Саъдулла ҲАКИМ

2020-09-12T11:15:52+00:0012 Sentabr, 2020|Шеърлар|

МУҲАББАТ БИЛАН БУНЁД

 

КЎЗГУДАГИ  ҚИЗ

 

“Ким экан бу ой юзли,

Қадди расо, кун кўзли?

Тиниқ икки ёноғи –

Икки лола япроғи.

Лаблари-ку  гулғунча,

Қошлари бароқ бунча?

Қошлари бароқлиги –

Кўнгли унинг оқлиги.

Қиз бола қош термайди,

Гап-сўзга йўл бермайди.

Қиз боланинг либоси –

Ҳаёсию ибоси.

“Тўғрими?”,  деган эди,

У ҳам  “Тўғрими?” деди.

Яхши экан, шубҳасиз,

Ўша кўзгудаги қиз.

Муҳаббат боқди кулиб,

Сўнг ноз ила тикилиб,

Исмингизни биламан,

Девди, у ҳам шу билан,

Билишин баён этди,

Кимлигин аён этди.

Сўнг Муҳаббат дил ёна,

Деди: “Тингла,  дугона,

Кўрганимдан айтайин,

Юрагимдан айтайин”.

 

        ШАЖАРА

 

“Юнусобод даҳаси қадим,

Шу даҳада ўсиб-улғайдим.

Мустақиллик даври қизиман,

Эркин руҳнинг ёруғ юзиман.

Октябрнинг йигирма бири

Мен туғилган кун. Шундан бери

Юрагимда асло ўчмас из,

Тили узун бу мен ўша қиз.

Онам  –  дилда пок калимаси,

Адабиёт муаллимаси.

Қурувчилик  касбига ихлос

Қўйиб,  отам рўзғор боқар, рост.

Оқтепада  яшаган бобом

Ўсмир чоғи дўстлари билан

Шу жойларда қўй боқиб юрган,

Ўққа учган мардларни кўрган.

Отам асл тарихни билиб,

Улғаяркан фикри тўқ бўлиб.

Бобом “Тарих  ғам-дардга тўла,

Бир касб танла тарихдан бўлак,

Бир кун келиб биласан, деган,

Ке қўй, меъмор бўласан,  деган.

Тикка қолар қурганнинг иши,

Экса, қурса ўлмайди киши”.

У чоқларда тарихдан тўғри

Сўз очганнинг қуриган шўри.

Асли осмон олтин   мулкимиз –

Юлдузларга етган илкимиз.

Арабларга араб тилида

Дарс берганмиз ўсган элида.

Амриқони кашф этиб қўйиб,

Тарихга зарб этганмиз ўйиб.

Амир Темур  адолат учун,

Номардлардан олган халқ ўчин.

Руҳий қудрат,  ақл-ирода

Яроғдан ҳам кескир аслида.

Чўққинг бўлса,  юксакдан туриб,

Сўз айтмоғинг лозим қад кериб.

Кўтарилар бир куни туман,

Туширолмас ҳеч ким чўққидан.

Кимнинг бутун бўлса имони,

Сўз айтмоқнинг келар замони.

Дерлар, қизга отанинг ақли

Ва онанинг атвори ҳақли.

Мен энди фарзандлик ҳолима,

Бўлгайман тарихчи олима.

Кўзгудаги эй сен,  дугона,

Бизнинг замонадир замона”.

Шу жойда битди гап хонаси,

Чорлаб овоз берди онаси.

          ЙЎЛЛАР

 

Ҳаёт донғил йўлдан иборат,

Юртга сафар –  буюк ибодат.

Чумолилар сафи сингари,

Йўл етаклар мақсадлар сари,

Илм йўли – қор-қировли йўл,

Завол билмас, ор синовли йўл.

Барча йўллар Каъбага йўллар,

Ҳақ қошида тавбага йўллар.

Кўнгилга йўл бормаса етиб,

Унутилар буткул вақт ўтиб.

Ўз идрокинг нашъасида бўл,

Осон этар ҳар мушкулни йўл.

Энг улуғ йўл –  муҳаббат йўли,

Энг улуғ эл –  муҳаббат эли.

Битта йўлдан кетар ошиқлар,

Муродига етар ошиқлар.

Энг тўғри йўл  Ҳақ йўли, бироқ

Тинмай чалар боқий қўнғироқ.

