Мирзо Улуғбек мадрасасида дунёвий илмлар ҳам ўргатилган

2020-08-06T05:51:45+00:006 Avgust, 2020|Самарқанд вил.|

Самарқанд давлат университети тарихини, унинг қадим ўтмишини ва қутлуғ даргоҳнинг муборак 600 йиллигини нишонлаш ҳаракати дунё ҳамжамиятига янги қиёфада намоён бўлаётган, иқтисодий-ижтимоий, маънавий ривожланиш сари интилаётган Ўзбекистон учун муҳим аҳамият касб этади. Шунингдек, юртдошларимиз учун ҳам аждодлар томонидан мерос қолдирилган бу илм ва маърифат маскани ҳақида ибрат, ғурурланишга муносиб воқеа бўлишига аминман.

Шарқ тамаддуни бешиги бўлган кўҳна кентда Самарқанд давлат университети Мирзо Улуғбек мадрасасининг вориси сифатида эътироф этилиши том маънода тарихий адолатнинг тикланиши бўлди. Университетнинг 600 йиллигини нишонлаш масаласи эса албатта, ватанимиз илм-у фанини дунёга танитган таълим масканлари тарихини ўрганиш йўлидаги муҳим қадамдир.

Агар дунёдаги машҳур университетлар тарихига назар ташласак, Европадаги Сарбонна, Оксфорд, Болонья, Кембридж университетлари XII-XIII асрларда дастлаб черковлар қошида вужудга келган мактаблар бўлган. Уларда асосан диний илмлар ўқитилган.

Мадрасаларда қадимдан, диний билимлар билан бирга, ҳандаса, риёзиёт, илми нужум каби фанлар ўргатилган. Амир Темур ва темурийлар даврига келиб эса мадрасаларда дунёвий фанларни ўқитилишига алоҳида аҳамият берилган. Жумладан, темурийзода аллома Мирзо Улуғбек Самарқандда 1420 йилда асос солган мадраса замонавий фанларни ўқитилиши билан ажралиб турган. Ушбу мадрасаи олия ўша даврда шарқ дунёсида энг йирик ва нуфузли таълим даргоҳи ҳисобланган.

Мирзо Улуғбек мадрасаси XX асрнинг 20-йилларигача узлуксиз фаолият кўрсатган. Бу олий даргоҳ тарихнинг не-не синовларини кўрмасин ўз фаолиятини давом эттириб келди.

Айнан 1927 йилга келиб, ушбу кўҳна даргоҳ ўрнида Самарқанд олий педагогика институти ташкил этилди. Дастлаб бу таълим даргоҳида ижтимоий-сиёсий фанлар, физика, техника, табиатшунослик, филология каби бўлимлар фаолият юритган.

Бу ерда юзлаб олимлар, фан арбоблари етишиб чиққан бўлиб, улар қаторида Иброҳим Мўминов, Яҳё Ғуломов, Воҳид Абдуллаев, Ботирхон Валихўжаев, Толиб Мўминов, Муҳсин Ашуров каби қатор академикларни, шунингдек, Ҳамид Олимжон, Уйғун, Миртемир, Усмон Носир, Ҳабиб Юсуфий, Шароф Рашидов, Асқад Мухтор сингари ўнлаб ижодкор ва маданият арбобларининг номлари нафақат юртимизда, балки дунёга машҳурдир.

Олий таълим тизимининг тарихий илдизларини манбалар асосида таҳлил қилиш ва ўрганиш келажакда таълим тараққиёти учун мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилиши муқаррардир. Бу хайрли иш ватанимизда олий таълимнинг тарихий илдизларини ёритишга қўйилган дастлабки қадам бўлиб, бундан кейин бошқа қадим шаҳарларимиздаги, жумладан, Бухоро мадрасалари фаолиятининг тарихий илдизларини янада чуқурроқ ўрганишга туртки беради.

Шокир ҒАФФОРОВ,

Самарқанд давлат тиббиёт институти

профессори, тарих фанлари доктори.