Матбуотга қон керак, жон керак!

2020-07-31T18:21:01+00:0031 Iyul, 2020|Умумий янгиликлар|

Мамлакатимиз журналистикасининг бугуни ва келажагини иқтисодий муаммолар қаърига «сингиб» бораётган газета ва журналларсиз тасаввур қилиш қийин. Айниқса, уларнинг чоп қилиниш адади кундан-кунга камайиб кетаётган, айрим нашрлар ҳаттоки, бутунлай тўхтаб қолиш хавфини сезаётган бир шароитда бу зарурат яққол кўзга ташланмоқда. Жамиятдаги ижтимоий-сиёсий жараёнларни ҳаққоний акс эттиришда босма нашрлар зиммасига ниҳоятда нозик ва айни дамда шарафли вазифалар юклатилганки, буни ҳис қилиш учун ҳар куни газета ўқиш керак! Шундай экан, ҳаётимизни газета-журналларсиз тасаввур қилиш журналистика соҳасини қўл оёқсиз қолдиришдек гап. Икки таянч аъзосидан айрилган тананинг ҳаракати, яшаши, кишилик жамиятига хизмат қилиши нечоғлик мушкуллигини ўзингиз ўйлаб кўраверинг!

2019-2020 йилларда аҳолини босма нашрларга обуна қилиш тизимидаги янгича ёндашувлар туфайли барча таҳририятлар молиявий муаммоларга дуч келди. Улар ўзини ўнглагунича, айрим кишилар газеталардан босқичма-босқич воз кечиш ғоясини илгари сурдилар. Бундай маъносиз таклифлар журналистлар орасида жиддий баҳс-мунозараларга ҳам сабаб бўлди. Гап газета ва журналларнинг бугунги аҳволи, бу соҳада ҳалол меҳнат қилаётган минглаб заҳматкаш журналистлар ижодий муҳити ҳақида кетар экан, аччиқ бўлса-да бор ҳақиқатни гапириш, пана-пастқамда фурсат пойлаб, таҳририятлар қадр-қимматини пастлатишга қаратилган таги пуч ғоялар ва ғализ фикрлардан кўра хайрлироқдир. Жасорат билан айтилган битта рост сўз, кимнингдир мансаби ва тазйиқидан чўчиб, унга тилёғламалик билан ҳамду санолар тўқишдан фойдалироқдир.Шундай экан, келинг, бу мавзудаги мушоҳадаларимизни оғир-босиқлик билан тарозига қўйиб кўрайлик. Зеро, адолатли ўлчов ҳар биримиз учун фақат ва фақат фойда келтиради.

Ахборот манбаларига бўлган эҳтиёжни янги шаклланган интернет тизими орқали топишга уринаётганлар сафи тобора ортиб бораётир. Шу боис, кўпчиликда жамиятдаги ижтимоий-сиёсий жараёнлар тўлиқ интернет тармоқлари орқали бошқарилади деган ноўрин тасаввур ҳам шаклланди. Ҳаттоки, айрим ижтимоий тармоқларда эртаю кеч газета саҳифалари устида кўз нурини тўкиб меҳнат қилаётган журналистлар, шунингдек жамиятда қонун устуворлигини таъминлаш борасида изчил ислоҳотлар ўтказаётган прокуратура, суд, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари шаънини топташгача бориб етадиган, мазмун моҳиятдан йироқ бўлган, асоссиз, шов-шувли хабарлар, нохолис фикрлар кўлами кенгаймоқда. Шулардан келиб чиқиб, газеталарнинг шонли ўтмиши, бугуни ва эртасига холис баҳо берсак, деган илинжда ушбу мақолага қўл урдик.

