Фахрий журналистлар эътиборда

2020-09-09T09:17:01+00:009 Sentabr, 2020|Умумий янгиликлар|

Фахрий журналистларнинг кўп йиллик соҳадаги тажрибасини оммалаштириш, улар орқали журналистиканинг долзарб синоатларини ёш журналистларга етказиш бугунги глобаллашув жараёнида, айниқса, ахборот асрида жуда муҳим ҳисобланади. Шунингдек, устоз-шогирд анъаналарини давом эттириш Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси фаолиятининг устувор йўналишларидан биридир. Зеро, умрининг қайноқ дамларини, қалб қўрини ўзбек журналистикасига бахшида этган устозларимиз ҳамиша эъзозда.

Кеча, 8-сентябрь — “Халқаро журналистлар бирдамлиги куни” муносабати билан Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмасига фахрий журналистлар Фарида Абдураҳимова, Аъло Ходжаев, Раҳим Султоновлар ташриф буюришди. Уюшма раиси Саъдулла Ҳакимов бошчилигида ўтказилган тадбирда сўнгги йилларда мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, журналистларга қаратилаётган эътибор, энг асосийси, Мус- тақиллигимизнинг 29 йиллик айёмидаги Президентимиз нутқларидан келиб чиқиб, келгусида амалга ошириладиган ишлар режалаштирилди.

— Сизлар ўзбек журналистикасида кўп йиллар ҳалол меҳнат қилиб, юзлаб шогирдларни тайёрлагансизлар, қалами ўткир, сўзи қайноқ, журналистнинг касб этикаси борасида тажрибаларингиз ҳам етарли. Уюшмамиз қошида Абдураҳимова, Ходжаев, Султоновлар маҳорат мактабини ташкил этсак, сизлар бош-қош бўлсангиз, биз мамнун бўлардик, — деди Уюшма раиси С.Ҳакимов.

Таклиф устозларга маъқул келди. Уюшма қошида ташкил этилган “Фахрий журналистлар кенгаши” йўналишида “Ёш журналистлар” маҳорат мактаби фаолияти йўлга қўйиладиган бўлди.

— Фаолиятим давомида газета таҳририятларида, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси ва унинг Тошкент шаҳар бўлимида масъул вазифаларда ишладим. Аммо ижоддан тўхтаб қолмадим.

Бугунги кунда, айниқса, журналист қизларнинг жамиятда муносиб ўрин топишида ҳаракат қилишимиз керак. Албатта, тажрибаларимиз билан ёшларга қандайдир кўмак беролсак, биз ҳам ўйлаган орзумизга етган бўлардик, — деди Фарида Абдураҳимова.

Тадбир сўнггида устоз-журналистларга Уюшманинг фахрий ёрлиқлари ҳамда совға-саломлари топширилди.

Ислом АСИЛБЕКОВ,

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси мутахассиси.