Ҳалима опани эслаб…

2020-07-15T06:14:50+00:0015 Iyul, 2020|Умумий янгиликлар, Ҳафта мақоласи|

Кундан-кунга бўлдим унга зор,

Қолди кўнглим гиргаларида.

Энди онам ҳасратлари бор

Боёвутнинг дарёларида.

 

Энди ёшим улғайган сайин,

Нолам узун кўнглим қаърида.

Онам ивиб ўтиргандайин

Боёвутнинг ёмғирларида…

Бу мисралар Ўзбекистон халқ шоираси, бетакрор ижодкор Ҳалима Худойбердиеванинг “Боёвутда” номли шеъридан парча. Гўё улар мен учун ёзилгандек туюлади. Опа шеърда бир дам ортга қараб қадрдон она қишлоқ ва муштипар онани эслайди. Мисралар шунинг учун ҳам дардчан, шунинг учун ҳам ишончли.

Мени, аввало, устоз шоира Ҳалима Худойбердиева билан қадрдон Боёвут боғлайди. Бир заминнинг фарзандимиз. Балки, шундандир ёзганлари менда ўзгача яқин, ўқиганда руҳимга тез сингади, хотирамда муҳрланади…

Талабалик давримда Тошкентда таҳсил оладиган боёвутлик дўстларимиз билан Ҳалима опанинг уйига кўп борганмиз. Ўғли Улуғбек билан қадрдон эдик. Шунинг учун опанинг хонадонида кўп тадбирлар уюштирардик. Ўйнаб-кулиб давраларни қиздирсак, опадан рағбатлар эшитардик. “Жуда маҳоратлисан-да, Толиб”, “Э ёниб кетдинг, ёнасан, ёндирасан-да, Толиб ” дерди боёвутча оҳангда. Опанинг сўзлари ҳозир ҳам қулоғим остида жаранглаб туради…

Ҳар гал опа янги китоби чоп этилганида менга ҳам илинарди. Бир китобнинг ичига “Боёвутнинг шамоллари эсадими ҳалиям, Жоним укам, эслаб кўнглинг ўсадими ҳалиям” деб дастхат ҳам ёзиб берган эди. Бу мисрада ҳалиям боёвутликмисан, ёки тошкентлик бўлиб кетдингми, деган ҳазил аралаш кесатиқ борлигини ҳам сезаман…

Ҳалима опа катта шоира, шу билан бирга чиройли сабр эгаси ҳам эди. Давр тақозоси билан опага маълум бир чекловлар қўйилди. Ҳатто газета ва журналларда ижод маҳсули тугул, номлари ҳам қайд этилмади. Бу оилага яқин киши бўлганим учун ўша вазиятларни яхши биламан. Ўша вақтларда Ҳалима опага кўплаб мамлакатлардан сиёсий бошпана бериш таклифлари келган. Аммо опа бирорта таклифни қабул қилмади. Хорижлик журналистлар опанинг ҳолати ва у учраган тазйиқлар ҳақида билишга интилиб, интервью олишга ҳаракат қилган. Аммо опа шунда ҳам юртга қарши бирор бир сўз демади. Сабр қилди…

Дард келса кетма кет келади, дейишади. Ҳалима опанинг бошига тушган ташвишларга Алпомишдек ўғли Умиднинг тўсатдан вафот этгани ҳам оғир дард бўлиб қўшилди. Умид онасидек бағрикенг, меҳрибон эди. Афсус, тақдирига эрта кетиш битилган экан… Қолган фарзандлари – Моҳигул, Камола, Улуғбек ва Мирзағолибларнинг умри узоқ бўлсин, дейман.

Опанинг шеъриятига таъриф бериш керак бўлса, мен ҳеч иккиланмасдан ўзбек шериятида Нодирабегим қатори турадиган шоира, дея баҳолаган бўлардим. Опанинг катта ютуғи бор, у ҳам бўлса шеърим қўшиқ бўлади, деган илинжда, машҳурлик пайида ёзмасди. Аммо кўплаб шеърларини манаман деган ўзбек ҳофизлари ижро этган. Ҳали ҳам санъаткорлар опанинг шеъриятига мурожаат қилиб келмоқда.

Ҳалима Худойбердиева адабиётни қанча яхши тушунса, санъатни ҳам шунча билар, қадрларди. Ўзлари “Тановар”га шу қадар чиройли рақсга тушардики, таниқли раққоса Малика Эргашева билан бемалол солиштириш мумкин эди. Санъатга, адабиётга яқин бўлгани учун ҳам кўнгли тоза, пок эди. Энг муҳими, бу тор дунёда бағрикенг ва кечиримли инсон бўлиб яшади.

Ҳалима опа билан бўлган ўзаро суҳбатларда ҳали сизнинг номингизда мактаблар очилади, танловлар ўтказилади, мукофотлар таъсис этилади, дердик. Мана шу замонлар келди. Муҳтарам Президентимиз томонидан ўзбек шоирасига берилган эътибор, у киши номидаги ижод мактабининг очилиши оқилона иш бўлди. Илоҳим, Ҳалима опанинг руҳлари шод бўлсин.

Толибжон ИСРОИЛОВ,

сухандон

Мақола Ўзбекистон ахборот агентлигининг (УзА) расмий сайтидан олинди.