Сен – қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним!

2020-09-02T09:56:12+00:002 Sentabr, 2020|Умумий янгиликлар|

Мустақиллигимизнинг 29 йиллигига

Бугун бутун дунёни ташвишга солаётган ва инсонлар саломатлиги, иқтисодий ўсишига жиддий зарар етказаётган пандемия даврида ҳам Ўзбекистон қудрат манбаи эканини яна бир карра исботламоқда.

Нигора ВАЛИҚУЛОВА,

Термиз шаҳри

 

Жонажон Ватанимиз – Ўзбекистон Республикаси ўзининг давлат мустақиллигини қўлга киритгани ва мустақил тараққиёт йўлини бошлаганига 29 йил тўлди. Истиқлол эл-юртимиз учун ўз тақдирининг ҳақиқий эгаси бўлиб, қадр-қимматини англаб, муносиб ҳаёт кечириш, юртимизда ҳуқуқий демократик давлат ва фуқаролик жамиятини барпо этиш имкониятини яратди. Айни пайтда у ҳар бир одамнинг иқтисодий, ижтимоий соҳаларда истеъдод ва қобилиятини тўла намоён этиши, ҳуқуқ ва эркинликларини рўёбга чиқаришининг мустаҳкам заминидир.

 

Мустақиллик йилларида кўҳна тарихимиз, бой меросимиз, миллий давлатчилигимиз, муқаддас динимиз, урф-одат ва анъаналаримиз қайта тикланди. Бугунги кунда меҳр-оқибат, бағрикенглик ҳамжиҳатлик каби олижаноб фазилатлар, миллий ва умумбашарий қадриятларга ҳурмат, Ватан тақдири ва келажагига дахлдорлик туйғуси юрагимизнинг туб-тубидан ўрин олди.

 

Истиқлол туфайли ўзлигимизни англадик, озод халқ, мустақил давлат сифатида Ўзбекистоннинг бор бўй-бастини, улкан салоҳиятини бутун дунёга намоён қилиш имкони очилди. Озодлик боис бизни жаҳон таниди, халқимизнинг фидокорона меҳнати, ёшларимизнинг ғайрати, азму шижоати ила ватанимизнинг шон-шуҳрати олам узра янада кенгроқ ёйилмоқда. Ҳуррият берган беқиёс имкониятлар негизида эртанги кунимиз – эркин ва фаровон келажагимизни ўз қўлимиз билан бунёд этмоқдамиз.

 

«Мустақиллик» ва «ислоҳот» тушунчаларига муштарак сўзлар сифатида қарашимиз табиий, албатта. Чунки фақат мустақил давлат ва мустақил жамиятдагина ислоҳотларни амалга ошириш мумкин. Мустақиллик ҳам, ислоҳотлар ҳам инсоннинг яхши яшаши, муносиб турмуш даражасига эришиши учун зарур шароит яратди.

 

Шу боис қарийб чорак асрдан зиёд вақт ўтган бўлсада, мустақиллик тантанаси кечагидек қувончларимизни безайверади. Қалбларимизга олам-олам бахт, бетакрор ҳис-туйғуларни бағишлайверади.

 

Бу йилги истиқлол байрамимиз «Сен – қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним!» деган улуғвор шиор остида нишонлаяпмиз. Мамлакатимизда ўтган йиллар давомида истиқлолимизни мустаҳкамлаш, халқаро майдонда нуфузга эга бўлиш учун мисли кўринмаган ишлар амалга оширилди. Айниқса, бугун бутун дунёни ташвишга солаётган ва инсонлар саломатлиги, иқтисодий ўсишига жиддий зарар етказаётган пандемия даврида ҳам Ўзбекистон қудрат манбаи эканини яна бир карра исботламоқда. Халқимизнинг матонати, Президентимизнинг доно сиёсати туфайли шундай мураккаб шароитда ҳам мамлакатимизда ислоҳотлар, бунёдкорлик ишлари тўхтаб қолган эмас.

 

Истиқлол туфайли эришган ютуқларимиз ҳақида ҳар қанча тўлқинланиб гапирсак арзийди. Узоққа бормайлик сўнги тўрт йил ичида рўй берган ўзгаришларни олайлик. Биргина мактабгача таълим соҳасида мисли кўрилмаган ўзгаришларни бугун ҳар бир юртдошимиз сезиб, кузатиб турибди. Таълимнинг пойдевори ҳисобланган мактабгача таълим тизимига давлат томонидан бу қадар тизимли ва бир-бирини тўлдирувчи эътибор ҳамда амалий ёрдам кузатилмаган, десак муболаға бўлмайди.

