Фасодгўйлар

2020-08-04T10:50:57+00:004 Avgust, 2020|Умумий янгиликлар|

Ўзбекистон халқ ёзувчиси Ўткир Ҳошимов: “Пичоқ – ошпаз қўлида иш қуроли, қотил қўлида ўлим қуроли” дея лутф қилган эди. Чиндан ҳам, қўли гул ошпаз пичоқ ёрдамида минг хил мазали таомлар тайёрлаб, одамларни хушнуд қилса, нобакор кимсалар у билан ўзгалар жонига қасд қилиши, бировларнинг ширин ҳаётини барбод этиши мумкин.

Кўпинча интернет ҳақида гап кетганда устоз адибнинг ана шу ибратли гапи ёдимга тушади. Чунки кимлардир ушбу глобал ахборот тармоғидан эл-юртга фойдаси тегадиган эзгу мақсадлар йўлида фойдаланса, баъзи кимсалар  уни фисқу фужур, туҳмат ва иғво майдонига айлантиришга уринади. Одамлар орасида ўринсиз ваҳима, асоссиз миш-миш­лар тарқатишга тиришади…

Афсуски, инсониятнинг интернет деб аталмиш буюк кашфиёти бугун пичоқ каби яхшиликка ҳам, ёмонликка ҳам хизмат қилмоқда. Интернетдаги турли ижтимоий тармоқларни кузатар эканман, негадир баъзи инсонлар ҳаётимизнинг яхши томонларини, мамлакатимизда юз бераётган ижобий ўзгаришларни кўришни истамаётгандай туюлади. Улар кун бўйи “ахборот тарқатиш” даъвоси билан халқ орасида фитна ёйиш, фасод уруғини сепиш билан андармон бўлишмоқда. Бундай шахсларнинг интернет саҳифаларига жойлаётган фикр-мулоҳазаларини ўқисангиз, кайфиятингиз тушиб, юрагингиз сиқилади. Чунки улар юзта яхши ишингиз қолиб, битта-яримта арзимас камчилигингизни бутун дунёга дўмбира қилишдан орланмайди. Ватандошингиз, тилдош ва миллатдошингиз бўла туриб, сизни, мени, ўз юртини дунё ҳамжамияти олдида беобрў қилишдан тап тортмайди. Шунинг ортидан бола-чақасини боқади, қорнини тўйдиради. Улуғ шоиримиз айтганидек, улар “тунларни улаб тонгларга хато қилишингни кутарлар”. Мабодо сизу биздан хато тополмаса, йўқ жойдан ўзлари тўқиб-бичади. Туҳмат қилиш, бўҳтон ёғдиришдан уларнинг виждони заррача қийналмайди!

Ҳаммамиз ҳам оддий инсонмиз, ҳеч биримиз хато ва камчиликдан холи эмасмиз. Бироқ бизнинг мақсадимиз эзгу – юртга сидқидилдан хизмат қилиш, Ватанга наф келтиришни дилга тукканмиз. Зотан, ҳаммаси кўнгилдаги ниятга боғлиқ. Уларнинг бадбин фикр-мулоҳазаларини ўқиркансиз, шунча даъво-дастакларига яраша, тош босадиган бирон таклифи бормикин, деган савол пайдо бўлади сизда. Таассуфки, бу саволингизга ҳам жавоб тополмайсиз. Сабаби оддий: камчиликларни бартараф этиш ва мамлакат ривожига ҳисса қўшиш, юрт корига камарбаста бўлиш уларнинг етти ухлаб тушига ҳам кирмаган, аксинча, тирноқ орасидан кир қидириш, ўзгалар олдида ўз ватанини ёмонотлиқ қилишдан бошқа мақсади йўқ.

Энг ачинарлиси, ижтимоий тармоқларда баъзи ишонувчан, соддадил юртдошларимиз уларнинг “қармоғи”га илиниб, ҳаёти издан чиқаяпти. Улар ўзларининг адашиб, мудҳиш хатога йўл қўйганини кечроқ англашаяпти… Майли, ҳечдан кўра кеч яхши дейишган, нима бўлганда ҳам хатосини тушуниб етганининг ўзи катта гап.

Куни кеча яна бир фитнагар кас ижтимоий тармоқ орқали гўёки юртдошларимизга мурожаат қилиб, “Ўзбекистонда ундоқ бўлаяпти, бундоқ бўлаяпти, раҳбарлар унақа қилаяпти, масъуллар бунақа қилаяпти” қабилидаги хом-хатала ва асоссиз фисқу фужурларни овоза қилишга уринди. Бундай таги пуч сафсаталарга қолдирилган изоҳлар билан танишганимда аксарият ҳамюртларимиз унинг найрангига учмасдан, холис ва ҳаққоний фикр билдиришганидан хурсанд бўлдим. Ҳатто, баъзи ўринларда одамлар ўзларининг рад этиб бўлмайдиган мулоҳаза ва ҳаққоний фикрлари билан ўша кимсани “мот” қилиб қўйишгани эътиборимни тортди.

