Суд ҳокимияти очиқлигини таъминлаш инсоннинг ахборотга бўлган ҳуқуқларининг кафолати

2020-08-06T05:27:46+00:006 Avgust, 2020|Умумий янгиликлар|

Ўзбекистон мустақил давлат сифатида ўзининг ҳуқуқий тизимини мустаҳкалаш орқали кучли қонунчилик базасига эга бўлиб бормоқда. Давлатнинг мавжудлиги унинг ҳокимиятларга бўлиниши билан кўзга ташланади. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 11-моддасида “Ўзбекистон Республикаси давлат ҳокимиятининг тизими-ҳокимиятнинг қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимиятига бўлиниши принципига асосланади”, деб мустаҳкамлаб қўйилган. Шунга кўра, суд ҳокимияти ҳам мустақил бўлиб, у бирор-бир бошқа органларга бўйсундирилиши ёки унинг таъсирида бўлишига йўл қўйилмайди.

Конституциянинг 29-моддасида ҳар кимнинг фикрлаш, сўз ва эътиқод эркинлиги ҳуқуқи, ҳар ким ўзи истаган ахборотни излаш, олиш ва уни тарқатиш ҳуқуқига эга эканлиги, фикр юритиш ва уни ифодалаш эркинлиги фақат давлат сири ва бошқа сирларга тааллуқли бўлган тақдирдагина қонун билан чекланиши мумкинлиги мустаҳкамлаб қўйилган. Мазкур нормага кўра ҳар қандай шахс судлар фаолига оид ҳар қандай ахборотни олиши ва белгиланган тартибда тарқатиши мумкин, деган маънони англатади.

Мазкур конституциявий қоида Ўзбекистон Республикасининг “Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида”ги қонунида ҳам янада кенгроқ мустаҳкамлаб қўйилган. Хусусан, мазкур қонуннинг 8-моддаси (Ахборот эркинлиги кафолатлари)да давлат ҳар кимнинг ахборотни излаш, олиш, текшириш, тарқатиш, ундан фойдаланиш ва уни сақлаш ҳуқуқини ҳимоя қилиши, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахсий ва ижтимоий мавқеига қараб ахборот олиш ҳуқуқи чекланишига йўл қўйилмаслиги қатъий белгиланган. Шунингдек, мазкур нормага асосан давлат ҳокимияти, жумладан, суд ҳокимияти ва бошқарув органлари  ҳар кимга ўзининг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига дахлдор бўлган ахборот билан танишиб чиқиш имкониятини таъминлаб беришга, мақбул ахборот ресурслари яратишга, фойдаланувчиларни фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва мажбуриятларига, уларнинг хавфсизлигига доир ҳамда жамият манфаатларига тааллуқли бошқа масалалар юзасидан ахборот билан оммавий тарзда таъминлашга мажбур эканлиги ўрнатилган.

Юқоридагилардан кўрииб турибдики, ҳар қандай давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари жамият аъзоларини уларни қизиқтирган ҳар қандай ахборот, жумладан, ҳуқуқий ахборот билан таъминлаш имконини яратиб беришга мажбур. Давлат органларининг мазкур соҳага оид мажбуриятлари Ўзбекистон Республикасининг  “Ҳуқуқий ахборотни тарқатиш ва ундан фойдаланишни таъминлаш тўғрисида”ги қонунида яна бир бор мустаҳкамлаб берилди. Унбу Қонуннинг  3-моддаси (Асосий тушунчалар)га кўра  ҳуқуқий ахборот деганда, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг, уларга оид расмий шарҳларнинг, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг қўлланилиш тартиби тўғрисидаги тушунтиришларнинг, Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди қарорларининг, Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг қонун ҳужжатлари қўлланилиши масалалари бўйича қарорларининг матнлари, шунингдек суд амалиётини умумлаштириш материаллари тушунилади.

Бежизга, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 24 январдаги Олий Мажлисга Мурожаатномасида ўринли таъкидлаганидек, суд остонасига қадам қўйган ҳар бир инсон Ўзбекистонда адолат ҳукм сураётганига тўла ишонч ҳосил қилиши керак. Ишонч ҳосил қилиш, бир томондан судлар томонидан адолатли қарорлар қабул қилинишига эришиш бўлса, иккинчи томондан судларнинг очиқлиги ва судлар томонидан ҳар кимни қизиқтирган ҳамда ўзига дахлдор бўлган ахборот билан таъминлашдир.

Давлат олий ҳокимияти органлари тизимида суд ҳокимиятининг янада мустақиллигини таъминлаш, судни чинакам ҳокимият тармоғига айлантириш, судлар фаолиятини янада эркинлаштириш, барча бўғин судлари самарадорлигини ошириш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашнинг очиқ ва таъсирчан тизимини яратиш, одамларни судларга ишончини кенгайтириш ҳамда судлар фаолиятидан жамиятни мунтазам хабардор қилиб бориш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 24 июль куни “Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-6034-сон фармонининг қабул қилингани катта воқеа ҳисобланади.

Фармон судлар фаолиятига дахлдор бўлган амалдаги қонунчиликни танқидий кўриб чиқиш асосида такомиллаштириш вазифаларини белгилаб бериши билан бирга, судлар фаолиятини кенг ёритиш, жамиятни ҳуқуқий ахборот билан таъминлаш, суд фаолиятига алоқадор ҳар бир кишининг ҳеч қандай тўсиқсиз ахборот олишини кафолатларини янада кенгайтиришга қаратилгани билан ҳам ажралиб туради.

Фармонда Олий суд  билан бирга вилоят ва унга тенглаштирилган судлар тузилмасида матбуот хизматлари тузилиши белгиланди. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Олий суди тузилмасида 5 штат бирлигидан иборат Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлик бошқармаси ташкил этилади. Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар умумюрисдикция судларида эса  Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бўйича бош консультант лавозими жорий этилмоқда.

Матбуот хизматларининг асосий вазифаси – Ўзбекистон Республикасининг “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги қонунида белгиланганидек, суд ҳокимиятининг очиқлигини таъминлаш ва фуқароларнинг эркин ахборот олишлари учун тенг имкониятлар яратиш ҳамда ишончли ахборотлар тақдим этиб боришдан иборат.

Мазкур қонунда белгиланганидек, бошқа давлат ҳокимияти органлари қатори судлар томонидан тақдим этиладиган ахборотдан ҳамманинг фойдаланиши мумкинлиги, унинг ўз вақтида берилиши ва ишончлилиги, судлар фаолиятининг ошкоралиги ва шаффофлиги, суд фаолияти тўғрисидаги ахборотни излаш, олиш ва тарқатиш эркинлиги, суд фаолияти тўғрисида ахборот тақдим этишда фуқароларнинг ўз шаъни ва қадр-қимматини тажовузлардан, ўз шахсий ҳаётига аралашувлардан ҳимоя қилишга бўлган ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига, шунингдек фуқаролар ва юридик шахсларнинг ўз ишчанлик обрўсини ҳимоя қилишга бўлган ҳуқуқларига риоя этиш принципларига таянади.

Хулоса қилиб айтганда, суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотларнинг бош мақсади – инсон ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилишнинг мустаҳкам тизимини яратиш бўлса, суд ҳокимияти очиқлигини таъминлаш орқали эса инсоннинг ахборотга бўлган ҳуқуқларини кафолатлашдан иборат.

 

Гулнора Худайбердиева,

Тошкент ирригация ва қишлоқ

хўжалигини механизациялаш

муҳандислари институтути

доценти, юридик фанлар номзоди