Сизга айтар сўзим бор…

2020-09-16T09:42:52+00:0016 Sentabr, 2020|Умумий янгиликлар|

“Ҳуррият” газетасининг 2020 йил, 3 сент­ябрь, 30-сонида Абдулазиз Аҳмедовнинг Ёшлар ишлари агентлиги директори Алишер Саъдуллаев билан бўлган “Биз ҳали 50 тезликда юрибмиз” сарлавҳали суҳбати эълон қилинди. Тўғриси, суҳбатдош жавобларидан кўнглим тўлмади. Нимадир айтиш ёки ёзишга тараддудланиб юргандим, Korrespondent.uz сайтида Фурқат Алимардоновнинг айнан шу суҳбатга муносабати (“Ёшлар ташкилотига ёш раҳбар бўлгани яхши, аммо фикрлаши каттароқ бўлсин”)ни ўқиб, ҳар тугул дилимдаги гаплар айтилибди, деб бироз таскин топгандек бўлдим. Аммо барибир ўзимнинг ҳам айрим мулоҳазаларимни билдиришни жоиз топдим.

 

Директорнинг ўз фаолиятига танқидий кўз билан қараши, “ҳали 50 тезликда” юрганини очиқчасига тан олиши, ижтимоий тармоқларда ёшларнинг фикрига ўз вақтида муносабат билдириши… қувонарли ҳол, албатта. Қолаверса, шундай катта ташкилотнинг раҳбари бўла туриб, матбуотга очиқ интервью бергани ҳам айни кунда ижобий ҳолатдир. Сабаби, юрак ютиб, матбуот­­га чиқиб, халқ билан юзма-юз гаплашишга ҳамон кўп раҳбарларимиз рози бўлмайди. Ана шу жиҳатлар яхши, лекин Алишер Саъдуллаевнинг босма нашрлар борасидаги фикрларини мутлақо оқлаб бўлмайди…

 

Сизга саволим бор, жаноб директор: матбуот соҳасида бир соат бўлса ҳам ишлаб кўрганмисиз? Газетанинг чиқишидан олдинги кун (вёрстка)ни кузатганмисиз? Битта мақола ёзиш учун муаллифнинг сиздек раҳбарлар эшиги олдида соатлаб кутиши, материалини ёзиш, уни чоп этиш ҳолига келтиргунча ишхонада алламаҳалгача қолиб кетишидан хабарингиз борми? Босмахона эшигида ярим тунги соат 01.00 ёки 02:00 гача қолиб кетган, ёмғиру қорда, иссиғу совуқда газетасининг сифатли чиқишини кутаётган муҳаррир ёки ходимдан-чи? Янги чиққан газетанинг исини-чи, ҳидлаб кўрганмисиз?

 

Биламан, албатта, “йўқ” дейсиз. Чунки сиз бу соҳани тушунмайсиз, англамайсиз. Бир томондан шуниси ҳам маъқул. Уч-тўртта нашрларда қатнашиб туришингизни айтибсиз. Жуда ишондик-да! Сиз раҳбар одам бўлсангиз, мақола ёзиб ўтирасизми, матбуот котибларингиз номингиздан ёзиб берса керак. Янглишаётган бўлсам, узр­лар бўлсин!

 

Бугунги ижтимоий тармоқларни мақтабсиз. Кечирасизу, аслида бу давр фожиаси ҳисобланади! Қандай қилиб газета-журналларни сақлаб қолиш муҳокамалар марказида турган пайтда сиз ижтимоий тармоқларни ривожланиш, деб баҳолаяпсиз? Ахир интернет чаласаводлигу шошма-шошарликнинг уяси-ку! Демак, ривожланган мамлакатлар сиз билган нарсани билмас экан-да? Нега уларда газеталар миллионлаб нусхада чоп этилади унда?! Яна ҳафталик эмас, кунлик рўзномалар!

 

Билсангиз, доим мутолаа қилиб борадиган электрон нашрларингиз барчага ҳам бирдек қулай эмас. Сабаби, чекка қишлоқларда интернет умуман йўқ, бўлса ҳам талаб даражасида ишламайди. Улар қандай қилиб интернет сайтларини кузатишсин? Тўғрироғи, интернетга уланишга, кунма-кун тўлов тўлашга маблағ топса имкон, имкон топса маблағи етмайди. Имкон ҳам, маблағ ҳам топилса, интернет ишламайди! Одамларнинг камбағаллашиб бораётганидан хабарингиз бўлса керак. Юртимиз ёшларининг неча фоизи хорижда “гастрабайтер” бўлиб юрганини, уларнинг аниқ ҳисобини айтмасам ҳам кўпчиликдан яхши биласиз.

Эҳтимол, 3,5 миллиондан ошиқ аҳолиси бор пойтахт учун интернет қулайдир. Бироқ қолган 30 миллиондан зиёд аҳоли, асосан вилоятларда яшамайдими?! Тўғри, вилоят, шаҳарларимиз марказларида шарт-шароит, имкониятлар ҳар жиҳатдан ошган. Аммо туманларда, қишлоқларда аҳвол қандай? Қачон уларнинг ғамини еймиз, қачонгача лойиҳаларингиз фақат марказда яшовчилар манфаати учун хизмат қиладиган “StartUp”, “Mfaktor”, “Yaranuz”, “Ykfoundation”… бўлади? Чекка қишлоқдаги ёшларни ким ўйлайди, улар учун буларнинг нима қизиғи бор? Эртадан кечгача чорванинг орқасидан юрадиган тенгдошларимиз учун ҳам фойдали, ҳеч бўлмаса, 2 та молини 4 та, 5 та товуғини 10 та қиладиган лойиҳалар қачон ишланади, токайгача улар “четга кетаман, шаҳарга кетаман, қутуламан баридан, қишлоқни елкамнинг чуқури кўрсин”, дея куюниб яшайди? Саволлар кўп, жавобни қачон айтасиз?

