Ҳамдардлик

2020-09-09T13:05:33+00:009 Sentabr, 2020|Умумий янгиликлар|

Таниқли давлат ва жамоат арбоби, Қорақалпоғистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирининг ўринбосари, Олий Мажлис Сенати аъзоси, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси аъзоси, Қорақалпоғистонда хизмат кўрсатган журналист  Шарап Уснатдинов вафот этди.

 

       Шарап Уснатдиновнинг кўп йиллик  ибратли ижодий ва ижтимоий фаолияти ёш ўзбек ижодкорлари учун ҳам чинакам маънода  мактаб бўлган эди.

      Шарап оғанинг бетакрор бадиий-публицистик мақолалари, ҳикоялари, эсселари ва романлари ҳали сиёҳи қуримасдан ўзбек тилига таржима қилинар, матбаа нашрларида чоп этилар ва адабий жамоатчиликнинг юксак эътирофига сазовар бўлар эди.

       Унинг ўзбек ва қорақалпоқ халқлари журналистикаси, адабиёти ва маънавияти ривожи йўлидаги хизматлари давлатимиз томонидан муносиб тақдирланиб, “Эл-юрт ҳурмати” ордени, “Қорақалпоғистон халқ ёзувчиси”, “Қорақалпоғистонда хизмат кўрсатган журналист” фахрий унвонлари билан мукофотланган эди.    

        Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси ва  мамлакатимиз журналистлари номидан атоқли жамоат арбоби, таниқли журналист ва адиб Шарап Уснатдиновнинг оила аъзолари, дўсти биродарлари ва яқинларига, қорақалпоғистонлик ижодкорларга  ҳамдардлик билдирамиз ва сабр-бардош тилаймиз. 

        Аллоҳ раҳматига  олсин, охирати обод  бўлсин.