Бошқа ОАВни асло камситмаган ҳолда айтиш жоизки, босма нашрлар жамоаси ҳамиша билимли ва иқтидорли ижодкорлар билан шаклланиб келган. Шу туфайли илгарилари бундай таҳририятларга ишга кириш учун талабгорда муайян илм-маърифат, салоҳият, журналистга хос дид ва маданият бўлиши лозим эди. Масалан, бир пайтлари газеталарда фан номзодлари, профессорлар, адабиётшунос олимлар меҳнат қиларди. Мана шу мезондан ҳам босма нашрларнинг ўша даврдаги салоҳиятини билиб олсак бўлади.

Собиқ иттифоқ даврида эса газета-журналлардаги кунни тунга улаб меҳнат қилаётган виждонли журналистлар икки ўт орасида яшашарди. Бир томондан собиқ компартия кўрсатмаларидан, унинг ғояларини халққа етказишдан бир лаҳзага бўлса-да, чекиниш, ҳаттоки, иккиланиш ҳам мумкин эмасди. Айни дамда, жафокаш миллатнинг дарди битилган мақолаларни ҳам чиқариш лозим эди… Онда-сонда бўлса-да, баҳор осмонидаги чақмоқдек ярқ этиб, кўзга ташланадиган бундай мақолалар чоп этилган газеталар қўлма-қўл бўлиб кетарди.

Босма нашрлар таҳририятлари доимо илм-маърифат тарқатувчи маскан сифатида эъзозлаб келинган. Бу қутлуғ даргоҳ ўз бағрида таниқли адиб Абдулла Қодирий, Абдулла Қаҳҳор, давлат ва жамоат арбоби Шароф Рашидов, академик шоир Ғафур Ғулом, ёзувчи Ойбек, Одил Ёқубов, Шукрулло, Туроб Тўла, Миртемир, Ўзбекистон Қаҳрамонлари Саид Аҳмад, Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Ўзбекистон халқ шоири Омон Матжон, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби Лазиз Қаюмов, адабиётшунос олим Иброҳим Ғафуров, шоиралар Зулфия, Ҳалима Худойбердиева, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, педагог Муҳтарама Улуғова ва Қутлибека Раҳимбоева, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Ўткир Ҳошимов ва Тоҳир Малик, адиблар Хайриддин Султонов, Эркин Аъзам, Хуршид Даврон, Шавкат Раҳмон сингари давр дарғаларини тарбиялаб вояга етказди. Улар рус ва жаҳон адабиёти дурдоналарини яратган Пушкин, Лермонтов, Достоевский, Чехов, Толстой, Некрасов, Шекспир, Шиллер, Бодлер, авар халқининг севимли фарзанди, машҳур шоир, моҳир таржимон, публицист ва сиёсат арбоби Расул Ҳамзатов сингари адиблар асарларини юксак маҳорат билан ўзбек тилига таржима қилиб, босма нашрларда чоп этиш билан бир қаторда, ҳар бир сатрида миллат манфаати яширинган ўз ижод намуналарини сиёҳи қуримасдан, айнан газета-журналлар орқали собиқ иттифоқ компартиясининг тўқмоқлари остида бўлса-да, халққа етказишди. Уларнинг миллий матбуотимизни юксалтириш, газета-журналларни ҳар томонлама мукаммал чоп этилиши борасидаги камтарона хизматлари тарих саҳифаларига зарҳал ҳарфлар билан битилажак.

Она Ватанимиз бошидан кечирган барча суронли йилларда халқимиз тарихи, тили ва маданияти, мумтоз адабиётини сақлаб қолишда газета-журналлар жамоалари сиёсий тарғиботчи сифатида иш олиб борди. Миллатни ўз эркини англашида, ота-боболаримизнинг дунё илм-фани ва маданияти ривожига қўшган буюк хизматларини эътироф этилишида, Ўзбекистоннинг мустақиллик декларацияси ҳамда Ўзбекистон Республикасининг «Давлат тили ҳақида»ги Қонунининг умумхалқ муҳокамаси жараёнида, уни Қонун сифатида қабул қилинишида, мамлакатимизни мустақил давлат бўлиб шаклланишида, истаймизми, йўқми, таҳририятларда ҳалол меҳнат қилган юзлаб журналистлар, адиблар, шоирлар, тилшунос ва педагогларнинг хизмати беқиёсдир.