 

Яна матбуотга қайтсак. “Ўнта бўлса ўрни бош­­қа”, деган гап бор. Тўғри, интернет сайтлар, ижтимоий тармоқлар бугун жуда ҳам фаол. Тан олиш керак, айрим имкониятлари билан матбуот­дан бир қадам олдиндадир. Ўзим ҳам сиз айт­ган тармоқларда фаолман, ҳа, улар тезкор ва қулай. Бироқ бу босма нашрлардан воз кечиш керак, дегани эмас-да. Берган интервьюингизда матбуотни “…тарих, қадрият, катта мактаб. Шунинг учун ҳам газетани сақлаб қолишимиз лозим”, дебсиз, аммо кейинроқ ўз фикрингизга қарши чиқиб, газетани етказишдаги муаммоларни санаб, бутунлай тескари гап айтгансиз.

Билсангиз, марказий нашрларнинг ўқувчисига ўз вақтида етиб бормаслигига таҳририятлар эмас, аксинча, почта хизматлари айбдор саналади. Балки муаммони ҳадеб рўкач қилиб келтиравермасдан унинг ечими ҳақда ҳам бош қотириш вақти келгандир?

 

Яқинда бир маълумотга кўзим тушди. Ўтган асрнинг 80 йилларида Ғарб давлатларида кенг жамоатчилик орасида болалар ва ўсмирларнинг “мутолаа инқирози” масаласи қизғин муҳокамага айланган экан. Бунга сабаб мутолаага ниҳоятда кам вақт ажратилиши бўлган. Жумладан, ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш борасида Германияда телевидение, интернет хабарлари, тажоввузкор фильмлар етакчи ўринга чиқиб, газета ва китоб ўқиш иккинчи даражага тушиб қолгани сабаб, ҳар учинчи ўсмир функционал саводсизга айлангани аниқланган.

Францияда эса ҳар икки талабадан бири “Уч мушкетёр”нинг муаллифи кимлигини айтиб бера олмаган. Англияда ҳам ёшларнинг улғайган сари мутолаа даражаси пасайиши кузатилган…

 

Бу шунчаки фактлар эмас, балки айни ҳақиқатдир. Мутолаа маданиятининг пастлиги, китоб ўқишга бўлган қизиқишнинг йўқолиб бориши — бу миллат маънавиятининг таназзулидир. Ёшлигида 20-30 саҳифалик журнал ўқишга ҳафсала қилмаган ўқувчи эртага каттароқ ҳажм­даги китобни кўрганида юраги орқага тортиб кетади-да! Билим даражаси эса ҳаминқадар маълумотлар базаси билан тўлиб, оқибатда ўз соҳаси бўйича малакали кадр бўлиб етиша олмайди. Олий таълимда ҳам суст, хўжакўрсинга ўқиб диплом олади-ю бунинг жабрини яна давлат, миллат кўради…

 

Маълумотларга кўра, 1980 йилларда АҚШда функционал саводсизлик оқибатида давлат 237 миллиард доллар зарар кўрган экан. Юқоридаги каби салбий ҳолатлар бўлмаслиги учун нима қилиш керак, деган ҳақли савол туғилиши табиий. Бунда ўқувчи-ёшларда мутолаа маданиятини ривожлантириш зарурлигини вақтида англаб, ғарбликлар тўғри йўл тутишган. Хўш, биз-чи?..

 

Агар сиз айтгандек ҳамма ёппасига электрон нашрлар, сайтларга ўтиб кетса, газеталар ҳам фақат электрон шаклда чиқа бошласа, бизда ҳам хориждаги каби “мутолаа инқирози” рўй бермаслигига кафолат бера оласизми?

 

“Сочи борнинг сочи йўқ билан нима иши бор”, деганларидек, сиз бугун ёшларнинг етакчи раҳбари бўла туриб шундай десангиз, эртага бошқаси чиқиб, яна бирор салбий фикр билдирса, ўзбек матбуоти тақдири нима бўлади? Аслида, уни сақлаб қолиш, оёққа туришида сиз, ёш раҳбар сифатида, камарбаста бўлишингиз керак эмасми?!

 

Кўзга кўринган қайсидир қўшиқда айтиладиган “ўқишда, ишда ҳамиша илғор” ёшлар юртимизда кўп. Лекин юз минглаб шундай тенгдош­ларимиз ҳам борки, “Бобур ким бўлган?” десангиз ё Мирзо Улуғбек, Имом Термизий ҳақида сўрасангиз, лом-мим деса, кейин айтинг “Четга чиқиш керак, нимага чиқмаслик керак?!” деб. “Жасоратли” сўз айтиш осондир, лекин ҳамма четга чиқиб кетишининг иложи ҳам, кераги ҳам йўқ, бизнингча. Ўша четдагидан кам бўлмаган шарт-шароитни яратамиз, десангиз-чи!. Шунда Ўзбекис­тон ёшлари сиз билан камарбаста бўлишига шубҳа йўқ!

Ислом АСИЛБЕКОВ,
Ўзбекистон Журналистика ва оммавий
коммуникациялар
университети талабаси.

(“Hurriyat” газетасининг 2020 йил 16 сентябрь 32-сонидан олинди)