ҲАМДАРДЛИК

2020-09-16T07:33:21+00:0016 Sentabr, 2020|Умумий янгиликлар|

Ўзбек илм-фани, адабиёти оғир жудоликка учради.

Таниқли адабиётшунос олим, Давлат мукофоти лауреати, профессор, моҳир таржимон ва публицист, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, Ўзбекистон журналистлари ижодий уюшмаси аъзоси Асил Рашидов 90 ёшида вафот этди.

Асил Рашидов  Жиззахда дунёга келди. Суяги меҳнатда қотди. Илм йўлини танлади. Шу йўлда камолга эришди. “Ўзбек қиссаларида меҳнат тасвири”, “Леся Украинка”, “Сўнмас юлдузлар”, “Акам ҳақида”, “Эзгуликка бахшида умр”, “Чингиз Айтматовнинг бадиий олами” ва бошқа китоб ва монографиялари мана шу илмий изланишларнинг ёрқин самараси эди.

Аспирантурада ўқиб юрган кезларида унинг бадиий насрга, хусусан, Чингиз Айтматов ижодига меҳр-муҳаббатини пайқаган устози Зоҳиджон Обидов улуғ ёзувчи қиссаларини ўзбек тилига ўгириб, ўқувчиларимизни баҳраманд этишга ундайди. Бу таклиф аспирантга маъқул тушади. Сўнгра Чингиз Айтматов қаламига мансуб барча қиссаларни она тилимизга маҳорат билан ўгиради. Улар кетма-кет ва қайта-қайта нашр этилади. Айтиш жоизки, бугунги кунда ҳам мазкур асарлар ҳамон қизиқиш билан ўқилмоқда.

Буюк қирғиз адиби бу таржималардан хабардор ҳамда ўзбек китобхонлари барча халқлардан кўпроқ мутолаа қилаётганига амин эди. Ўзбек ўқувчиларининг адиб асарларига эҳтиром туйғуси пайдо бўлишида ажойиб таржимон Асил Рашидовнинг ҳам хизматлари беқиёс.

Асил Рашидов, шунингдек, хитой ёзувчиси Ма Финнинг “Хан Мей-Мей”, Тўхтапўлат Абдумўминовнинг «Севги ва умид”, Мирзабек Дуйсеновнинг “Имтиҳон” ва бошқа ёзувчилар асарларини ҳам ўзбек тилиган ўгирган. Таржимон машҳур рус адиби Александр Бекнинг уруш йиллари фожиасига бағишланган “Волокаламск йўлларида” романини тилимизга 1962 йилда таржима қилган.

Асил Рашидовнинг она тилимизга беқис муҳаббати унинг публицистик асарларида ҳам бутун бўй-басти билан намоён бўлди. Унинг халқона, тиниқ ва жозибали услуби  ўзбек журналистикасида она тилининг бой  ифода имкониятларини, гўзалигини янада кенгайтиришга самарали таъсир кўрсатди.

Устоз мураббий, йирик олим, атоқли мутаржим, маҳоратли адиб, таниқли публицист хотираси қалбларимизда узоқ яшайди.

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси ва  аъзолари  номидан   марҳумнинг оила аъзолари ҳамда яқинларига чуқур ҳамдардлик билдирамиз.

        Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси.