Журналистлар Самарқанд туманидаги фермер хўжаликлари фаолияти билан танишди

2020-08-26T13:50:47+00:0026 Avgust, 2020|Самарқанд вил.|

“Ўзагроинспекция”нинг вилоят бошқармаси ташаббуси билан Самарқанд туманига пресс-тур ташкил этилди.

Тадбир вилоят ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармаси, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси вилоят бўлими ҳамда туман ҳокимлиги ҳамкорлигида ўтказилди.

Журналист ва блогерлар дастлаб тумандаги “Аъзам Азамат Агро” кўп тармоқли фермер хўжалигида яратилган имкониятлар билан танишди.

–  2005 йилда 20 гектар ерда экин экиб бошлаганмиз, – дейди хўжалик бошлиғи Аҳмаджон Султонов. – Хўжалигимизнинг ҳозирда 110 гектар майдонида Туркия технологияси асосида интенсив боғ барпо қилиниб, экспортбоп маҳсулотлар, олма, шафтоли, узум етиштирилмоқда. Ундан ташқари, 2014 йилда Польша давлатидан 32 бош чорва молларини келтирган бўлсак, ҳозирга келиб улар сони 300 бошга етди. Шундан 100 бошга яқин соғин сигирдан кунига ўртача 2 тонна сут соғиб олиниб, мактабгача таълим ташкилотлари, савдо шохобчалари ҳамда қайта ишлаш корхоналарига юборяпмиз.

Шунингдек, фермер хўжалигида 40 мингта парранда парваришланиб, йилига 350-400 тонна гўшт маҳсулоти бозорга етказилмоқда. Қўшимча хўжалик цехида кунига 1400 дона яшик ишлаб чиқарилмоқда. Етиштирилаётган мева-сабзавотларнинг 60 фоизи экспорт қилинмоқда.

Хўжалик томонидан жорий йилнинг ўтган даврида 300 минг АҚШ доллари миқдоридаги маҳсулот экспорт қилинган бўлиб,  йил охиригача яна 400 минг АҚШ доллари миқдоридаги узум экспорт қилиниши режалаштирилган. Айни кунларда кўп тармоқли фермер хўжалигида 70 нафар доимий, 150 нафар мавсумий ишчилар меҳнат қилмоқда.

Пресс-тур иштирокчиларининг навбатдаги манзили “Навобод наслли парранда” кластер усулидаги кўп тармоқли фермер хўжалиги бўлди.

Хўжалик раҳбари Ҳайдар Ўроқов маълумотига кўра, кўп тармоқли фермер хўжалигининг 120 гектар ер майдони бўлиб, жорий йилда 90 гектар ер майдонида замонавий усулдаги узумзор барпо этилган. Корхона қошида узумни қайта ишлаш учун 1 миллион 200 минг АҚШ доллари миқдоридаги маблағ эвазига  Бельгия, Туркия, Германиядан замонавий ускуна келтириш натижада 300 минг тонна экспортбоп маҳсулот тайёрланган.

Хўжалик фаолиятининг яна бир тури паррандачилик бўлиб, асосан гўшт етказиб бериш билан шуғулланади. Ҳозирда, 300 минг бош наслли парранда парваришланмоқда. Шунингдек, ҳар ойда 2 миллион бошдан ортиқ наслли жўжа етиштирилиб, республикамизнинг қарийб барча паррандачилик корхоналарига етказилмоқда. Хўжалик томонидан соатига 20 тонна парранда учун омухта ем ишлаб чиқарилаётгани ва юртимиздаги паррандачилик корхоналари ва Афғонистон, Тожикистон, Қозоғистон давлатларига экспорт қилинаётгани ҳам эътиборга молик.

                                                                                                         Ҳусан ЭЛТОЕВ