“Суд тизими Ўзбекистонда қандай ишлаяпти?”

2020-07-14T07:58:47+00:0014 Iyul, 2020|Умумий янгиликлар|

“Таҳлиллар бугунги кунда юртимизда минг долларлик ялпи ички маҳсулот яратиш учун ривожланган давлатларга нисбатан 2-3 баробар кўп энергия сарфланаётганини кўрсатяпти. Нефть маҳсулотларига йиллик талабнинг 44 фоизи импорт ҳисобидан қопланмоқда. Ҳолбуки, иқтисодиёт тармоқларида энергия самарадорлиги чораларини кучайтириш ҳисобидан икки йилнинг ўзида 3,3 млрд. кВт.с электр энергияси ва 2,6 млрд. кубометр табиий газ, 16,5 минг тонна нефть маҳсулотларини тежаш имконияти мавжуд…”

Янги Ўзбекистон газетасида эълон қилинган “Самарадорлик ва тежамкорлик — тараққиётнинг қўш қаноти” сарлавҳали мақолада ана шундай мулоҳазаларни ўқишингиз мумкин. Хусусан, муаллиф — Рауф Нуруллаевнинг ёзишича, бундан тўрт-беш йил олдин қуёш, шамол, биогаз, кичик гидроэлектрстанциялар каби қайта тикланувчи манбалардан фойдаланиш тугул лойиҳалашнинг ўзи олисдаги орзу бўлиб туюларди. Мана, эндиликда, шундай станциялардан ўз эҳтиёжлари учун ишлаб чиқарилган ортиқча электр энергияни кафолатланган тарзда сотиб олиш бўйича тарифлар ҳақида сўз бормоқда…

Халқ сўзи” газетасида “Ижтимоий муаммолардан холи жамиятда маънавий ва жисмоний иммунитет мустаҳкам бўлади” сарлавҳаси остида туркум мақолалар чоп этилган. Унда бугунги пандемия шароитида мамлакатимизда аҳоли ва тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш, камбағалликни бартараф этиш борасида амалга оширилаётган ишлар таҳлил қилинган. Уларнинг аҳамияти ҳақида юртдошларимизнинг фикр-мулоҳазалари берилган. Материалда қайд этилганидек, бугун бутун дунё иқтисодиётида ўзгариш кузатилмоқда — аксарият ишлаб чиқариш корхоналари фаолиятини тўхтатган, хизмат кўрсатиш соҳаси хизматларига талаб эса йўқ. Одамлар ишсиз, демак, даромадсиз қолмоқда. Шундай экан, нима қилмоқ керак? Бу саволга шу йилнинг 8 июль куни Президентимиз раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида аниқ ва лўнда жавоб берилди: кичик бизнес ва тадбиркорликка қулай муҳит яратиш бугунги пандемиядан кучли бўлиб чиқишнинг бирдан-бир йўлидир.

“Далилларни қийноқ усулларини қўллаган ҳолда тўплаш ҳолатлари бўлгани ҳеч кимга сир эмас. Аммо бу масалани очиқ-ойдин айтиш билан чекланмай, бунга барҳам бериш талаби шахсан давлат раҳбари томонидан қўйилаётгани учун ҳам бу борада ижобий ўзгаришлар сари қадамлар қўйилди. Қийноқлар қўлланилиб олинган далилларни мақбул ҳисобламаслик ҳақида қонунчиликка ўзгартиш ҳам киритилди” — дейилади Инсон ва қонун газетасида берилган “Суд тизими Ўзбекистонда қандай ишлаяпти?” номли давра суҳбатида. — Материалда айтилишича, бундай ҳолатлар ҳақида илгари оммага маълум қилинмагани учун ҳам бу мавзуда баҳс-мунозаралар бўлмасди. Ҳозир эса жамиятдаги очиқлик туфайли шундай ҳол рўй берса, бу жамоатчиликка маълум бўлмоқда ва табиийки, бу аҳоли томонидан қораланмоқда. Бироқ авваллари тергов жараёнлари узоқ чўзилгани учун бундай шикоятларни исботлаш имконсиз эди. Масалан, тан жароҳати етказилиб, гумондорнинг бўйнига айб қўйилган бўлса, 5-6 ойдан кейин бу иш судга келиб тушган бўлса, ўша тан жароҳатлари излари йўқолиб кетган бўларди”.

Коронавирус пандемияси таъсиридан одамларни асраш ва тезроқ бу касалликни бартараф этиш учун Сурхондарё вилоятида ҳам барча куч ва воситалар сафарбар этилмоқда. “Ўзбекистон бунёдкори” газетасида эълон қилинган “Воҳада карантин зонаси тайёр ҳолга келтирилди” сарлавҳали материалда шу ҳақда сўз юритилган. Хусусан, газета мухбирининг хабар беришича, Термиз туманининг Қорахон маҳалласида 1000 кишини қабул қилишга мўлжалланган карантин зонаси ҳамда 100 ўринли махсус шифохона қурилиши жадал суръатларда олиб борилмоқда. Ҳозир махсус жиҳозланган контейнерлардан иборат карантин зонаси фойдаланишга тайёр ҳолга келтирилди. Якунланиш арафасида турган шифохона эса енгил конструкциялар асосида барпо этилмоқда. Умумий майдони 15 гектарни ташкил қиладиган ушбу комплексда шифокорларга алоҳида хона, жарроҳлик, жонлантириш бўлимлари, муолажа хоналари, тиббиёт бўлимларидан ташқари, карантин ҳудудига келтириладиганлардан шу ернинг ўзида таҳлил олиш учун лаборатория, дорихона, ошхона, кир ювиш бўлими, утилизация бўйича алоҳида жой ҳам қурилмоқда.

* * *

ЎзА