ЎзА ва “Дунё”АА ҳамкорлик қилади

2020-08-07T05:05:50+00:007 Avgust, 2020|Умумий янгиликлар|

Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги – ЎзА ва Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг “Дунё” ахборот агентлиги ўртасида ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзоланди.

Бугунги кун барча соҳалар қатори оммавий ахборот воситалари олдига ҳам ўз фаолиятини замон талаблари даражасига кўтаришни тақозо этмоқда. Мамлакатимиз ҳаётининг турли жабҳаларидаги кенг кўламли ўзгаришлар ва янгиланиш жараёни ҳақида хабарларни халқимиз ва халқаро ҳамжамиятга тезкор ва ишончли етказиб бериш учун ахборот агентликларидан профессионал маҳорат ҳамда самарали ҳамкорлик талаб қилинмоқда.

Ўзбекистоннинг иккита етакчи ахборот агентлиги ўртасида ахборот алмашиш бўйича ҳамкорлик йўлга қўйилгани мамлакатимизда амалга оширилаётган демократик ислоҳотларни атрофлича ёритиш, ахборот маконини янада тезкор, ишончли хабарлар билан таъминлашда муҳим қадам бўлди.

Меморандумда агентликлар ўртасида Ўзбекистон ва дунёда рўй бераётган воқеалар тўғрисида мунтазам ахборот алмашиш, ахборот соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш, ўзаро тажриба алмашиш, журналистларнинг маҳоратини ошириб бориш каби мақсадлар белгиланган.

Бундан буён “Дунё” янгиликлари ЎзА каналлари орқали янада кенг аудиторияга тарқатилади, ўз навбатида, “Дунё” АА ЎзА хабарларини мамлакатимизнинг хориждаги дипломатик ваколатхоналари орқали чет элларда тарғиб қилишга ҳисса қўшади. Бу эса Ўзбекистон тараққиётининг янги ютуқларидан дунё аҳлини янада кенгроқ хабардор этишга хизмат қилади.

ЎзА