Коронавирусга қарши ҳайқириқ!

2020-07-29T07:30:22+00:0029 Iyul, 2020|Наманган вил., Ҳафта мақоласи|

Кураш нечун?

Дарҳақиқат, кураш нечун? Курашмоқдан мақсад не? “Курашмасдан ўлган халойиқ, Барча таъна-таъқибга лойиқ!” дейилади бир шеърда. Бу қандай таъна ёки таъқибки, халойиқ унга муносиб кўрилса? Жиддий ўйлаб қаралса, шоирнинг мақсади аёнлашади. Коронавирусга қарши қатъий чора-тадбирлар қўлланаётган бир паллада кўча-кўйда ниқобсиз юрган, ижтимоий масофа сақламаётган юртдошларимизга таъна қилсак биздан хафа бўлишмасин. Ярим тунда миллий гвардия ва ички ишлар бўлими ходимлари томонидан карантин қоидаларини бузганликлари учун таъқиб қилинаётганлар айбни ўзларидан қидиришсин. Минг афсуски, уларнинг қонун-қоидаларга хилоф хатти-ҳаракатлари таъна-таъқибга муносиб. Айбни бўйнига олиш ва кейин уни такрорламаслик – марднинг иши. Қилар ишни қилиб тартиб посбонларидан ўпкалаш ноўрин. Ахир улкан ёв, яъни коронавирус балоси тинчлигимизни бузмоқда. Қўл қовуштириб ўтириб унга қарши курашиб бўлмайди. “Ҳолва” деган билан оғиз чучимаяди. Оғизни ширин қилмоқ учун ҳолвани ейишимиз керак. Бошқача айтганда, ҳаракатсиз ният нолга тенг. “Олма пиш – оғзимга туш!” – деб ўтириш ярашмайди. Олма ейишни орзу қилган кўчат экади, уни парваришлайди. Коронавирусдан халос бўлишни истасак, унга қарши биргаликда курашмоғимиз шарт.

Хўш, Президент Шавкат Мирзиёев томонидан коронавирус пандемиясига қарши кураш чора-тадбирлари халқимиз онг-у-шуурида қандай акс-садо бермоқда?

Тунов куни маҳалламизда ғалати “можаро”га гувоҳ бўлдим. Дарвозаси олдида салқинлаб ўтирган бобога  набираси хархаша қиляпти: “Боғга олиб борасиз, ҳалинчакда учаман! Ўзингиз тўрт марта ухлаганингдан кейин борамиз дегандингиз-ку!” Можаро анчага чўзилди ва уч-тўрт ёшдаги боланинг хархашаси ростмана йиғига айланди. Иложсизликдан хуноби ошган бобо “Бўжи кетсин, олиб бораман, болам! Мен хоҳламасмидим шуни!” – деди бўғилиб очиғи, болага ҳам, бобога ҳам раҳмим келиб кетди. “Бўжи” – коронавирусга лаънат ўқидим. Сездимки, боланинг беғубор қалбини эҳтиётлаган бобо ҳам ичида “бўжи”ни аямай сўкди. Бу воқеа – пандемияга нисбатан шаклланаётган ижтимоий муносабатнинг ўзига хос кўзгуси. Ҳозир мамлакатмизда вирусдан ҳимояланишни ва унга қарши биргаликда курашишни мужассам этгувчи ижтимоий кайфият бўй ростламоқда. Давлатимиз раҳбари “Вазият оғир! Уйғонинглар! Кўзларингни очинглар!”-деганда шундай ижтимоий кайфият шаклланишини орзу қилганига шак-шубҳа йўқ!

Юқоридаги мулоҳазаларни ёзар эканман, беихтиёр хассос ижодкор Мақсуд Шайхзоданинг “Кураш нечун?” номли шеъри ёдимга тушди. Фашизмга қарши кураш мақсадини ажиб поэтик услубда ифодалаган бу шеър бугун яна янги маъно касб этаётгандек назаримда.

 

Кураш нечун?

 

Зафарнинг нашъасин тотиган эрлар:

“Сулҳ десанг, урушда енгиб чиқ” дерлар.

Бу кураш ҳаётнинг қонуни учун,

Бу – чорак асрнинг якуни учун…

Бу элнинг гўдаги, чоли, гўзали,

Навоий мисраси, Бобур ғазали.

Дуторнинг бемалол унлари учун,

Ижоднинг муҳташам кунлари учун.

Онанинг меҳрибон алласи учун,

Ватаннинг нефти ҳам, ғалласи учун.

Халқдаги қўшиқлар, мақоллар учун,

Ўрмонлар, чаманлар ва толлар учун.

Тер тўкиб қазилган каналлар учун,

Фируза кўрфазлар, ороллар учун…

Эртанинг иқболи кечадан базўр,

Бу кундан кечамас эрта туғилур.

Булут сўндиролмас ёруғ кундузни,

Шапарак тўсолмас олтин юлдузни.

Эй ватан, эй дунё, эй инсон, қардош,

Халқлар эрки учун берамиз бардош.

Шу учун, шу учун муқаддас кураш,

Ўғри пачоқлаган, дермиз, Бас, кураш!

Зафарнинг нашъасин тотиган эрлар:

“Эрк десанг, урушда енгиб чиқ” дерлар!

