Янги ўқув йилида қайси йўналишларга айрича эътибор қаратилса, пандемия даври таълимининг асоратларини юмшатган бўламиз?

2020-08-08T10:12:37+00:008 Avgust, 2020|Умумий янгиликлар|

Коронавирус пандемиясининг глобал таъсири натижасида 2019-2020 ўқув йилининг апрелидан бошлаб юртимиз таълим тизими масофавий таълим шаклига ўтиб, мураккаб ва ўзига хос кечган ўқув йилини қийинчилик билан якунига етказиб олди. Мамлакатимиз профессор-ўқитувчилари тилида кўп айланаётган «масофавий таълим», «онлайн машғулот», “Zoom платформаси”, Bandicam, «видео дарс», аудио дарс, «виртуал тадбир», «онлайн анжуман» сингари тушунчалар бугунги таълим воқелигининг моҳиятини яққол очиб беради.

 

Тан олиб айтиш керакки, таълимнинг ушбу шаклга ўтишига ўқитувчилар ҳам ўқувчилар ҳам тайёр эмас эди. Масофавий таълим муҳити таълим берувчи ва таълим олувчи учун тамомила янги ҳали ўзлаштирилмаган майдон эди. Жонли, юзма-юз дарс бериш кўникмаларига ўрганган ўқитувчиларимиз ҳам, шу вазиятда дарс олишга ўрганган ўқувчиларимиз ҳам масофавий таълимнинг дастлабки кунларида саросимага тушгани бор гап. Бир ҳақиқатни қўрқмасдан айтиш керак, пандемия шароитида нисбатан «билимсизлик зиёнини» кўпроқ кўрган қатлам – ўқувчилар ва талабалар бўлди. Улар ўқув дастурларида белгиланган мавзуларни тўлақонли ўзлаштира олмади.

 

Билим шундай даъвоки, унинг таъсири йиллар давомида билинади. Бугунги пандемия даври таълимини олган авлоднинг қанчалик билим олган ёки олмаганини бутун дунё мамлакатлари яқин ўн йилликда аниқ сезади. Пандемия таълими жараёнида ўғил-қизларига тўғри таълим беришни ташкил эта олган давлатларгина эртага илғорлар қаторида бўлади. Буни яхши англаб, таълимнинг нечоғли муҳимлигини тушунган қатор етакчи мамлакатлар карантин юмшаши билан биринчилардан бўлиб мактабларда ўқишни йўлга қўя бошлаганини эслашнинг ўзи кифоя.

 

Пандемия узоқ давом этадиган жараён экани, бундан кейин у билан яшашга ўрганишимиз кераклигини ЖССТ бот-бот таъкидламоқда. Ҳозирда анъанавий таълимдан рақамли таълимга трансформацияси кечмоқда. Шундан келиб чиқиб, таълим соҳасининг бугунги ва келажак истиқбол тараққиёти рақамли ва масофавий таълимда эканини белгилаб олишимиз керак. Жорий ўқув йилида ўз бошимиздан ўтказган масофавий таълим билан боғлиқ салбий ва ижобий натижаларни сабоқ ўрнида қабул этиб, янги ўқув йилидан бошлаб қуйидаги йўналишларга айрича эътибор қаратилса, пандемия даври таълимининг асоратларини юмшатган бўламиз:

 

Масофавий ва рақамли таълимнинг тамали интернет. Биринчи галда интернет қамрови, тезлиги ва арзонлигини таъминлаш керак. Айниқса, таълим ва қидирув платформалари бу масалада доимо алоҳида эътиборда бўлиши керак.

 

  1. 2. Педагогларнинг рақамли информацион технологияларни амалий жиҳатдан тугал ўзлаштиришларига эришиш. Бу ўринда уларнинг ҳар йили компьютер ва ахборот технологиялардан топшираётган назарий тестлари ўзини оқламади. Бунинг ўрнига рақамли технология дастурларини амалий жиҳатдан ўрганишга урғу берган маъқул. Айниқса, олий таълим тизимида фаолият юритаётган илмий салоҳиятлиларнинг асосий қисмини ёши улуғлар ташкил этади. Уларнинг ўқув жараёнида нафи кўп, лекин ҳозирги пандемия таълимида улар бир қадар онлайн дарслардан узилиб қолди. Мана шу бўшлиқни тўлдиришга, уларнинг рақамли таълим дастурларини ўзлаштиришига ҳам шароит яратиш керак.

