Қутлов

2020-07-15T10:06:21+00:0015 Iyul, 2020|Қутловлар|

Бугун таниқли журналист, ҳуқуқшунос ва шоир, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси қошидаги Ўзбекистон Журналистларининг  Касб этикаси бўйича жамоатчилик кенгаши раиси Карим Баҳриевнинг туғилган куни.

Карим Баҳриев 1962 йили Самарқанд вилоятининг Ургут туманида  таваллуд топди.  Самарқанд давлат университетининг рус филологияси факультетида, кейинроқ Ломоносов номидаги Москва давлат университетининг журналистика факультетида  таҳсил олди.

Фаолияти давомида “Ўзбекистон адабиёти ва санъати”, Маърифат”, “Хўжалик ва ҳуқуқ”, “Ҳуррият” газеталарида ва бошқа медиатузилмаларда масъул лавозимларда ишлади.

1990-1996 йилларда Ўзбекистон  халқ депутати сифатида  фаолият олиб борди.

К.Баҳриевнинг  мамлакатимиз ҳаёти ва миллий журналистика истиқболи билан боғлиқ долзарб мавзудаги  мақолалари нафақат Ўзбекистонда, балки  Австрия, Буюк Британия, Германия, АҚШ каби қатор  хорижий  мамлакатларда ҳам чоп этилган. У шунингдек шеърият муҳлислари қалбидан ўрин олган кўплаб   тўпламлар муаллифи,  бир қатор жаҳон классиклари асарларини ўзбек тилига ўгирган  моҳир  таржимон ҳамдир.

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси номидан  Карим Баҳриевни  таваллуд куни билан самимий муборакбод этамиз, унга узоқ умр, мустаҳкам соғлик, оилавий фаровонлик ва қувонч-шодлик, шунингдек, улкан ижодий ютуқлар  тилаймиз.