Ҳайрат чегара билмайди

2020-09-03T06:33:15+00:003 Sentabr, 2020|Умумий янгиликлар|

Мамлакатимиз Мустақиллигининг 29 йиллик байрами арафасида пойтахтимиз  Тошкентда қатор бунёдкорлик иншоотлари фойдаланишга топширилди. Таърифга — сўз ожиз!

Мамлакатимизда фаолият юритаётган марказий оммавий ахборот воситалари, телерадио, интернет нашрлари вакиллари, таниқли олимлар ва ижодкорлар иштирокда пресс-тур ташкил этилди. Ижодкорлар Ватанимиз пойтахти Тошкентда мустақиллигимизнинг қўлга киритилганига 29 йил тўлиши муносабати билан янги барпо этилган иншоотлар билан яқиндан танишдилар.

Маълумки, ушбу улуғ сана арафасида Президентимиз Шавкат Мирзиёев Юнусобод метро йўналишининг, миллий меъморчилик услубида қуриб битказилган янги бекатларида бўлди. Ишга туширилиш жараёнлари билан танишган эди.

Ушбу метро йўналишининг иккинчи босқичи қурилиши Президентнинг 2016 йил 7 ноябрдаги қарорига мувофиқ бошланганди. Шавкат Мирзиёев бу ерга бир неча бор келиб, ишнинг бориши билан танишиб борди.

Лойиҳанинг умумий қиймати 103,8 миллион доллар бўлиб, қарийб 3 километр метро йўли ҳамда “Юнусобод” ва “Туркистон” бекатлари барпо этилди.

Бу транспорт тармоғи иқтисодиёт ва экология жиҳатидан улкан аҳамиятга эга. Хусусан, мазкур икки бекат орқали кунига 7,5 минг йўловчига хизмат кўрсатилади. Натижада автобуслар йўналиши оптималлашиб, автомобиллар тирбандлиги камаяди. Йилига 5,3 минг тонна зарарли газ атмосферага чиқишининг олди олинади.

Шу куни пойтахтимизда ер усти метросининг дастлабки 11,5 километрли қисми ишга тушди. Бошқача айтганда, пойтахт аҳли ва маҳаллий ҳамда хорижлик меҳмонларга эстакада усулида бунёд этилган илк ер усти метроси орқали хизмат кўрсатиш бошланди.

Ушбу метро поездлари қатновининг биринчи куни бўлишига қарамай, очилиш маросимидан хабар топган халқимиз янги йўналиш станциялари сари оқиб кела бош­лашди. Ер усти метро бекатларидаги йўловчиларнинг гавжумлиги эътиборни тортади.

Албатта, бу гавжумлик мазкур метро линияси  давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ўз вақтида бунёд этилгани, унга катта эҳтиёж ва зарурат мавжуд экани, унинг  очилиши  интиқлик билан кутилганидан дарак беради.

Ер усти метросининг  “Дўстлик-2” бекати. Бекат ўзига хос дизайнда барпо этилганлиги билан алоҳида таассурот қолдиради. Ушбу станцияда йўловчиларнинг поезд кутиши, вагонларга чиқишига ҳамда бу ердан ер ости мет­росининг бошқа йўналишига ўтишда барча қулайликлар яратилган. Сўнгги илғор технологиялар, рақамли қурилмалар, хусусан, замонавий эскалатор ва турникетлар билан жиҳозланган бекатда ҳам айни кунда, карантин талабларига қатъий амал қилинаётганига гувоҳ бўлдик.

Пресс-тур иштирокчилари ер усти поездида “Дўстлик-2” бекатидан “Қўйлиқ” стан­цияси сари йўл олишди. Очиғи, метронинг янги йўналиш поездида унинг биринчи йўловчиларидан бўлиш шукуҳи барчамизда акс этиб турди. “Ҳаво кемаси”дек сокин ҳаракатланаётган вагонда яратилган шароитларга ҳавас қилса арзийди. Вагон деразасидан ён-атроф манзарасини томоша қилар эканмиз, кейинги йилларда пойтахтимизнинг Яшнобод тумани ҳудудида амалга оширилган ободончилик, бунёдкорлик ишлари, бир-биридан гўзал иморатларни кўриб, руҳан кўтаринки кайфият, ўзгача завқ туяди киши.

“Дўстлик-2 – Қўйлиқ” йўналиши фойдаланишга топширилиши ҳисобига 225 янги иш ўрни яратилди. Ушбу йўналиш кунига 46 минг йўловчига хизмат кўрсатиш имкониятига эга.

Биз чиққан поезд бири иккинчисига ўхшамайдиган, бетакрор бекатларда ҳеч бир силкинишсиз, шовқинсиз тўхтарди, йўловчилар тушиб-чиқмоқда. Уларнинг юз-кўзида, чеҳрасида яратилган, яратилаётган қулайлик ва имкониятларга шукроналик ҳисси барқ уради. Уларнинг дадил ва шаҳдам одимлашида ҳаётдан розилик ҳисси акс этади.

Навбатдаги бекатдан чиққан бир йўловчи менга яқинроқдаги бўш жойга келиб ўтирди, секин уни суҳбатга тортдим. Ҳамида Исмоилова, дея ўзини таништирган бу аёл Яшнобод туманининг “Авиасозлар-1” массивида истиқомат қилар экан.

