Жиззахда “Энг улуғ, энг азиз” Республика танловининг вилоят босқичи бўлиб ўтди

2020-09-10T12:21:27+00:0010 Sentabr, 2020|Жиззах вил.|

Жиззах шаҳридаги Ёшлар инновацион марказида “Энг улуғ, энг азиз” республика кўрик-танловининг вилоят босқичи ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

Мазкур кўрик танловда вилоят хокимлиги, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги, Журналистлар, Ёзувчилар, ва Тасвирий ойина ижодий уюшмалари, Оммавий ахборот воситалари, Ўзбеккино миллий агентлиги ҳодимлари иштирок этди.

Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг йигирма тўққиз йиллиги муносабати билан ўтказилган бу йилги танлов “Сен – қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним!” шиори остида ташкил этилди. Тадбирда сўз олганлар пандемия шароитида ҳам мазкур анъанавий танловга жиззахлик шоир ва ёзувчилар, журналистлар, кино ижодкорлари, рассом, дизайнер ва фотографларнинг 200 га яқин ижодий ишлари қабул қилиниб, муносиб баҳоланганини таъкидлашди.

Ижодий ишлар ҳакамлар ҳайъати томонидан кўриб чиқилиб, “Ёзувчи ва шоирларнинг энг яхши бадиий асарлари” йўналиши бўйича ёзувчи Исоқ Исмоил, “Босма ОАВ ходимларининг журналистик ишлари” йўналишида “Жиззах Овози” газетаси бош муҳаррири Асад Мустафоев, “Оммавий ахборот воситаси сифатида рўйхатга олинган веб-сайтлардаги интернет-журналистика материаллари” йўналиши бўйича Sangzor.uz веб-сайти бош муҳаррири Ҳакимжон Фозилов, “Телевидение ва радио ижодкорларининг материаллари” йўналишида Жиззах вилоят телерадиокомпанияси бўлим бошлиғи Жамолиддин Нуриллаев, “Тасвирий санъат, фото асарлари ва дизайн ишлари” йўналиши бўйича рассом Азиз Каримов, “Кино санъати асарлари” йўналишида режиссёр Жўра Исроиловлар ғолиб деб топилди.

Ғолибларга ташкилий қўмита томонидан диплом,  эсдалик совғалари ва пул мукофотлари топширилди. Танлов ғолиблари Республика босқичида иштирок этиш йўлланмасига эга бўлишди.

Дилшод Жўраев.

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси

Жиззах вилоят бўлими мутахассиси