Қолаверса, таҳририятлар ўз бағрида камолга етган юзлаб журналистларни Ўзбекистон Республикаси Президенти Админстрацияси, Олий Мажлис ва Вазирлар Маҳкамасига, вазирликлар, ҳуқуқ-тартибот идоралари тизимларидаги масъ­ул лавозимларга тайёр мутахассис сифатида тавсия этиб келди. Ғурур билан айтиш мумкинки, бу анъана бугун ҳам давом этмоқда. Буни шунчаки унутиб юбориш мумкин эмас!

Ошкора айтишимиз керак бўлган яна бир ҳақиқат шуки, газета журналларни оммавий шаклланишига беқиёс ҳисса қўшиб, сафимизни тарк этган марҳум журналистлар ва ижодкорлар хотираси ҳаммамиз учун доимо азиздир. Уларнинг иззат-ҳурматини хайрли дуолар билан ёд этиб, жойига қўйиш­лик бугунги авлод зиммасидаги бурчдир. Буни ҳам унутиб бўлмайди! Лекин, афсуски, бундай хайрли ишлар бир четда қолиб, улар очган эшикларни тақа-тақ ёпиш, не азоблар билан ўстирган чинорларини қирқиб қуритиш пайига тушиб қолганлар ҳам бор…

Ҳаётнинг қонуни шуки, инсондаги бундай тошбағирлик Яратганга ҳам  ёқмайди! Шундай эмасми?

Газета журналларни чоп этиш жараёни ўта мураккаб кечишини тасаввур қиладиган бўлсак, таҳририят ходимларининг холис хизматлари қадри янада баландроқ бўй кўрсатади.

Ўтган асрнинг 80-йилларида Ўзбекистон журналистикаси энг гуллаган даврга қадам қўйганди. Таниқли адиб ва шоирлар, публицистлар, тарихчилар, академик олимлар айнан газета-журналларда халқ манфаатини баралла ҳимоя қилиб чиқишди. Миллатимиз пешонасига тамға қилиб босилган «Босмачилик ҳаракати», «Боқиманда ва саводсиз халқ», «Дин афюндир», «Пахта иши» каби таҳқирлашларни тарихий маданиятимиз, муқаддас динимиз, илм-фанимиз ютуқларини очиб бериш орқали бутунлай сидириб ташлади. Ўша йиллари авж олган, ўзбек фарзандларининг мамлакатимиз сарҳадларидан четдаги ҳарбий хизматда ва маъносиз афғон урушида шунчаки, эрмакка ҳалок бўлаётгани муаммосини кўтариб чиқди. Нуфузли халқаро анжуманларда миллатимиз ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилди. Халқимиз шаъни, қадр-қимматини, тилимиз ва маданиятимизни тан олинишига тўлиқ эришди. Газета ва журналларда чоп қилинган асарлари орқали бутун жамоатчиликни миллат эрки учун собиқ шўро тузумига қарши оёқлантирди.

У пайтлари ҳозиргидек, битта тугмани боссангиз ҳамма ишни муҳайё қиладиган компьютерлар йўқ эди. Таҳририятлардаги тегишли бўлимлар томонидан тавсия этилган мақолалар, шеърлар, ҳикоялар аввал қўл машинкасида қоғозга туширилар, такрор-такрор адабий таҳрирдан ўтгач, чоп этиш цехида қайтадан қўрғошинли ҳарфларда терилар, хуллас, саҳифа тўлиқ шакллангунича бўладиган узлуксиз, машаққатли жараёнларда юзлаб журналистлар, муҳаррир ва бош муҳаррирлар, масъул котиблар, рассомлар, ишчилар, муҳандис-техник ходимлар иштирок этишарди. Эрталаб соат 9:00да ишхонага етиб келган ижодий ходим, айниқса, масъул лавозимдаги кишилар 12 соатлаб ишлашарди. Газетанинг кунлик чиқишини таъминлайдиган навбатчи журналистлар Худонинг берган куни борки, эрталабдан кейинги кун тонггача саҳифаларда хатони тўғрилаб кўз нурини тўкишарди. Бу —  газетанинг қора меҳнати, журналистнинг ҳалол нони эди!