Ҳақ йўлидан адашган қанча,

Ўз йўлин ҳақ аташган қанча.

Гоҳ тубанга бошлагувчи –  йўл,

Инсон кўзин ёшлагувчи –  йўл.

То қачонки йўллар бирлашар, –

Қучоқ очиб эллар бирлашар.

Йўл очганни Тангри ҳам қўллар.

Азиз билиб шафоат йўллар.

Йўл қурганнинг ўчмайди номи,

Сўнмас асло эл эҳтироми.

 

* * *

Ким тутгай сиёсат йўлини маҳкам,

Тутар йўриғида бошқаларни ҳам.

Ким фақат манфаат йўлини ушлар,

Нонни бошқалардан  каттароқ тишлар.

Ким манглай терини тўкажак йўлга,

Ким ўша ўлжани киритгай қўлга.

Ким очар элига ҳар қадамда йўл,

Эл тутар ҳар лаҳза саодатга қўл.

 

   ДОНИШ  КЎЧА

 

Шом қуйилган лаҳзаларда

Аҳмад Дониш кўчаси,

Дуру гавҳар сочилгандай

Порлаб кетар кечаси.

 

Уйларининг деразаси

Катта йўлга  қараган.

Йўл ёқаси икки томон

Кўм-кўк арча, қарағай.

 

Авваллари йўл ўртаси

Сийрак дарахт, икки ёқ,

Мошин йўли эди бир нав,

Пасту баланд, нобопроқ.

 

“– Қаранг, – деди деразага

Яқин келиб Муҳаббат, –

Кўз қувнайди, яйрайди дил,

Қиёси йўқ.  Маҳобат!”

 

Ота-она, қиз уччовлон

Ҳавас билан боқдилар.

Юракларга солиб олов,

Гурунгга ўт ёқдилар:

 

 – Бамисоли қора дарё,

Ёйиқ, олти тасмали.

Нур сочилиб ётар ҳар ён,

Ҳовуч-ҳовуч  дур, лаъли.

 

Кўнглинг тусаб,  эртаю кеч

Кезар бўлсанг пиёда,

Ҳориш нима, билмассан ҳеч,

Завқинг бўлар зиёда.

 – Ота,  қаранг, катта йўлнинг

Ҳар икки ён бўлаги –

Алоҳида,  бошдан-охир

Валасапид йўлаги.

 

Ойи, не иш буюрсангиз,

Ҳаммасига кўнаман.

Қўшни қизлар билан мен ҳам

Валасапид минаман.

 

 – Айланайин, болажоним,

Розиман ҳар ишингдан,

Доим замон олдида бўл,

Қолма тенгу тўшингдан.

 

Шундай дея лабларидан

Дуру гавҳар сочдилар.

Сўнг чароғон кўнгил ила

Дуога қўл очдилар:

 

– Меҳринг ортар кўрган сари,

Эл обод, юрт боғ бўлсин.

Қўли теккан борки, бари

Омон бўлсин, соғ бўлсин!

 

        ХАЛҚ  РОЗИ,

        ХУДО  РОЗИ

 

Эрур сен шоҳ, агар огоҳ сен-сен,

Агар огоҳ сен-сен, шоҳ сен-сен.

Улуғ Навоийдан мерос ушбу дур,

Неча асрларни  зийнатлаб келур.

Халқ ҳолидан кимки хабардор эмас,

Халқ ҳам уни асло сардорим демас.

Бу кун янгичадир тошу тарози:

Халқни рози қилсанг, Худо ҳам рози.

Эл кўнглин эшиги Каъбадай очиқ,

Кўнгилга кўнгилдан бўлурлар ошиқ.

Ошиқ бўлиб борган иззатин билур,

Дастёри бўлиб эл хизматин қилур.

Кундан-кун шавкати ошгани ростдир,

Ғаддор ғанимлари шошгани ростдир.

Кўр бўлса кўр кўзнинг кўнгил кўзи ҳам,

Дунёда йўқ бунча  оғир ўзи  ғам.

Энди муддаога тезроқ қайтайин,

Саъдий Шерозийдан бир сўз айтайин:

“Лочинни қарға деб тирғалса зинҳор,

Ўзида айб эмас, кўзида айб бор”.

Қўявер, нодонлар билмаса-билмас,

Юз хачир йиғилиб, битта от бўлмас.

Шу асно  “Ахборот” бонгини чалди,

Оила кўз тикиб,  жам бўлиб олди.