 

  1. 3. Ўқитувчилар жамоаси, айниқса, олий таълим муассасасининг илмий даражали қатлами ўз соҳаси бўйича муайян бир йўналишнинг етакчи мутахассиси саналади. У ўзи эгаллаган билимларни, ёзган илмий ишлари натижаларини, ўтаётган фани бўйича маълумотлар ва соҳа бўйича янги адабиётларни интернет маконида жойлаштириб бориши учун ўз саҳифасини ёки телеграм мессенжерида канал очиши, тўғрироғи, ўз фани бўйича блог юритиши лозим. Аслида ҳар қандай мутахассиснинг ўз блоги бўлиши керак. Шунда унинг ўзи дарс бераётган фани бўйича эгаллаган билимлари интернет маконига кўчади. Бошланишига у очган каналда фақат ўзининг талабалари бўлиши ҳам мумкин. Кейинчалик агар у юритаётган каналдаги контент сифатли бўлса, ўқувчилар сони ҳам ошиб боради. Ўқитувчининг ўзи ҳам кўпроқ янги билимларни ўзлаштиришга ва уни ўз саҳифасига жойлаб боришга интилади. Бу ҳолат унинг ўсишига ҳам туртки бўларди.

 

  1. 4. Шу кезга қадар педагоглар билим ва кўникмаларини ўз жамоаларида ўзаро муҳокама қилиб келганлар. Улар асосан «ўз қозонларида қайнаган». Уларнинг ўтаётган дарсларини ҳамкасбларидан бошқа янги назар кузатмаган. Пандемия таълими бу борада яхшигина камчиликлар борлигини очиқ-ойдин кўрсатди. Тайёрланган видео ва аудио дарсларнинг ижтимоий тармоқларда кўплаб муҳокамага олиб келгани бунинг мисоли бўлади. Энди эса ўқитувчилар дарслари аудиторияси кенгайганини, бундан кейин уларнинг виртуал сабоқларини ёлғиз ўқувчилари эмас, уларнинг ота-онаси ҳам интернет фойдаланувчилари ҳам кўриши мумкинлигини доимо эътиборга олишлари керак. Ўқитувчилар ҳам кўзга кўринган арбоблар сингари оммавий шахс (Public figure)га айланаётганини, уларнинг дарс жараёни муҳокамага асос бўлиши мумкинлигини, интернетдаги таълим макон ва масофа, чегара билмаслигини ҳамиша ёдда тутгани яхши. Бу ҳолат ўқитувчи имижини белгиловчи асосий омиллардан бири эканлигини ҳам унутмаган маъқул.

 

  1. 5. Ўқувчилар ҳамда талабалар шу чоққача ўқитувчилари берган вазифаларини сўраши, билмаса, тергаши ёки ота-онасига етказиши мумкинлиги тушунчасидан воз кечишлари керак. Яқин яқингача амал қилганимиз, ўқувчига нисбатан «эти сизники, суяги бизники» принципи пандемия таълимида иш бермайди. Ёшларимиз билим ўзлари учун керак эканлигини, келажаги бугун олаётган билимига боғлиқлигини тушуниб, ўқитувчи эса улар учун фақат билим олиш йўлларини кўрсатувчи, йўлловчи вазифасида эканлигини англаб, ўзлари онгли равишда мустақил таълим, мустақил ўқиб ўрганиш кўникмасини шакллантириш вақти келганини яхши тушуниши керак.

 

  1. 6. Ўзбек тилидаги сифатли таълим ресурсларини тезлик билан кўпайтириш ҳар бир предмет бўйича алоҳида фаннинг рақамли порталлари бўлиши, улар ҳар бир синф кесимида (1-синф фанлари, 2-синф фанлари ва ҳ.) сифатли ўқув контенти билан тўлдирилган бўлиши керак. Мамлакатимиз бўйича ягона онлайн мактаб таълими платформаси яратилган бўлиши лозим. Олий таълим тизимида ҳар бир ОТМнинг ўз электрон ресурслари бор. Лекин бу ресурслардаги фан билан боғлиқ материаллар қониқарсиз аҳволда. Ушбу ресурсларнинг барчасини инвентаризация қилиш, янгилаш ҳамда сифатли контент билан тўлдириш керак бўлади.

 

  1. 7«Ижтимоий ҳимоя ягона реестри»ахборот тизимида кам таъминланган оила сифатида рўйхатга олинган оилаларнинг мактабда ўқийдиган фарзандларига масофавий таълимни ўзлаштиришлари учун давлат ҳисобидан компьютер билан таъминлаш масаласи ҳам ҳал этилса, ниҳоятда улуғ, савобли иш бўлади. Бундан ташқари, юртимиз нашриёт уйларида чоп этилган таълим ва фан билан боғлиқ барча адабиётлар ҳамда дарсликларнинг тўлиқ электрон шаклини барчанинг фойдаланиши ва юклаб олиши учун интернет таълим ресурсларига жойлаштирилишини ҳам йўлга қўйиш керак.

 

Агар юқоридаги масалалар ечимига эътибор қаратсак, ўғил-қизларимизни пандемия вазиятида сифатли таълим билан таъминлашга эришамиз. Бундан ташқари, юртимизда мавжуд анъанавий таълимдан рақамли таълимга ўтиш трансформациясини оғриқсиз ўтказамиз. Асосийси, янги Ўзбекистоннинг янги таълим тизимини қуриш йўлида мустаҳкам қадам ташлаган бўламиз.

Қудратулла Омонов,

Тошкент давлат шарқшунослик университети проректори,

филология фанлари доктори, профессор

ЎзА