Ҳа, дунё узра коронавирусга қарши чинакам уруш бормоқда. Набираси соя-салқин боғда эмин-эркин ўйнамоғи учун ўша бобо, ишончим комилки, коронавирусга қарши курашаётганлар сафида бўлишга шай. Зеро, оғир дамларда ўзини қўлга олмоқ ва бутун куч-қудрати ила қад ростламоқ – халқимизга хос мардонавор қадрият. Ўзбекистон қаҳрамони Абдулла Орипов шундай ёзади:

 

Генетика

 

Мен яхши англайман, мозий не демак,

Тарихда ҳар кимнинг бор ўз замони.

Лекин танимизда кезар-ку бешак

Олис бобларнинг минг йиллик қони.

Нечоғли сабот бор ёвқур Широқда,

Эрйигитов тўпга кўксин босар жим.

Раҳимов ғанимга ташланган чоғда

Алпомиш шиддатин пайқамаган ким?!

Оҳу боласи бу – оҳудай боққан,

Шерваччада эса шернинг шиддати.

Авлодлар қонида минг йиллаб оққан

Буюк боболарнинг турфа хислати.

Оққан дарё оқаверади. Довул туриб булутни қувар, ёв қутурса уни юрт қувар. Бугун эл-юрт тақдирига таҳдид қилаётган ёв – коронавирус! Бу балонинг ёвуз кучини ҳис қилмоқ учун уни юқтириш шарт эмас. Қачонки бош деворга урилгандагина кўзнинг очилиши – биз учун уят, ҳижолатли ҳолат. Янги Ўзбекистонни янгича тафаккур барпо этажак ва бу жараён алломалар ижодидан озуқлангусидир.

Умринг ўтадир, сен на ҳаёллар сурадирсан,

Беғам юрадирсан?

Мақсад не, фароғат кўйига йўл бурадирсан,

Кимга жўрадирсан?

Очилгали кўз шартми экан тошга бош урмак,

Сўнг кўзни яшурмак,

Не ўй била нодон тошига бош урадирсан,

Не наф кўрадирсан?

Ўзбекистон қаҳрамони Эркин Воҳидовнинг юқоридаги ибратомуз мисралари кўзни очмоқлик борасида ҳар биримизга бебаҳо эслатмадир. Шоир ўқувчисини мушоҳадага, мулоҳазага чорламоқда. Мушоҳада, мулоҳаза юритиш манбаи – мия ва миянинг мислсиз, мўжизакор маҳсули бўлмиш тафаккур! Тафаккур тантана қилган жойда коронавирус балосига йўл бўлсин! Аммо ҳар вақт ва ҳамма жойда тафаккур тантана қилавермайди. Гоҳо кимдир билиб туриб ўт билан ўйнашади ва ўзинида, атрофинида ўт ичида қолдиради.

Яна Ҳазрат Жалолиддин Румий ўгитларини эслайсан киши …“Эмишки, фил билан олишиб ҳолдан тойган арслон оч қолибди ва тулкини ёрдамга чорлаб бир эшак тутиб келишни буюрибди. Тулки ўзи ёлғиз ризқини териб юрган озғин эшак олдига бориб, уни авраб ям-яшил ўтлоқзор сари бирга кетишга ундабди. Эшак дастлаб тулкининг таклифига кўнмабди, лекин тулки айёрлик бобидаги маҳоратини ишга солиб уни кўндирибди. Манзилга яқинлашганда, эшак арслон ўкиригини эшитиб қочиб қолибди. Тулки эса бир амаллаб уни йўлдан қайтарибди. Гарчи хавфни очиқ-ойдин сезган бўлса-да, эшак тулкининг гапига ишонибди. Аёнки, кейинги сафар арслон эшакни ғажиб, сув ичгани нари кетибди. Вазиятдан фойдаланган тулки эшакнинг мияси ва ўпкасини еб қўйибди. Арслон келиб қараса эшакнинг мияси ва ўпкаси йўқ. У ғазабланиб тулкидан эшакнинг мияси ва ўпкасини сўрабди. Тулки эса бамайлихотир жавоб берибди: “Жаноб, эшакда мия бўлмайди. Мияси бўлса яна қайтиб келармиди?”

Қўполроқ бўлса ҳам, қиссадан ҳисса маълум: ўзимизни ўзимиз коронавирус балосига йўлиқтирмайлик!

Бугун карантин тадбирлари қатъий, ниқоб тақиш ва ижтимоий масофа сақлаш мажбурий. Тўғри, бунга барча ҳам бардош беравермайди ёки бардош беришни истамайди. Орамизда иродаси бўш одамлар ҳам топилади. Лекин унутмайликки, “Ёғочнинг бўшини қурт ейди доим”. Вақтинчалик фароғат деб наинки ўзимизни, балки бошқаларни ҳам хавф-хатарга қўйиш – гуноҳи азим. Демак, ҳозир ҳар биримиз иродали бўлмоққа бурчлимиз! Ирода – бугун коронавирусга қарши кураш жараёнида бош байроқ, эзгулик байроғи. Яна Абдулла Ориповга қайтамиз, шоир мисраларини юртдошларимизга ибрат қилиб кўрсатамиз:

Неларни кўрмагай инсоннинг боши,

Неча бор қоврилиб, тирилган жаҳон.

Барига етаркан сабру бардоши,

Демак, иродадан яралган инсон.

Янги Ўзбекистонни барпо этмоқ учун кураш давом этади ва бу йўлда коронавирус балоси халқимиз иродасига қарши туролмайди!

 Раҳимжон Ирисов,

Наманган вилояти ахборот ва оммавий

коммуникациялар бошқармаси бошлиғи.