Бирга ҳамроҳ этиб қурган нечани,

Юртбоши айланиб янги кўчани,

Қўли кўксидаю юзда табассум,

Шаҳар аҳли сари юзланди бир зум.

Сўнг йўл олди метро “Туркистон” сари,

Туркистон… муқаддас тарих дафтари.

 

      ҲАЁТ  САБОҚЛАРИ

 

Ҳаёт порлоқ, гўзал, улуғвор,

Халқ ичида эркин руҳ кезар.

Аммо аччиқ сабоқлари бор,

Гоҳ бағрингни дард бўлиб эзар.

 

Нима учун, билмас Муҳаббат,

Айтмайдию  ич-ичдан,  бироқ

Онасидан кўра ҳамиша

Отасини кўрар яхшироқ.

 

Тўғри, бундан ўн йиллар аввал

Бир жанжалли бинони қуриб,

Айбсиз айбдор бўлиб,  отаси

Беш-олти йил чиқди ўтириб.

 

Пулни тахлаб бор бўйи қадар,

Туширдилар суратга  ҳатто.

Ризқимизни қийганлар шулар,

Дея шов-шув қилдилар катта.

Сўнг адолат офтоби тушиб,

Ишлар қайта кўриб ёқланди.

Бошқаларнинг бу экан иши,

Элга қайтди, номи оқланди.

Отасининг у танти зотга

Шундан буён ҳурмати баланд.

Қайтди яна жўшқин ҳаётга,

Бино қурар зўр шиддат билан.

Ҳасад билан яшамоқ  оғир,

Ҳасад бўғар ҳамма нарсани.

Отаси шу кишига дохил,

Айтиб берган бир ҳодисани.

У маҳаллар навқирон сумбат,

Қоп-қора соч, анча ёш бўлган.

Чақмоқ кўзли, қарчиғай келбат,

Бир туманга унда бош бўлган.

Шу манзилда  мунажжим  олим,

Ҳайкали қад кўтармиш шоён.

Бир кун ўтиб,  бўлар маросим,

Юксак зотлар ташрифи аён.

Оқ матодан тоза ёпинчиқ,

Ёпдилару ҳайкал устига.

Кўнгиллари хотиржам, тинчиб,

Кетдилар уй-уйига ҳамма.

Ярим тунда уйқуни бузиб,

Жиринглади телефон носоз.

“Ҳайкалингни бориб кўр туриб,

Сени кутар бошсиз чавандоз”.

Ва янгради совуқ  қаҳқаҳа,

Бу иблиснинг жунбуши эди.

Юрагини ўртади заха,

Ҳайҳот, нима қилади энди?

Етиб келди отилиб ўқдай,

Ёпинчиқни кўтарди шошиб.

“Танаси”дан узилган эди,

Улуғ зотнинг табаррук боши.

Тун чодирин йиғар ҳадемай,

Уйғонади шаҳар ҳам, ахир.

Ким бўлди бу иблисга малай,

Бу не ўйин?  Бу қандай макр?

Узилган бош сингари нохуш,

Қуёш чиқиб келар қизариб.

Маросимга йиғилар  улус,

Бир нечаси турар бўзариб:

“Ҳали-замон тушар ёпинчиқ,

Хандон урмоқ фурсати етар.

Бир каллани асрай олмаган

Қанчасининг калласи кетар.”

Улуғ сўзлар янгради манзур,

Ва очилди ҳайкалнинг юзи.

Турар эди қад кериб мағрур,

Ёруғ юзли мунажжим ўзи.

Шу тариқа, соатдай ишлаб,

Юксак ақл  чиқди музаффар.

Ҳасадгўйлар қолди мум тишлаб,

Теран зеҳн олдида заъфар.

Асли, шаҳар бир чеккасида

Бошқа буюк сиймо ҳайкали

Қолган эди тўзиб-эскириб,

Янгилашнинг келганди гали.

Ўша ҳолат бўлдию сабаб,

Хижолатдан бўлдилар халос.

Буюкларнинг бошлари, ажаб,

Бир-бирига келар экан мос.

Бронзадан қуйилиб ҳайкал,

Кейин бари тушди жойига.

Эл қадами узилмас, алҳол,

Гул қўйгали ҳайкал пойига.

Шуни айтиб,  отаси доим

Дуо қилиб сўрар Ўзидан:

Ҳар бандани асра,  илойим,

Ёмонларнинг гапу сўзидан!”