Ана шундай кунларнинг бирида, «Қишлоқ ҳақиқати»-«Сельская правда» газеталарига Самарқанд вилоят нашрининг раҳбари Аҳмаджон Мухторов бош муҳаррир этиб тайинланди. Бу ҳақидаги ахборотни барча марказий газеталар чоп этди, телекўрсатув ва радио­эшиттиришлар орқали жамоатчиликка етказилди.

Рус тилида ҳам эмин-эркин, қойиллатиб ижод қиладиган раҳматли Аҳмаджон Мухторовнинг Тошкентга келиши пойтахтдаги адабий ва ижодий муҳитга катта таъсир кўрсатди. Ҳар иккала тилдаги газета саҳифаларида адиблар, иқтидорли шоирлар, зиёлилар, академик олимлар ва жамоатчилик вакилларининг халқчил мақолалари чиқа бошлади. Абдулла Қодирий, Абдурауф Фитрат, Абдулҳамид Чўлпон, Маҳмудхўжа Беҳбудий сингари давр қатағонларининг ижоди ва ҳаёти совет матбуоти саҳифаларида илк бор ёқлаб чиқилди. Асарларидан намуналар чоп этилди. Афсуски, бош муҳаррирдаги бундай жасорат мустабид ту­зум даврида сиёсий нодонлик сифатида баҳоланарди. Одам ўз устига ўзи бензин қуйиб, гугурт чақиб юбориши билан тенг эди. Шундай ҳам бўлди. А.Мухторовнинг масаласи энг юқори идораларда муҳокама қилинди. Бироқ оташин журналист, публицист, ғайрат-шижоатли давлат ва жамоат арбоби ортга қайтмади. Ёлғиз ўзи қора қузғунларга қарши курашиб, ғолиб бўлди. Орадан ҳеч қанча вақт ўтмай, газетанинг жойлардаги нуфузи янада ошиб кетди.

Ўша кезлари «Ёш ленинчи» газетасидан энди Ўзбекистон радиосига ишга ўтгандим. Бир куни Аҳмаджон ака қўнғироқ қилиб ёнларига тез келишимни сўрадилар. Борсам, эшиклари ланг очиқ, ниманидир таҳрир қилаётган эканлар.

— Ҳа, келдингми, ўтир, — дедилар қоғоздан бошларини бироз кўтариб. — Кўрдингми, ҳаттоки, расм остидаги тагсўзни ҳам ишониб бўлмайди. Ҳамма ишни Мухторов бажариши керак. Энди бунақаси кетмайди! Ё ёзишни ўрганишади ёки бошқа иш топишади!

Ростдан ҳам шундай бўлди. Газета мавқеини кўтариш учун таҳририят ижодий жамоасида қайта тикланиш ва янгиланиш амалга оширилди. Устоз ўз атрофига қўлидан иш келадиган шижоатли журналистларни йиға бошлади. У киши нафақат қўл остидаги жамоаси, балки ҳозирги Матбуотчилар кўчаси 32 уйда нашр қилинадиган барча газеталар журналистлари учун устоз сифатида танилди. Уларнинг дардини эшитиб, қўлидан келганича ёрдам кўрсатди.

«Қишлоқ ҳақиқати» таҳририяти худди ҳозиргидек, бинонинг бешинчи қаватида жойлашганди. Лифт ёнидаги деворда: “Ақл қайроғи, юрак қийноғи, сўзнинг қаймоғи бу — Газета!” деган ёзув пайдо бўлди. Бу раҳматли Аҳмаджон Мухторовнинг ўзлари ижод қилган сатрлар эди. Йирик ҳарфларда битилган бу шиор шу жойда анча вақтгача осиғлиқ турди.

