Муаллим номини оқлаш мана бундай бўлади

2020-08-18T09:10:47+00:0018 Avgust, 2020|Самарқанд вил.|

Март ойининг 15-санасидан буён ҳамма карантинда, мактаб ва бошқа таълим даргоҳлари ёпилди. Карантин даврида ўқувчилар учун телевизион дарслар йўлга қўйилган бўлса-да, аксарият ўқувчи уни яxши тушунмай, дарсларни ўзлаштиролмаётганди.

Уч ой ўтиб, юртимизда пандемия бироз чекинди. Ҳатто бу пайтда маълум бир истиснолар билан карантин чекловлари анча юмшади. Кўпчилик одамлар чала қолган ишларини давом эттирди.

Шундай кунларнинг бирида қишлоғимизда яшовчи бошланғич синф ўқитувчисининг уйи олдидан ўтаётганимда бир неча болага кўзим тушди. Уйдагиларимдан сўрасам, муаллима ўзининг иккинчи синф ўқувчиларини уйига чақириб, дарс ўтаётган экан. Бир куни муаллимани кўриб сўрадим:

– Устоз, ҳеч чарчадим демайсиз-а. Пенсияга чиққан экансиз, ҳалиям дарс ўтиб юрибсизми? Ё сиз ҳам репетиторлик қилиб «соққа» ишлаяпсизми?..

Муаллима жилмайиб жавоб берди:

– Ўғлим, болаларимнинг билимсиз бўлиб қолишига қандай жим қараб тураман? Соққа дейсанми? Пенсиям ўзимга етади, шукур! Тўғриси, мактабда ўтилмай қолган икки ярим ойлик дарсимни болаларимга ўзим тушунтириб бермасам виждоним қийналади.

Устознинг бу гапларидан сўнг юрагим шув этди. Ўзимдан, муаллимага айтган сўзларимдан уялдим. Бугун ҳам шу уй олдидан ўтарканман устознинг мулойим овози қулоғим остида жаранглайди.

Қанийди ана шундай фидойи, виждонли ўқитувчилар кўп бўлса…

Акбар ИСМОИЛОВ

Пахтачи тумани