Яна ахборот хавфсизлиги ҳақида

2020-07-17T05:05:06+00:0017 Iyul, 2020|Умумий янгиликлар, Ҳафта мақоласи|

Коронавирус пандемияси сайёрамиздаги миллиардлаб инсонларнинг ҳаёт тарзини ўзгартирди.

Экспертларнинг таъкидлашича, COVID-19 устидан ғалаба қозонилган тақдирда ҳам дунё бошқача бўлади, ҳаётимиз пандемиядан «олдинги» ва «кейинги»га бўлинади.

Иқтисодиёт, нормал ижтимоий ҳаёт ва у билан боғлиқ глобал, минтақавий ва икки томонлама сиёсий жараёнларни тиклаш учун қанча вақт кетиши тўғрисида турлича фикрлар билдирилмоқда.

Инсоният бундай шароитда, бу каби жиддий муаммо қаршисида глобаллашув, халқаро ҳамкорликнинг юзага келган шакллари иккинчи ўринга тушиб қолганининг гувоҳи бўлди. Амалиёт ҳар бир давлат ўз имкониятларига таяниб, фақат зарур ҳоллардагина ташқи ёрдам олиб ва бошқа мамлакатлар тажрибасидан фойдаланган ҳолда мустақил равишда омон қолиши – қийинчиликларни енгишнинг энг самарали йўли эканини кўрсатди.

Бу ҳолат муқаррар равишда ички ва ташқи бозорларда рақобатнинг кучайишига, фуқароларнинг ижтимоий фаровонлигини таъминлаш учун инвестициялар ва янги технологияларни жалб этиш, турли хил катаклизмаларнинг олдини олиш учун сабаб бўлади.

Ҳозирги тенденциялар, шунингдек, одамларнинг руҳий кайфиятига ҳам жиддий таъсир кўрсатмоқда.

 

Олимлар ва экспертларнинг ишончли вакциналар йўқлиги шароитида COVID-19, унинг пайдо бўлиши, унга қарши курашиш тўғрисидаги бир-бирига зид фикрлари инсонларда эртанги кунга нисбатан ишончсизлик, ўзи ва яқинлари тақдиридан хавотирланиш ҳиссини уйғотмоқда, кўплаб миш-мишлар ва уйдирмаларнинг пайдо бўлишига замин яратмоқда.

Ўз навбатида, бу у ёки бу мамлакатда мазкур вазиятни издан чиқариш бўйича турли бузғунчи кучларнинг фаолиятига кенг йўл очиб бермоқда.

Масалан, АҚШ ва Европадаги айрим кучли мамлакатлар ҳам полиция ходими томонидан афроамерикаликнинг ўлдирилиши оқибатида юзага келган бутун шаҳарларнинг босиб олиниши ва қирғинлар уюштирилиши олдида ночор ва тартибсиз ҳолатга тушиб қолдилар.

Бу ижтимоий тармоқлар баъзи шароитларда қандай бузғунчи кучга айланиши мумкинлигини кўрсатади.

Маълумки, интернет бир қанча афзалликлари билан бирга тобора дунё миқёсида клоакага (туйнук) айланиб бормоқда. Унда ҳар ким технологик абжирлик билан тармоққа ўзи истаган нарсасини жойлаштириши мумкин.

Афсуски, ушбу тенденциялар у ёки бу даражада бизнинг Ўзбекистонимизга ҳам дахл қила бошлади.

Сўнгги йилларда мамлакатимизга, ҳукумат қарорлари, марказий ва маҳаллий ҳокимият идораларига нисбатан қарши ҳужумлар сезиларли даражада ошди. Улар ижтимоий тармоқлардан фаол фойдаланган ва кўп сонли интернет сайтларидан тарқатган ҳолда, мамлакатимиздаги ҳақиқий вазиятни қоралаш учун ҳар қандай имкониятдан фойдаланишмоқда.

Ўз вақтида мамлакатимиздан чиқиб кетган ва 20-30 йиллар давомида хорижий давлатларда яшаган «мухолифатчилар» шундай ифлос иш билан шуғулланишмоқда.

