“…Ки сен ҳам ҳур туғулғонсен” (“Шаҳидлар хотираси” ҳиёбонидаги ўйлар)

2020-09-15T09:19:13+00:0015 Sentabr, 2020|Умумий янгиликлар|

Бир донишманд: “Дунёда энг гўзал инсон — озод инсондир”,-деган экан. Тарихдан маълумки, жамики жангу жадаллар халқнинг эркинлигини, мамлакат мустақиллигини тортиб олиш ёки асраб қолиш учун олиб борилган. Одамнинг ҳам, халқнинг ҳам қадру қиймати унинг нечоғлик озод экани билан ўлчанади.

Ривоят қилишларича, “Хун давлатининг асосчиси Мете хонга Татар хукумдори ҳужум қилиш учун баҳона излаб, унинг севикли отини беришини талаб қилади. Бу от шунчалик машҳур эди-ки, минг фарсаҳ йўлни қийналмай чопа оларди. Мете ватандошларини уруш мусибатига солмаслик учун отини татар хоқонига бериб юборади. Лекин татар хоқони бу билан тинчимайди. Кейинги сафар у Метенинг энг суюкли хотинини сўрайди. Беклар қурултойда уруш эълон қилинишини талаб қилсалар-да, Мете уларга “Мен Ватанимни ўз муҳаббатим ўғрисига алиштирмайман”, деб севгилисини ҳам душманларга жўнатиб юборади.

Орадан маълум вақт ўтиб татар хоқони Хун ўлкасининг ҳосилсиз, зироатсиз, ўрмонсиз, маъдансиз, аҳолисиз бир парча қисмини талаб қилади. Қурултойга тўпланганлар қаровсиз, фойдасиз ерни бериб юбориш мумкинлигини айтишади, аммо оқил, доно, ватанпарвар Мете: “Ватан бизнинг молимиз эмасдир, мозорда ётган оталаримизнинг, қиёматга қадар туғиладиган авлодларимизнинг бу ерда ҳаққи бордир. Ватандан бир қарич бўлсин ер бермакка ҳеч кимда ҳуқуқ йўқдир. Демак, уруш этажакмиз”,- дейди ва жангговор қўшини билан хужум қилади. Душманнинг очкўз ҳоқони эса ўз лашкари билан қўрқиб қочиб кетади. Шу тариқа Мете ватан тупроғини душмандан ҳимоя қилади, ғанимга она юртини топтатмайди”…

Ҳаққи рост, бу дунёда ватан озодлиги, ҳурлиги, порлоқ келажагиданда қадрлироқ неъмат бўлмайди. Ҳар гал пойтахтимиздаги “Шаҳидлар хотираси” ҳиёбонига борганимда шонли ўтмишимиз, тарихимиз, Ватанимиз озодлиги учун олиб борилган курашлар, аждодларимизнинг жасорат ва матонат сабоқлари кўз олдимда гавдалангандек бўлади.

Йигитликнинг ўт паллаларида тафаккур ва қалб ҳурлигининг ёрқин наъмуналарини яратган Қодирий, Чўлпон, Усмон Носир каби маърифатпарвар боболаримиз ҳам мана шу халқнинг эрки учун курашиб, шу йўлда мардларча жон беришган.

Абдулла Қодирийнинг 1926 йил, 16 июнь Самарқандда судда сўзлаган қуйидаги нутқидан ҳам англаб олсак бўладики, бу халқнинг озодлиги, ҳурлиги, келажаги, дориламон эртасини ўша даврларда кўпчилик қабул қила олишмаган.

“Сўзим охирида одил судлардан сўрайман: Гарчи мен турлик бўҳтон, шахсият ва сохталар билан, ҳам англашилмовчиликлар орқасида, иккинчи оқланмайдурғон бўлиб қораландим. Лоақал уларнинг, қораловчи қора кўзларнинг кўнгли учун бўлса ҳам, менга энг олий бўлғон жазони бера кўрингиз. Кўнглида шамси ғубороти, тескаричилик мақсади бўлмоғон содда, гўл, виждонлик йигитга бу қадар хўрликдан ўлим тансиқроқдир. Бир неча шахсларнинг орзусича, маънавий ўлим билан ўлдирилдим. Энди жисмоний ўлим менга қўрқинч эмасдир. Одил судлардан мен шуни кутаман ва шуни сўрайман.”

Ҳа, тарих шоҳид, кимларгадир бош эгиш аждодларимизга хос хислат эмас. Туғилиб ўсган тупроғингда душманга қарам бўлиб, ота-онадан, жигарларидан воз кечиб, “дахо” бўлиш, қўлга кишан кийиш “фахр” эмас. Бу заминнинг ҳар қарич ери, йилда тўрт фасли ўз вақтида алмашиб турадиган гўзал табиати, бешикларида момолари алла айтиб ўлғайтирган муқаддас тупроғи, қўёш янглиғ ширмой нонлар тобланган тандири-ю, қўлларида кетмон, белбоғида бир бурда нони билан авайлаб, серҳосил ер-боболардан қолган омонатни асраш, келажак авлодга бекаму кўст етказиш ҳам фарз, ҳам қарзимиз.

Зеро, атоқли шоир Чўлпон таъбири билан айтганидек: “Кишан кийма, бўйин эгма, Ки сен ҳам ҳур туғулғонсен”.

 

Ислом АСИЛБЕКОВ,

Ўзбекистон Журналистика ва

оммавий коммуникациялар университети талабаси,

Жаҳон Истеъдодлари Уюшмаси аъзоси.

 

(“Ҳуррият” газетасининг 2020 йил, 9 сентябрь, 31- сонидан олинди)