ЎзЖОКУда ижодий имтиҳонлар ўтказилмоқда

2020-09-08T08:49:26+00:008 Sentabr, 2020|Умумий янгиликлар|

Янги ўқув йили учун тест синовлари ва ижодий имтиҳонлар 2 сентябрдан старт олган эди. Бугун Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университетининг Медиадизайн йўналиши учун ижодий имтиҳонлар ўтказилмоқда.

Ижодий имтиҳон учун барча шарт-шароитлар кўрилган бўлиб шаффоф ўтишини таъминлаш учун кузатув камералари ўрнатилган. Ижодий имтиҳонни кузатиш учун 10 дан ортиқ ОАВ ҳам иштирок этмоқда.

Интернет журналистикаси факультети декани Акбар Элмуродовнинг айтишича, Медиадизайн йўналишига жами 109 нафар абитуриент ҳужжат топширган бўлиб ижодий имтиҳонга улардан 98 нафари иштирок этаяпти. 11 нафар абитуриент эса номаълум сабабларга кўра келмаган.

Абитуриентлар ижодий имтиҳоннинг биринчи босқичида эссе ёзишади, иккинчи босқичида компьютерда махсус дастурлар орқали медиамаҳсулот тайёрлаб беришади.

Имтиҳонлар ЎзЖОКУ ҳовлисида ташкил қилинган. Ҳар бир абитуриент дезинфекцион тунеллардан ўтказилиб, ҳарорати ўлчанган ҳолда ва тиббий ниқоб ҳамда қўлқоплар билан таъминланиб киритилди. Ҳарорати кўтарилган абитуриент аниқланмади, дейди факультет декани.

– Абитуриентлар учун барча шароитлар яратилган, куннинг иссиғида қолмадик, табиат қўйнида соя жойларда эссени ёздик. ОАВ вакиллари ижодий имтиҳонни эркин кузатишлари эса шаффофликни янада таъминлайди деб ўйлайман. Ўзимга ишончим бор, насиб қилса ЎзЖОКУ талабасига айланаман, – дейди абитуриентлардан бири Азимжон Эсонбеков.

Ижодий имтиҳоннинг иккинчи босқичи соат куннинг иккинчи ярмида бошланади. Барча абитуриентларга улкан омад ва зафарлар тилаб қоламиз.

Нозимжон МАРДОНОВ

 ЎзА