1990 йил август ойи­да тажриба орттириш ва илмий иш қилиш илинжида Ленинград(ҳозирги Санкт-Петербург)даги сиёсатшунослик институтига ўқишга кетадиган бўлдим. Сафар олдидан устоз билан хайрлашиш учун ишхонасига бордим.

— Бизга яхши-яхши мақолалар жўнатиб тур, тушундингми! — деди у киши қатъий оҳангда. — Яқинда бир янгилик бўлади. Борибоқ, манзилингни билдир, биринчи бўлиб сенга хабар қиламан. Хурсанд бўладиган иш. Балки, ўқишни битириб бизга қайтарсан. Бундан кейин кўпроқ Москвада доимий комиссия таркибида ишлайман. Хабарлашиб турамиз тушундингми? Москва билан Ленинграднинг ораси бир қадамлик йўл бўлса, шундай эмасми,-деб, кулиб қўйдилар. Гапининг мазмунидан, устоз анчадан буён пишитиб юрган режасини уддалаганини фаҳмладим.

1990 йил ноябрь ойининг ўрталарида Ленинград шаҳридаги Екатеринанинг ёзги саройи билан Қозон собори оралиғида жойлашган ётоқхонамизга поч­та орқали юборилган, «Халқ сўзи» газетасининг 29 октябрь кунги нишона сони етиб келди. У бир зумда, ўзбекистонлик ёшлар ўртасида қўлма-қўл бўлиб кетди. Газетанинг биринчи саҳифаси тепасида, Чўлпон (Абдулҳамид Сулаймон ўғли)нинг: “Халқ денгиздир, халқ тўлқиндир, халқ кучдир!” деган сатрлари шиор бўлиб турарди. Кимки, газетани қўлига олиб, саҳифалардаги таниқли адиб ва шоирлар, жамоатчиликнинг илғор намояндалари ёзган ҳур фикрли мақолаларни ўқиган бўлса, барчаси Аҳмаджон Мухторовнинг жасоратига тасаннолар айтганди. Чунки ўша даврда бундай газетани чиқариш арининг инига чўп тиқиб қўзғаш билан баробар эди-да!

1991 йил, 1 январдан тўлиқ ададда чиқа бошлаган «Халқ сўзи» — «Нородное слово» газеталари раҳматли Аҳмаджон Мухторов бош муҳаррирлик қилган йилларда ўз қатъиятидан бир қадам ҳам оғишмади. Халқ манфаатини ифода этган мақолалар пешма-пеш чиқиб турди. Саҳифаларида журналистларининг жасорати уфуриб турган мақолалар туфайли «Халқ сўзи», «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» ва бош­қа расмий нашрларни газета дўконларидан топиш қийин эди. Одамлар эрта тонгданоқ харид қилиб кетарди.

Хўш, интернет оламига бутун вужуди билан сингиб бораётган бугунги ёшлар буни билишадими? Босма нашрларнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётдаги аҳамиятига қўл силтаётган кибр­ли тўралар, ором курсисига ёпишиб, газета-журнал ўқиш­ликни ўтмишга менгзаётган, ҳар йили обуна мавсумида ҳамкорлик илинжида остона хатлаган таҳририят ходимларини қўрс ва қўполлик билан ўзидан йироқлатишга «жасорат» кўрсатаётган ҳокимлар, ташкилот ва идоралар раҳбарлари таҳририятлардаги журналистларнинг қора меҳнатини тушунишармикан?!

