Мирзо Улуғбек томонидан қурилган мадрасанинг бевосита вориси эканлиги тўғрисидаги фикрлар бутун дунё олимлари эътиборини тортди. Шу долзарб масалага бағишлаб ўтказилган  ZOOM  он-лайн анжуманида иштирок этган кўплаб мамлакатларнинг етакчи олий таълим даргоҳлари мутахассислари бу борадаги саъй-ҳаракатлар миллий-маънавий қадриятларимиз тикланаётганини ва буларнинг барчаси Президентимиз Ш.М.Мирзиёев  олиб бораётган  сиёсатнинг натижаси эканлигини эътироф этдилар.

Бизда бошқа МДҲ давлатлари каби  икки хил таълим тизими амал қилган: 1.Тарихи ўнлаб асрларга бориб тақалувчи  ва ўз миллий таълим методига эга бўлган  мадраса таълими. 2.Собиқ шўролар даврида шаклланган ва яқингача ўзгаришсиз амалда бўлган ўрта ва олий таълим тизимидир.

Дарҳақиқат, бугунги кун талабларидан келиб чиқиб, шу икки таълим тизимини муқояса қилиш, уларнинг ҳар биридаги ютуқ ва камчиликларни умумлаштириш ва шу асосда соф миллий методикамизни яратиш имкони пайдо бўлди. Шу боис бу борадаги илмий-назарий фикрларни умумлаштириш, мамлакатимиз олий ўқув юртларида  мадрасалар тарихини ўрганишга оид фанларни ўқув режаларига киритиш,  миллий таълимнинг самарали усулларини мамлакатимизнинг барча филологик йўналишдаги даргоҳларида оммалаштириш керак.Бу эса талабаларимизнинг ўзбек тили ва адабиётига доир  билимларини оширишга, уларни миллий-маънавий қадриятларимизга ҳурмат руҳида тарбиялашимизга хизмат қилиши шубҳасиз.

ЖЎРАЕВ Т. Самарқанд Давлат университети

доценти, филология фанлари номзоди.