Халқимиз «Чумчуқ сўйсаям, қассоб сўйсин», деб бежизга айтмайди. Истиқлолнинг дастлабки йилларида энг оғир шароитларда Ўзбекистон сиёсий суверенитетга, иқтисодий тизимга эга янги давлатчиликни барпо этишга, тил, тарих ва маданий қадриятлар билан боғлиқ долзарб муаммоларни ҳал қилишга, ўзбекларнинг топталган миллий қадр-қимматини тиклашга муваффақ бўлди.

Ҳа, босиб ўтилган йўлда хатолар ҳам бўлди. Лекин бу бутун босиб ўтилган даврни танқид остига олиш керак, дегани эмаску.

Савол туғилади: бугун хорижда яшириниб ётган «сиёсий банкротлар» интернетда ўз туҳматлари билан кимнинг манфаатларига хизмат қилишмоқда.

Ҳозирги кунда Ўзбекистон раҳбарияти кенг кўламли ислоҳотларни амалга оширмоқда, уларнинг муваффақияти жаҳон ҳамжамияти томонидан эътироф этилмоқда.

Масалан, бизнинг ўзимиз, ҳеч кимнинг тазийқисиз мамлакатда қашшоқлик муаммосини очиқчасига эътироф этдик ва унга қарши курашиш бўйича Давлат дастурини амалга ошираяпмиз, ана шу мақсадда тегишли вазирлик ташкил этдик. Бу дунёда ўхшаши бўлмаган ноёб тажрибадир.

Мамлакатимиз аҳолисининг ҳар йили 600 минг нафарга ўсишини эътиборга олган ҳолда, миллионлаб янги иш ўринларини яратиш бўйича саъй-ҳаракатлар қилинмоқда. Миллиардлаб доллар хорижий инвестициялар, энг илғор технологиялар жалб этилмоқда. Минглаб янги, замонавий корхоналар ташкил этилиб, уларда ёшларимиз ва хотин-қизлар меҳнат қилишмоқда.

Шундай шароитда турли арбобларнинг иғволари ва таъналари бу ишларга халақит беради. Шу боис, ҳар қандай сармоядор бирор бир мамлакатга пул ёки янги технологияларни киритишдан олдин у ердаги аҳволни ўрганади, мумкин бўлган хавфларни бартараф этиш учун турли манбаларга мурожаат қилади.

Шундай қилиб, бу каби инсонлар гўё ватанпарварлик ва халқ манфаатлари йўлида жонбозлик қилиш ҳақида баланд овозда гапириб, ўзларининг тарихий Ватанлари манфаатларига қарши ишлашмоқда. Кимдир ҳукуматни ёқтирмаслиги мумкин, бироқ халқнинг ҳаётий қизиқишларига бунинг нима алоқаси бор?

Чет элдаги танқидчи «мухолифатчилар» ишлаб берилиши керак бўлган нафақа ва грантлар ҳисобига яшашмоқда.

Халқаро валюта фонди ва Жаҳон банки сингари нуфузли тузилмаларнинг берган баҳоларига кўра, Ўзбекистон пандемия шароитида ҳам 2020 йилни ялпи ички маҳсулотни 1,5 бараварга ўстириш билан якунлайдиган саноқли мамлакатлардан бири ҳисобланади.

Жаҳон бозорларини аллақачон бўлиб олган ва ҳатто энг илғор мамлакатларга ҳам ўз шартларини қўядиган халқаро трансмиллий корпорацияларга Ўзбекистон сифатли, рақобатбардош маҳсулотга эга бўлган ва халқаро бозорларга чиқаётган ривожланган мамлакат сифатида эмас, фақат хомашё етказиб берувчи сифатида керак холос. Ушбу корпорациялар ўзларининг кўп сонли тузилмалари, масалан, хайрия ва таълим жамғармалари орқали дунё кибер майдонида уларнинг манфаатларига ахборий жиҳатдан хизмат қиладиганларни молиялаштириш орқали ўзлари учун фойдали шароитни ярата оладилар.

Ушбу мантиқдан қуйидаги хулоса чиқади: бизнинг хатоларимизни «фош қилувчилар» буни ўзлари тан оладиларми ёки йўқми, улар демократия, сўз эркинлиги, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш каби гўзал шиорлар остида яширинган ҳолда, бегона мамлакатда янада яхшироқ яшаш мақсадида жадал ривожланаётган Ўзбекистоннинг душманларига хизмат қилишмоқда.

