Навоий вилоятида истеъмолчиларни энг кўп қийнаётган масалалар нима?

2020-09-11T09:07:59+00:0011 Sentabr, 2020|Навоий вил.|

Маълумки, ҳар бир шахс истеъмолчи. Бозор муносабатлари тобора чуқурлашиб бораётган бугунги ҳаётимизда табиий равишда бозор ва истеъмолчи ўртасидаги муносабатлар ҳам кўпайиб бормоқда. Бу ўз навбатида мазкур соҳада юзага келадиган масалаларни самарали ҳал этишда дунё тажрибаси асосида давр талабига мос механизмларни ишлаб чиқишни тақозо этади.

Ўзбекистонда 1996 йилнинг 26 апрелида «Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонун қабул қилинган. Мазкур ҳужжат истеъмолчи билан савдо, иш ва хизмат кўрсатувчилар ўртасидаги ўзаро муносабатларни тартибга солишда асосий мезон ҳисобланади. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 11 сентябрда қабул қилинган “Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий ва институционал тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони асосида вилоятларда Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлигининг ҳудудий  бошқармалари ташкил этилди.

Навоий вилоятида ҳам худди шундай тузилма ташкил этилиб, мазкур ташкилот фаолиятига роппа-роса бир йил тўлди. Хўш, бу даврда вилоятда истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида қандай ишлар амалга оширилди?

Худди шу каби бир қатор саволлар юзасидан ҳудудий бошқарма томонидан журналист ва блогерлар учун матбуот анжумани ташкил этилиб, тадбирда олиб борилаётган ишлар юзасидан батафсил маълумотлар тақдим этилди. Вилоят ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармаси ҳамда Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси вилоят бўлими ҳамкорлигида ўтказилган анжуманда бошқарма бошлиғи Валижон Адизов журналистларга ташкилот фаолияти юзасидан бир қатор маълумотларни тақдим қилди.

Йил бошидан буён бошқармага савдо, хизмат кўрсатиш, коммунал, транспорт ва реклама соҳаларига оид 257 та мурожаат келиб тушди. Шундан 235 таси ижобий ҳал этилди, 22 тасига тегишли тартибда тушунтириш берилган. Истеъмолчилар фойдасига  жами 315,1 миллион сўм миқдордаги маблағлар қайта ҳисоб-китоб қилиб берилди. Келиб тушаётган мурожаатларнинг асосий қисми сифатсиз маҳсулот ва коммунал соҳадаги камчиликлар билан боғлиқ.

­– Истеъмолчилардан муржаатлар келиб тушишини кутиб турмасдан, ижтимоий тармоқларда тарқатилаётган муаммоли ҳолатлар бўйича ҳам доимий равишда ишни ташкил қилмоқдамиз, ­– дейди бошқарма бошлиғи В.Адизов. ­– Бунда ижтимоий тармоқда жойлаштирилган муаммо юзасидан зудлик билан тегишли хизмат кўрсатувчи ёки ваколатли ташкилот мутахассисларини жалб қилган ҳолда муаммони бартараф этиш чоралари кўриляпти. Яқинда вилоятимиз ҳудудидаги ташқи реклама воситаларининнг қонунчиликка нечоғли мослиги ҳам ўрганилди. Натижада жами 440 та ташқи реклама воситалари борлиги аниқланиб, ноқонуний ўрнатилган 146 та ташқи реклама воситалари олиб ташланди ҳамда 258 та реклама паннолари қонунчиликка мувофиқлаштирилди. Худди шу каби жараёнлар давом этмоқда.

Анжуманда бошқарма томонидан фуқароларнинг истеъмолчи ҳуқуқлари борасидаги ахборотлардан хабардорлигини ошириш борасида амалга оширилаётган ишлар хусусида ҳам сўз борди. Бу борада вилоятдаги мавжуд бозорлар ва савдо мажмуаларида «Истеъмолчи бурчаги» ташкил этилиб, уларда «Таклиф ва шикоятлар дафтари», лицензия нусхаси, хизматлар прейскуранти, лозим бўлган ҳолларда истеъмолчилар қайси ташкилотларга шикоятлар билан мурожаат қилишлари мумкинлиги тўғрисидаги маълумотлар қулай ва кўзга ташланадиган жойларга жойлаштирилган. «Истеъмолчи бурчаги»нинг ташкил этилиши ўзида истеъмолчилар оворагарчиликларининг олдини олиш билан бир қаторда тадбиркорларнинг уларга нисбатан ҳурмат ва яхши муносабатини, тадбиркорлик фаолиятининг шаффофлигини таъминлашда вазифа ва бурчларини қонун доирасида бажарилишини таъминлаш мақсадини ҳам ифодалайди.

– Яқинда вилоятдаги  35 та қурилиш ташкилоти ва фуқаролар ўртасида тузилган шартномаларни ҳам мазмунан кўриб чиқдик, –дейди бошқарма бўлим бошлиғи Бекзод Бобоназаров. – Шу нарса кузатилдики, юридик корхоналар мазкур шартномаларни истеъмолчилар эмас, кўпроқ ўз фойдаларини кўзлаб тузишган. Ҳужжатларда истеъмолчилар учун тўлов кечиктирилганда пенялар ҳисоблаш банди бор, аммо уй-жой қурилиши кечиктирилганда зарарни қоплаш қурувчи бўйнига қўйилмаган. Шу каби ҳолатлар юзасидан истеъмолчи ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасидаги қонунчилик талаблари бузилаётгани юзасидан тадбиркорларга тушунтиришлар берилди. Бундан ташқари, вилоятдаги кўпқаватли уйларда лифтларнинг бор-йўқлиги, ишлаш-ишламаслиги ҳолати  ҳам ўрганилиб, аниқланган бир қатор камчиликлар юзасидан тегишли идораларга мурожаатлар йўлладик.

Очиқ мулоқот давомида бошқарма масъулларига журналистлар томонидан бир қатор саволлар ўртага ташланиб, аниқ жавоблар олинди. Анжуман якунида бошқарма ва ОАВходимлари ҳамкорлигини кучайтиришга келишиб олинди.

Озод МУСТАФОЕВ,

ЎзЖИУ Навоий вилояти

бўлими мутахассиси.