— Кеча Президентимиз иштирокида ушбу йўналишдаги ер усти метроси очилишига бағиш­ланган кўрсатувни телевизорда кўриб, рости, хурсанд бўлдим. Шу пайтнинг ўзида эртага унга тушиб, “Қўйлиқ деҳқон бозори”га боришни режа қилдим, — дейди у. — Аслида мақсадим бозор-ўчар қилиш эмас, унутилмас лаҳзалардан биринчилардан бўлиб баҳраманд бўлиш эди. Ишонасизми-йўқми, ростини айтаяпман.

Қалбим фахр-ифтихорга тўлди. Одамларга ҳар жиҳатдан қулайлик яратаётган, ушбу ер усти метроси қурилишига бош-қош бўлаётган давлатимиз раҳбаридан мингдан минг розимиз.

Суҳбатимизга Ҳамида Исмоилова билан бир массивда яшовчи Салоҳиддин Махсимов қўшилди.

— Неча йиллардан бери уйга бозор-ўчарни “Қўйлиқ деҳқон бозори”дан қиламиз, ҳозир ҳам рўзғор учун зарур маҳсулотлар харид қилгани бозорга бораяпман. Шинам, қулай, тезюрар ушбу метро вагонида ўзимни эркин, худди учиб кетаётгандек ҳис қилаяпман.

Биласизми, шу кунгача бозорга автобусда келардим. Тиқилинч, ур-сур ва бошқа турли нохуш вазиятлар туфайли йўлга кўп вақтим кетарди. Уйга ҳориб-чарчаб қайтардим. Энди бундай ноқулайликлардан қутулибмиз, Худога шукр. Қаранг, бир марталик тўлов билан шаҳарнинг исталган жойига етиб олиш имкониятимиз бор. Айтинг-чи, бундан қувонмай, шук­рона келтирмай, энг муҳими, аҳоли учун шундай қулайликларни амалга ошираётганларга раҳмат айтмай бўладими? Бунёдкорларга ҳам минг раҳмат!

Орадан 20 дақиқа ўтар-ўтмас “Қўйлиқ” метро бекатига етиб бордик. Йўловчилар алмашди, биз, медиа-тур иштирокчилари бу ерда яратилган шароитлар билан танишиб, “Дўстлик-2” станциясига қайтдик. Шу куни, тадбир доирасида, Президентимиз ташриф буюрган Юнус­обод метро йўналишининг ишга туширилган яна икки бекати — Аҳмад Дониш ва Фарғона йўли кўчаларида амалга оширилган қурилиш ва ободончилик, йўлсозлик ишлари, “Ассалом соҳил” кўп  қаватли турар-жой мажмуаси, “Технопарк” МЧЖда ҳаётга татбиқ этилаётган инвестиция лойиҳалари билан ҳам яқиндан танишдик.

Аҳмад Дониш кўчасининг Амир Темур кўчасидан Тошкент ҳалқа автомобиль йўлигача бўлган 2,2 километр қисми 6 қаторли қилиб қайта қурилди. 4 қаторли мавжуд йўл реконструкция қилинди. Пиёдалар ва велосипед йўлакчалари, майсазорлар ташкил этилди. Энергия тежамкор ёритиш мосламалари ўрнатилди.

Яна бир муҳим жиҳати – Аҳмад Дониш кўчаси ўртасидаги яшил ҳудуд ва кўча бўйларидаги дарахтлар сақлаб қолинди. 1850 та манзарали дарахт кўчати экилди.

Айниқса, “Технопарк”да ишлаб чиқарилаётган ўнлаб турдаги музлатгич ва совутгичларнинг ниҳоятда замонавийлиги лол қолдиради. Дунё талабларига тўла жавоб беради. Кўп қаватли уйлар эса худди афсона! Ҳам арзон, ҳам жуда қисқа муддатларда бунёд этилмоқда. Ҳавас қилса арзийди. Ғурурланса ҳам арзир!

Баъзан мамлакатимизда, айниқса, пойтахтимизда бўлаётган қурилиш-ободончилик ишларидан нолийдиган одамларга дуч келиб қоламиз. Ахир, Тошкент мамлакатимиз бош шаҳри. Бу ерга турли мамлакатлардан сайёҳлар, расмий делегация вакиллари, меҳмонлар келишади. Унинг гўзал, тароватли ҳуснини кўриб диллари яйраса, халқимизнинг дидига, маънавиятига қойил қолса, бундан фахрланмай бўладими?!

Бунинг устига, юртимизнинг чекка ҳудудларидан Тошкентни томоша қилгани ташриф буюрадиганлар шаҳарнинг тоза, озода, баҳаво, кўркамлигига қараб, бу ерда кимлар яшаётганига баҳо беришади.

Шундай салоҳиятли, қудратли давлатимиз бор! Биз бир фикрли, ҳамжиҳат бўлиб олдинга интилсак, ҳар қандай қийинчиликни енга оламиз!

Холмурод САЛИМОВ,

Ўзбекистон Журналистлари ижодий

уюшмаси раиси ўринбосари.

“Ҳуррият” газетасининг 3 сентябрь 30-сонидан