Яқинда ана шундайлардан бири, Тошкент вилоятининг «Олтин воҳа» ижтимоий тармоғида «Халқ сўзи»нинг расмий сайтида Оҳангарон шаҳар ҳокимининг ишдан олиниши тўғрисидаги ахборотга асоссиз норозилигини, собиқ ҳокимга бўлган шахсий садоқати туфайли газетага туҳмат тоши отиш орқали баён этди. Лекин шум ниятини уддалаёлмади. Отган тоши бошига тушди. Бу каби тармоқларда шов-шувли ахборот бизнеси ортидан қуваётганлар газетачиликнинг қора меҳнатини қандай қадрлашсин!?

Жорий йилнинг 27 июнь куни нишонланган «Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни» муносабати билан жойлардаги ҳокимлик, вазирлик, ташкилот ва идоралар раҳбарларининг кунни тунга улаб меҳнат қилаётган, аҳоли хонадонларига илм-маърифат зиёсини улашаётган газеталар ижодий жамоалари меҳнатига кўрсатган совуқ муносабатида бундайларнинг асл башараси янада ойдинроқ намоён бўлди.

Газета-журналларнинг аҳволи кун сайин ғариблашаётгани, аҳолининг обуна жараёнига салбий муносабат билдираётгани балки, таҳририятларда қисса, очерк, публицистика, ҳикоя, репортаж, фельетон, ҳажвия, танқидий мақола сингари жанрларнинг унут бўлиб бораётганига ҳам боғлиқдир. Балки, саҳифаларнинг бошидан охиригача ҳамду санолар, мақтовлар, ютуқлар, келажакка бўй чўзган чегарасиз орзу ҳавасларга тўлиқ мақолалар кишиларни газета ўқишдан совутаётгандир? Бундай мақола ва хабарлар ўрнига, жойларда аҳолини қийнаётган муаммолар, турмуш ташвишлари акс этган бир чимдим ҳақиқати бор таҳлилий мушоҳадалар, диний, тарихий, маънавий меросимиз, мумтоз адабиётимиз дурдонаси бўлган асарлардан парчалар бериб борилгани ҳам маъқулдир. Ҳар ҳолда газеталарни янада ўқишли қилиш, оммавийлигини ошириш таҳририят ходимларининг ўзига ҳам боғлиқ, шундай эмасми?!

Иккинчи тарафда эса, бугунги пандемия давридаги оғир шароитга, қатъий чекловларга қарамасдан чоп этилаётган мавжуд нашрларнинг ўқувчи қўлига ўз вақтида етиб бормаслиги муаммоси турибди. Таҳририятлар ҳарчанд ҳаракат қилишмасин, бизда ҳали «Ўзбекистон почтаси», «Матбуот тарқатувчи» каби ташкилотларда бу борадаги хизмат кўрсатиш тизими яхши йўлга қўйилмаган. Шу боис кишилар ўз обуна нашрларини муттасил кечикиб олишмоқда. Бу пайтда тезкор блогерлар ва ижтимоий тармоқлар айрим хабар ва лавҳаларни интернет тизими орқали аллақачон етказишган бўлади. Бундай муаммолар ечимини қидириб топиш, ҳар ким ўз кўрпасига қараб, оёқ узатаётган, жуссаси ва кучига қараб, аравасини ўзи тортаётган бир пайтда, газета-журналлар мавқеини тиклашда, обуначилар сонини кўпайтиришда, журналист қора меҳнатининг эътироф этилишида алоҳида ўрин тутади..

