Ахборот босимини бас қилинг

2020-07-14T07:01:48+00:0014 Iyul, 2020|Умумий янгиликлар, Ҳафта мақоласи|

Мулоҳаза

 Кеча   Fasebookда  таниқли журналист ва олим Беруний Олимовнинг  шу сарлавҳадаги  постини ўқиб қолдик..  Тўғриси, ундаги фикрлар  ўзимизни ҳам  кўпдан ўйлантириб келарди. Назаримизда, постда  ҳаммамиз ҳам  мулоҳаза қилиб  кўрсак  арзийдиган  гаплар бор. Шунинг учун  Уюшмамиз сайтида ҳам эълон қилишни маъқул кўрдик.

 

Индинга 4 ой бўлади.

Шов-шувли янгиликлар, ваҳимали хабарлар, узуқ-юлуқ аудио-видеолар…

Энг дангаса журналист ҳам, ўзидан блогер ясаганлар ҳам анча қимирлаб қолди.

Миллий ахборот маконида «одамларни ким кўпроқ қўрқитиш» мусобақаси бошланди.

Бу гаплар кимгадир тегиб кетса, олдиндан узр сўраган ҳолда, инфодемиядан кўнгли айнаётган оддий бемор, ахборот истеъмолчиси сифатида айрим фикрларни ёзишга мажбур бўлдим.

  1. Ўтган даврда узоқ-яқин танишлардан қарийб 70 нафари муаллифлик Телеграм каналини очди. Ваҳоланки, у ердаги 80-90 % фоиз ахборот қаердандир кўчирилиб, «copy/paste» қилинаяпти. Тушунинг, ахборотни шунчаки «поделиться», яъни ретрансляция қилиш – журналистнинг ҳам, блогернинг ҳам вазифаси эмас.
  2. Сиз узатаётган хабарни мен камида 3-5 кун олдин ишончлироқ, нуфузлироқ манбадан ўқиб бўлган бўламан.
  3. Унинг устига Телеграмдаги 2-3та каналингиз, ундан ташқари Телеграмда сиз билан бирга аъзо бўлган 7-8та умумий гуруҳимиз, ФБдаги ўз саҳифангиз ва яна у ерда биз сиз билан бирга гуруҳдош бўлган 8-10та жойда ҳар дақиқада сизнинг 1 тийинга қиммат информациянгизни такрор-такрор ўқишга мажбур эмасмиз.
  4. Келинг, яхшиси, ҳоббини йиғиштириб, профессионал 1-2та платформани танланг. Вазмин бўлинг. Сизни керак бўлса ўша ерга кириб ўқиб оламиз.
  5. Инфодемияга чек қўйинг. Сизсиз ҳам ахборот майдони ах..тга тўлиб ётибди.
  6. Биламан, яхшигина ижодкорсиз, эл дарди билан яшаяпсиз. Лекин ҳозирги синовли пайтда ҳамма жойдан «ажи-куку» қилиб чиқиб туришингиз шарт эмас.
  7. Биламан, сиз яхши дўст ҳамсиз. Лекин мен умуман истамаган, сизни соғинмаган пайтда вақтимни олишингизга қаршиман. Чунки худо томонидан берилган тегишли вақт – меники, бировники эмас. Бу билан сиз худди кутилмаганда кўришиб қолиб, 2 соат сўрашадиган ёки чўлпиллатиб ўпишадиган одамга ўхшайсиз.
  8. Кунига қанча инсон касалликка чалинганию, қанчаси ўлаётганининг ҳисоботини бериб бориш ҳам сизнинг вазифангиз эмас.
  9. Тушунишга ҳаракат қилинг. Ортиқча информация одамни стрессга бошлайди. Стресс эса иммунитетни туширади ва худо кўрсатмасин, ҳар қандай вирусни осонгина юқтириш эҳтимолини юзага келтиради.
  10. Сиз қўяетган постга еки расмга алоқам бўлмаса, мени тег қилманг. Фойдаси йўқ.Мабодо ҳамкорликда бир ишни қойиллатсак, ўзим қўярман.
  11. Ҳафагарчилик бўлмасин. СOVID тугагандан сўнг, насиб бўлса, дўппидеккина қўлбола ош мендан.

Ҳурмат ила,

Б.А.