 

Соҳада йиғилиб қолган муаммоларни ҳал етиш ва 3 ёшдан 7 ёшгача бўлган болаларнинг тўлақонли таълим-тарбия олишини таъминлаш масаласи давлатимиз раҳбари томонидан кечиктириб бўлмас вазифа сифатида илгари сурилди. Сабаби боғчалар таълим муассасаси вазифасини бажариш ўрнига ота-она ишда бўлган вақтда болага қараб турадиган муассасага айланиб қолгани, қамровнинг пастлиги, биноларнинг таъмирталаблиги, бошқа мақсадларда ишлатилгани, методик жиҳатдан тўлиқ таъминланмагани, педагоглар ижтимоий ҳимояси ва маошининг пастлиги каби комплекс муаммоларни ҳал етиш кечиктириб бўлмас масала еди. Кейинги 20 йил давомида давлат тасарруфидаги мактабгача таълим муассасалари сони 45 фоизга камайгани, 2,45 миллион боладан 818 минг нафаригина боғчаларга қамраб олингани бу фикрлар исботи бўла олади. Мактабгача таълим муассасалари инфратузилмаси ва моддий-техник базасининг яроқсиз ҳолати болаларни мактабгача таълим билан тўлиқ қамраб олишни таъминлашга имкон бермасди.

 

Президентимизнинг «Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги фаолиятини ташкил етиш тўғрисида»ги қарорга мувофиқ соҳада янги тизим яратилди. Ўзбекистон Республикаси мактабгача таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепцияси ишлаб чиқилиб, уни амалга оширишни кўзловчи «Йўл харитаси»да 2019 –2024 ва 2025 – 2030 йилларда мактабгача таълим тизимини ривожлантиришнинг мақсадли кўрсаткичлари белгиланди…

 

Ўтган қисқа вақт мобайнида соҳада йиғилиб қолган муаммо ва мавжуд камчиликлар бартараф этиб келинмоқда. Таълим-тарбия сифати ва самарадорлигини оширишда қулай шарт-шароитларнинг яратилаётгани алоҳида аҳамият касб этади. Янги объектларнинг қурилиши, мавжудларининг кенгайтирилиб, уларни замонавий ва зарурий жиҳозлар билан таъминланиши мактабгача таълим муассасалари қамровини оширишда муҳим ўрин тутмоқда.

 

Мутахассисларнинг илмий хулосаларига кўра, инсон ўз умри давомида оладиган барча ахборот ва маълумотнинг 70 фоизини 5 ёшгача бўлган даврда олади. Шу боис болаларнинг соғлом ва билимли, Ватанпарвар, етук кадрлар бўлиб вояга етишида боғча тарбияси жуда муҳим ўрин тутади. Шу боис карантин даврида ҳам таълим-тарбия иши тўхтаб қолгани йўқ. «Ҳар яхшининг бир ёмони, ҳар ёмоннинг бир яхшиси бор», дейди халқимиз. Шу маънода, карантин тартибининг жорий этилгани таълим-тарбия муассасаларининг масофавий таълимга ўтиш ишларини жиддий синовдан ўтказди. Фаолиятимизни онлайн тарзда бўлсада бир зум тўхтатмадик. Машғулотлар болажонлар қизиқишини орттириш билан бирга, уларнинг дунёқарашини, тафаккурини бойитишга хизмат қиляпти, десам муболаға бўлмайди. Айниқса, Мустақиллигимизнинг 29 йиллиги муносабати билан ўтказилган «Энг улуғ, энг азиз», «Ватан учун яшайлик», «Ранглар жилосида она Ватан», «Ватан менинг нигоҳимда» мавзуларидаги машғулотлар уларда катта таассурот қолдирди.

 

Мухтасар айтганда, Мустақиллик шарофати билан амалга оширилаётган ишлар доирасидаги ислоҳотлар қаторида мактабгача таълимнинг ҳам эртанги порлоқ келажагидан барчамиз умидвор ва манфаатдормиз.

ЎзА