Бошқача айтганда, бир классик арбоб айтганидек, ҳар бир ҳаракат ёки сўзнинг ортида кимнингдир муайян иқтисодий манфаати ётади.

Ижтимоий тармоқлардаги барча салбий ахборотлар оқими фақат мамлакатимиз ташқарисидан келиб тушмоқда, деб ҳисоблаш нотўғридир.

Мамлакатимиз ҳаётининг барча жабҳаларида олиб борилаётган демократлаштириш жараёнида, ОАВ тақиқлари ва цензура занжирларидан сезиларли даражада халос бўлишлик, интернет-сайтларни блоклашнинг тўхтатилишидан фойдаланган ҳолда, кўплаб блогерлар ва «троллар» пайдо бўлди. Уларнинг аксарияти ислоҳотлар жараёнини қизғин муҳокама қилишмоқда, камчиликларни мутлақо одил танқид остига олишмоқда ва уларни бартараф этиш бўйича конструктив таклифларни билдиришмоқда.

Бироқ улар орасида бадхоҳлар ҳам йўқ эмас. Уларнинг саъй-ҳаракатлари билан ҳар қандай кесилган дарахт, бузилган бино, ҳокимларнинг ноқонуний қарорлари барчани ва ҳамма нарсани қаттиқ танқид қилган ҳолда, ҳукуматга қарши қаратилган мутлақо нохолис хулосалар ва ҳужумлар билан улкан муаммога айланади.

Ўзбекистондаги воқеаларни муайян буюртма асосида, ғаразли ёритиш бўйича юқоридаги келтирилган барча масалалар тобора кучайиб бормоқда.

Айни пайтда бу йўналишда ишлайдиган расмий тузилмалар томонидан шунга ўхшаш жавоб қайтарилмаяпти. Мамнунлик ва хотиржамлик кузатилмоқда. Ҳамма мамлакатимизда юз бераётган кенг кўламли ислоҳотларни, барча соҳалардаги улкан ўзгаришларни шундоқ ҳам кўриб турибди.

Айрим мансабдор шахслар машҳур «ит ҳурар, карвон ўтар» маталига риоя қилган ҳолда, сохта ахборий ҳужумлардан ўзларини четга олмоқдалар.

Образли қилиб айтганда, ҳақиқатан ҳам карвон ўтмоқда, бироқ итлар жазоланмасликларини ва муносиб жавоб йўқлигини ҳис этиб, туяларни яна ҳам қаттиқроқ тишлашмоқда, яқинда эса, подачиларга ҳам етиб олишлари мумкин…

Бизнинг ислоҳотларимизни нафақат амалга ошириш, балки шунингдек, тушунарли тарзда изоҳлаш, зарур ҳолларда дискредитация ва ғаламис ҳужумлардан қатъий ҳимоя қилиш керакка ўхшайди.

Таъкидлаш жоизки, мамлакатимизда 20 миллиондан ортиқ киши интернетдан фойдаланади. Ижтимоий тармоқларда асосан, ёшлар, навқирон авлод вакиллари ўтиришади. Бузғунчи марказларнинг, ғоявий душманларнинг саъй-ҳаракатлари айнан ана шу аудиторияга қаратилган.

Биз салбий ахборот, турли сохта маълумотлар – инсонлар, айниқса, кибермаконда доим ўтирадиган ёшларнинг онгини аста-секин емирадиган заҳар эканини англаб етмоғимиз лозим.

Етук дунёқараш ва қатъий ҳаётий позицияга эга бўлмаган ёшлар ҳамиша ҳам оқ-қорани ажрата олишмайди. Бундан ташқари, ёш авлодга мақсадли таъсир ўтказиш иши билан ҳаваскорлар эмас, турли «рангли инқилоблар», «сариқ жилеткалар» ҳаракатлари ва давлатга қарши қаратилган бошқа акциялар учун замин яратадиган моҳир политтехнологлар шуғулланадилар.

Ўзбекистон ҳақидаги салбий мақолаларга жиддий қараш керак. Чунки уларнинг ташаббускорлари сўнгги тўрт йилда мамлакатимизда барча йўналишлар бўйича улкан ишлар амалга оширилгани ҳақидаги ҳақиқатга атайлаб эътибор беришмаяпти.