Шу аснода қўл телефони

Жиринглади. Муҳаббат шу чоқ

“Бунёд” деган ёзувни кўриб,

Хонасига йўл олди қувноқ.

   КЎЗГУДАГИ  ЙИГИТ

 

Ажаб замон,  ёшлар бу кун

Имо қилур imoдан.

Бир-бирига йўллар хабар,

Ҳимо қилур imoдан.

 

Кўриб турар бир-бирини

Ўтиргандай ёнма-ён.

Қўриб турар бир-бирини,

Инсу жинсдан соғ-омон.

 

Бизнинг ёшлик замонларда

Юз кўришмоқ қайдайди.

Бориб қолсанг акалари

Ёв қувгандек ҳайдайди.

 

Жавобини олмасак ҳам

Хат ёздик деб маст эдик.

Техник-пехник масалада

Булардан кўп паст эдик.

 

Лекин, рости, соғинчимиз

Айтмасак ҳам ботиниб,

Кўксимиздан нақ вулқондай

Чиқар эди отилиб.

 

Хуллас,  Бунёд деганимиз

Ёш журналистнинг бири.

“ЎзАС” деган газетанинг

Чаққонгина мухбири.

 

Суҳбат қуриб бир-икки бор,

Муҳаббатдан сўз олган.

Қатнайвериб  такрор-такрор,

Кўнглига ҳам йўл солган.

 

Асли ўзи Жиззах тараф,

Ё Фориш, ё Зоминдан.

Елкаси кенг,  бургут шараф,

Хуллас, тоғли заминдан.

 

У дедики, шаҳримизга

Медиа-тур бўлармиш.

Казо-казо журналистлар

Ясов тортиб келармиш.

 

Мен-ку кезиб чиқдим кеча

Бошдан-охир. Ғаройиб.

Кезгинг келар кезсанг неча,

Қайда бундоқ шароит.

 

Муҳаббат ҳам келса, жуда

Ажойиб иш бўларди.

Ер устининг метросида

Сайр қилиб келарди.

 

Аҳд этдилар,  Бунёд туташ

Қошларини чимириб,

Қилди ажиб бургут қараш,

Ўз ишидан семириб.

 

 

   УЧҚУР  ТУЛПОР  АВЛОДИ

 

Эртанги ажойиб тадбирни ўйлаб,

Бунёднинг кўзига келмади уйқу.

…Ёнида Муҳаббат, қўлида қалам,

Нечоғли бахтиёр йигит, ахир, у.

 

Эртакка ўхшайди чиндан бу ҳаёт,

Шўнғиб ер остига, чиқасан бирдан.

Айт-чи, сенинг нима каминг бор,  Бунёд,

Шонли боболаринг авлиё-пирдан.

 

Шошилиб яшаган одамзод доим,

Ўзига ҳамиша излаган ҳамроҳ.

Гоҳ “Учар гилам”да кезган дунёни,

Шамолни шошириб  от чоптирган гоҳ.

 

Муҳаммад Мустафо Буроқни миниб,

Кўз юмиб очгунча меърожга чиқмиш.

Кўрсатур тафаккур сеҳр-кучини,

Бугун самолётлар қилаётган иш.

 

Ва лекин ер усти метроси менга,

Бойчибор, Ғиротни эслатар кўпроқ.

Баланддан боқасан ён-атрофингга,

Оёғинг остида юксалгандай тоғ.

 

Қадимда қалъани қуршаган дарё,

Гул берган шаҳарга, элга сув тутган.

Ер усти метроси, наздимда,  гўё

Ўшал дарёлардай керакдир юртга.

 

Дейдилар, Сеулда, Дубайда  шундоқ

Иншоот бор эмиш, Нур-султонда ҳам.

Фикрни жам этиб ўйлайлик бундоқ,

“Бизники!” деган сўз қандай муҳташам.

 

Халқни ризо этмак чин моҳияти,

Энг буюк саховат она халққа бу.

Бу – давлат қудрати, юрт салоҳияти,

Пойтахтни безаган олтин ҳалқа бу!

 

           ХОТИМА

 

Бир қарасам, ер устида кезгандайман,

Бир қарасам, кўкда парвоз этгандайман.

Ер устида метросин ҳам кўрдик, шукр,

Барча эзгу муродимга етгандайман!

2020 йил 5-6 сентябрь