Яна бир ҳақиқат шуки, “Instagram”, “Facebook”, “Youtube”, “Telegram” сингари тармоқлар қанчалик тез оммавийлашмасин, барибир одамларнинг газета ўқишга, ундан маънавий озуқа олишга бўлган эҳтиёжи сақланиб қолаверади. Чунки босма нашрлар олий маълумотли журналистлар, тилшунослар, адиблар, шоирлар, турли соҳа олимлари ва педагогларнинг ўзаро ҳамкорликдаги машаққатли меҳнатлари самарасидир. Фан-таълим, адабиёт, санъат қўйингки, барча жабҳалардаги муаллифларнинг бирор бир мавзуда қоғоз қоралаши учун бир неча китобларни кўздан кечиришига тўғри келади. Шоир ва адибнинг ижод маҳсули эса уйқусиз тунлар меваси эканлигини ҳам унутмайлик. Энди уларнинг босма нашрларга тақдим этган рисолалари икки-уч бор адабий таҳрирдан ўтиши, сиёсий мавқеи ҳисобга олингач, ички цензура тавсиясидан кейингина чоп этилишини ҳам кўз олдимизга келтирадиган бўлсак, газеталарнинг жамиятдаги аҳамияти, аҳолининг оммавий саводхонлигини юксалтиришдаги хизматлари янада ойдинлашади.

Ҳар биримиз, ўз танамизга бир ўйлаб кўрайлик! Пишиқ-пухта ёзилган, ўзида миллат ва жамият дардини мужассамлаштирган, мавжуд муаммолар ечимига йўл топишни талаб этаётган танқидий-таҳлилий мақола қаёқдаю, ижтимоий тармоқлардаги ҳар хил олди-қочди жумлалардан иборат, сўзнинг эга кесими аралаштириб юборилган матнлар, ҳаёсиз видеотасвирлар қаёқда?!

Газетада чоп этилган мақола ва расмий ахборотлар, қонун ҳужжатлари, қарорларни киши истаган пайтда очиб ўқиш имкониятига эга бўлади. Интернет тармоқларда эса бу жараён ўзгача акс этади. Бугун ўқиганингни бирор бир сабабга кўра, эртаси куни тополмайсан киши.

Юқорида таъкидлаганимиздек, “Youtube” тармоғида айрим блогерлар томонидан ташкилотлар шаънига айтилаётган таъна-дашномлар, ҳақоратомуз сўзлар ҳам бугун чегара билмай қолди. Ким нимани тўғри деб, билса, шуни оммага етказишга зўр бермоқда. Аслида, ахборотни тезкор тарқатишда ҳам маълум бир қоида, сўз қолипи бўлиши керак эмасми?

Тармоқлардаги жиловсизлик­лар бир тарафдан жамиятдаги матбуот ва сўз эркинлиги, демократия тамойилларини акс эттирса-да, лекин миллий маданиятимиз, урф-одатларимиз, диний қадриятларимизнинг йиллар давомида шаклланган қоидалари буни ҳазм қила олармикан?! Ахир биз бир пайт­лари, жаҳон афкор оммаси томонидан илм-маърифатли буюк бир миллат сифатида тан олинмаганмидик?

Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий, Замаҳшарий, Абулайс Самарқандий, Қаффол Шоший, Имом Насафий, Бурҳониддин Марғиноний сингари илм-маърифат етакчилари бўлган бобокалонларимиз дунё маданиятининг шаклланишига сабабчи бўлмаганмидилар? Уларнинг абадий барҳаёт асарлари бугунги миллий мафкурамизга асос қилиб олинмаганми? Унда нега биз замон талаби деган эҳтиёжимизни қондириш учун Европа маданияти сари қўл чўзиб, ўзаро қадр-қимматни, меҳр-оқибатни, катталарга ҳурмат, кичикларга иззатни унутяпмиз?!

Мана газета-журналлар жамиятга нима учун керак! Босма нашрларнинг бугунги оғир шароитини бошидан ўтказаётган журналистлар қора меҳнатининг қадри қанчалик муҳимлигини газеталарни ўтмиш қаърига улоқтирмоқчи бўлаётганлар тушунишармикан? Нима бўлганда ҳам, аҳолини газета-журнал ўқишдан ҳозирча тиймай турган маъқул. Келажакни эса вақт кўрсатади, шундай эмасми?!

Шодиёр МУТАҲҲАРХОН ўғли,

журналист-сиёсатшунос

Мақола “Жамият” газетасининг “bong.uz” сайтидан олинди