Мен англаган “кашфиёт”

2020-08-13T04:57:04+00:0013 Avgust, 2020|Ҳудудлардан янгиликлар|

Март ойи карантин бошланиши билан қишлоғимга келгандим. Роса ишлар йиғилиб қолган экан. Томорқани ағдардим, ариқ қазиб, сув уриб кетмасин учун уватларни кўтардим, жўяк олиб, экин-тикинларни экдим, молларга емиш учун чил беда экдим. Каттагина узум боғимиз бор, айтгандимми? Қишда ерга кўмилган токларни очдим, айри қоқиб, новдаларни кўтардим, ҳосили йўқ узум баргларни юлиб — хом нарт қилдим…

Яна кунора яйловга чиқяпман, чўпонлар билан қишлоқ подасини боқамиз. Хуллас, чорвачиликнинг ҳам ҳадисини олиб, табиатдан роса завқланяпман. Бироз лоф қўшиброқ айтсам, шаҳарда юравериб, баҳору ёзнинг асл кўринишини, чиройини нақ эсимдан чиқарай, дебман…

Кеча подани тоғдан эндиргач, чўпонларнинг гурунггига қўшилиб қолибман. Уларга “соқийлик” қилдим. Аммо ишонсангиз, бу даврада ер ёрилмади — кириб кетмадим… “Қиттай-қиттай”дан кейин улар “тилга кирди”: “Менга қара, сен бола, ўзи ўзбек тили ва адабиёти университетида ўқирмидинг? Эй, нимани ўқияпсанлар гапир-чи, тилди аҳволини қарасанглар-чи, писта пўчоқча қадри қолмади-ку. Қаёққа қараяпсанлар- а?”…

Хуллас, майнинг “куч”и билан кўнглининг энг чуқур хилватларида сақлаб юрган гапларини тўкиб солишди. Улар гарчи чўпон бўлишса ҳам, тилимизга бефарқ эмас экан. Кўзига ёш олиб гапирди, дард, алам билан гапирдилар-е! Мен бўлсам уларни оддий чўпон-да, ниманиям тушунарди, деб ўзимча гердайиб, пўрим бўлиб юрган эканман…

Уйга қайтганимда, эрталабгача бедор ўтирдим, ўй-хаёллар уйқу бермади… Даладаги чўпонлар айрим “валломат”лар сингари илмий ишимни ёқласам, отнинг калласидек ойлик оламан, деган важ-корсон юзасидан диссертация ёзмайди. Ёки ўзбек тилида сўзларнинг неча бўғинлигини ҳисоблаш математика билан; товушларни турли оҳангда талаффуз қилиш физика билан; ҳарфларнинг организмдаги ҳосил бўлиш ўрни эса биология билан, анатомия билан чамбарчас боғлиқ… деб оддий ҳақиқатларни янгилик даражасига кўтариб, юксак мукофоту илмий даражага даъво қилишмайди. Биз каби адабиёт йўналишидаги одамлар умри давомида бирон марта дуч келмайдиган математикадаги тангенс-катангенсга, кимё-физикадаги етти ухлаб тушимизга ҳам кирмайдиган масала-ю ҳодисаларга ҳаётининг маълум қисмини беҳуда совургани каби, бугун кўп олимлар “қўшма ва эргаш гаплар”да қилган “кашфиёт”лари ўлароқ ўқувчиларнинг вақтини беҳуда ўғирлаяпти.

Ўйлаб қарасам, тоғу тош орасидаги ана шу оддий одамлар — чўпону деҳқонлар ҳеч қандай моддий манфаат ва иддаоларсиз ота-боболаридан мерос қолган шевани, сўзлашув услубини йўқотмаслик учун ҳаракат қиляпти, ёш авлоднинг онггига тилга бўлган муҳаббатни халқ достонлари ва ривоятлари билан сингдиряпти…

Мактаб даврим барча қишлоқ болалари сингари ўтган: қишда қаҳратон, газ масаласи муаммо, хоналар совуқ, йўл узоқ ва лойгарчилик бўлади — дам оламиз; баҳорда сой тўлиб сел келади — ёғингарчилик, унақа ҳавода мактабга етиб бориш амримаҳол; ёзда эса уч ойлик “қонуний” таътил — дам оламиз! Кузда янги ўқув йилига энди мослашиб, дарслар бошланганида яна қиличини яланғочлаб қиш келиб қолади… Яна дам!

Худо кўрсатмасину, манови пандемия балоси даф бўлсинку-я, йўқса, “онлайн ўқиш” дегани ҳам — “почти” дарс эмас, дам экан!

Ҳозир синфдошларимнинг ярми Россияда,  русларнинг ишини қилиб, рўзғор тебратади. Хоҳ ишонинг, хоҳи йўқ, улар рус тилининг “пири” бўлиб кетишган-ей! Қўлига китоб ушламаган бўз йигитлар қўйиб берсангиз, ўрисгаям дарс беради. Ўзим ҳам она тилини университетга кириш учун марказдаги тайёрлов курсига қатнаб, бир йил ичида ўрганганман. Тушуняпсизми, бутун бошли мактаб дастурини бир йилда ўзлаштирганман. Яна унга қўшиб, тарих ва инглиз тилидан ҳам сабоқ олганман. Ўйлаб қоламан, она тили дарслигидаги бир-биридан мураккаб атамалару қонун-қоидалар билан ўқувчини чалғитгандан нима наф? Мен ўн йил мактабга қатнаб нимани ўқиб-ўргандим унда? Бу хаёллар менга тинчлик бермайди…

Қишлоққа келиб англадимки, “Она тили ва адабиёт” дарси журналга “НБ” тушмаслик учун ўтиладиган устознинг зерикарли ва хоҳласак ҳам ақлимиз етмайдиган маърузалари, турли хил ғарбона “изм”ларнинг шарҳи эмас экан! Бу дарснинг мақсади, аввало, инсонда СЎЗга муҳаббат уйғотиш, кўнглига ўз она тилига меҳр туйғуларини солишдан иборат экан. Бу оддий ҳақиқат-ку, дейишингиз мумкин. Мен нодон уни қишлоққа келиб тушундим, чўпонлардан ўргандим! Буни амалга оширмасак, тил борасидаги тортишувлар ҳали узо-оқ давом этади…

Бир-икки марта “тилбузар”да шеър ўқиб чиққанимгами, билмадим, қишлоқдагилар мени шоир деб чақирадиган бўлибди. Ҳатто, айрим қўшни аёллар ўзи ёзган қораламаларини ҳам ўқиб бериб, фикримни сўрашди. Бу онда лолу ҳайрон эдим. Билсангиз, қишлоқ аёллари ҳам ташвиш­лардан ортиб, ич-этини тирнаб, тинчлик бермаётган туйғуларини қоғозга тўкиб соларкан. Ёзув-чизувлари баъзи шоирликка даъво қилаётганларнинг анча-мунчасидан тузук ҳам, ҳатто.

Тўғрисини айтсам, одам доим қишлоқни қўмсаб, уни соғиниб яшайди. Ишонаманки, сиздаям бу ҳолат юз берган. Айнан қишлоқ мени тетапоя қилиб, катта ҳаётга “учирма” қилганди. Шаҳарнинг текис ва равон кўчалари, ойдин кечаларини кўп санғидим. Кимларнинг даврасида бўлиб, бурун қурғур озгина кўтарилди ҳам. Карантин сабаб яна қиш­лоққа қайтдим ва илдизимни қайта топгандай бўлдим.

Абдулазиз АҲМЕДОВ