Гуруч курмаксиз бўлмаганидай, фасодгўйларга хайрихоҳлар ҳам йўқ эмас. Эътибор берсангиз, уларнинг кўпчилиги аноним профиллар, эҳтимол, ўша кимсаларнинг гумашталари ёки ўзлари бўлиши мумкинлигига ишонч ҳосил қиласиз.

Бугунги пандемия шароитида бундай “қора хаёллар”дан воз кечиб, яхшиликка интилиб яшаш ҳар қачонгидан ҳам муҳимдир. Икки-уч кун аввал коронавирусга чалиниб, касалликни оғир ўтказаётган бир ҳамюртимиз ижтимоий тармоқлар орқали одамларга мурожаат қилиб, барчани ниҳоятда эҳтиёт бўлишга даъват этди. У гапининг сўнггида, агар эсон-омон тузалиб кетсам, қолган умримни одамларга яхшилик қилиш билан ўтказаман, деди. Илойим, тезроқ тузалиб, ниятига етсин!

Мени ўйлантиргани, биз фақат оғир синовга дуч келганимизда тавба-тазарру қилиб, эзгулик ҳақида ўйлашимиз керакми? Аксинча, соғ-омон юрганимизда бунинг учун имкониятларимиз кўпроқ эмасмиди? Бирлашиб, ҳамжиҳат яшашимиз учун албатта бошимизга бирон ташвиш тушиши шартми?

Қисқаси, четда — қай бир овлоқ ерларда биқиниб олиб, ўз юртига туҳмату бўҳтон тошларини отиш орқали одамларнинг асабини бузаётган, ўз ёлғонлари билан тинч-тотув яшаётган халқимизнинг турмушини издан чиқаришга уринаётган кимсаларга инсоф тилаймиз. Зотан, уларнинг бундай қилиғи на Ҳаққа, на халққа хуш келиши аён ҳақиқат. Билъакс, жонажон Ўзбекистонимизнинг ободлиги, халқимиз фаровонлиги йўлида ўзини сафарбар деб билган мардларга ҳамиша омад кулиб боқади, уларнинг йўли очиқ, юзи ёруғ бўлади. Яхши инсонларнинг юзидан ёғилган нурдан кўнгиллар ёришади. Барчамиз ҳамиша нурга, эзгуликка интилиб яшайлик, азизлар!

“Ҳақ омад берган-ла олишманг”, ҳайҳот,

Ўйлаб, топиб айтган нақли бутунлар.

Шахмат тахтасига ўхшар бу ҳаёт,

Бунда ғолиб бўлар ақли бутунлар.

 

Бахт томон отланган бу отлиқ халқни,

Ёмонотлиқ қилган пиёда каслар.

Қачон фарқлайсизлар шириндан талхни,

Найранги шайтондан зиёда каслар?

 

Мардликдан сафсата сўқийсиз такрор,

Лек мардлик томон бир қарадингизми?!

Элим, деб тин билмас ҳақиқий Сардор,

Сиз элнинг кунига ярадингизми?!

 

Бунча ғаламиссиз, бечора зотлар,

Тушунинг, битгандир сафарларингиз?!

Бизга омад тиланг, чекмай фарёдлар,

Шу бўлгай энг буюк зафарларингиз!

 

Айтинг, бу Ватанга не тиладингиз,

Барбодлик, вайронлик, касоддан бошқа?!

Гапни қуруқ гапга хў-ў-ў-ўп уладингиз,

Бирор корингиз йўқ фасоддан бошқа!

 

Агар мард бўлсангиз, отамга ўхшаб,

Бир бора далалаб, кетмон беринг, денг.

Эй, сиз, текин ошдан ялтираган лаб,

Умрингизда бир бор ҳалол луқма енг!

 

Дилингиз жиловин тутган нафсингиз,

Ва лекин тилингиз сўзлар қоридай.

Буқаламун мисол сертус лафзингиз,

Қалбингиз тандирнинг мўрикоридай.

 

Ҳақнинг ҳифзидадир ақли бутунлар,

Яратган уларни сийламай қўймас.

Сиз ҳақда шундай дер, нақли бутунлар,

“Йиқилган ҳеч қачон курашга тўймас!”

Ботиржон Эргашев,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси

раиси ўринбосари

Мақола “Жамият” газетасининг “bong.uz” сайтидан олинди