Бунинг ўрнига, кенг кўламли ислоҳотлар жараёнида мавжуд бўлиши муқаррар бўлган у ёки бу масалалар юзасидан аниқ хато ва камчиликлар танлаб олиниб, шов-шув кўтарилмоқда.

Бу мамлакатимизнинг ахборот хавфсизлигини бузиш, халқимиз ва жаҳон ҳамжамияти олдида унинг ички ва ташқи сиёсатини обрўсизлантириш бўйича мақсадли ишларни олиб борадиган кучлар борлигининг яққол далилидир. Бу Ўзбекистоннинг имижи, унинг инвестициявий ва сайёҳлик жозибадорлигига маълум даражада таъсир кўрсатиши мумкин.

Биз нима учундир сўнгги йилларда эришган ютуқларимиз ҳақида гапиришдан уяламиз. Ахир давлатимиз раҳбарияти томонидан қабул қилинаётган стратегик қарорлар МДҲ миқёсида ҳамкорларимиз томонидан диққат билан ўрганилмоқда.

Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, бизнинг тажрибамиз тобора кўпроқ ўзлаштирилмоқда. Бироқ бу ғоялар муаллифига ҳавола қилинмасдан, ўз талқинича фойдаланилмоқда.

Илгари ҳам айтилган, яна бир карра такрорланиши керак бўлган формулани айтмоқчиман: Ўзбекистондаги ислоҳотлар қанчалик муваффақиятли бўлса, улар шунчалик кўп ҳужумга учрайди. Мақсад – қандай бўлса ҳам бизнинг жадал тараққиётимизни тўхтатиб туриш.

Афсуски, амалга оширилаётган бузғунчи акциялар ва ахборий ҳужумларга нисбатан ҳамиша ҳам муносиб жавоб қайтарилмаяпти.

Илмий-экспертлар доиралари вакиллари, зиёлилар сукут сақлашмоқда. Давлат тузилмалари ходимлари томонидан бу туҳматларга қарши изчил жавоб қайтариш сезилмаяпти.

Ташқи сиёсий тарғибот оқсоқланмоқда, асосий эътибор олдингидек, фақат ички аудиторияга қаратилган. Телебаҳслардаги иштирокчиларнинг аксарияти саводли суҳбат олиб боришни билишмайди, сийқаси чиққан ҳаммага маълум ҳақиқатларни баён қилишади.

Шундай қилиб, Ўзбекистон Республикасининг ахборот хавфсизлигининг мақсадли тизимини яратиш бўйича қатъий зарурият пайдо бўлди.

Эътиборли жиҳати шундаки, бундай эҳтиёж ҳақида гап бошланиши билан шу заҳотиёқ, ёлланган хориж ОАВда сўз эркинлиги, ошкораликни ҳимоя қилиш, ижтимоий тармоқларни чеклаш, интернет-сайтлар фаолиятига аралашувни тақиқлаш ҳақида мақолалар пайдо бўлади.

Айни пайтда АҚШ, Хитой, Россия ва бошқа етакчи давлатлардаги ҳолат ўрганилганда, зарур ҳолларда ҳукумат блогерларнинг туҳматлари, ғаламис ҳаракатларига қатъий чек қўядилар ва бунда ноҳукумат ташкилотларнинг жавобларига эътибор қаратмайдилар ҳам.

Замонавий технологиялар асрида ахборот майдони – катта бизнес учун имкониятларга эга бўлган яна бир янги бозордир. Ҳар бир бизнесда бўлгани каби бу ерда ҳам лойқаланган сувда ўз балиғини тутиб олиш ниятида бўлган турли фирибгарлар бўлади.

Ўзини мухолиф деб билганлар, жумладан, ўзбеклар ҳам катта сиёсий комбинацияларда улардан фойдаланишаётганини билмасликлари мумкин. Ва қандайдир демократик ўзгаришлар ҳақидаги беҳуда гаплар ҳам демократиянинг асл мақсадларидан узоқдир.

Шоқосим ШОИСЛОМОВ,

сиёсатшунос.

 ЎзА