Терроризм мавзусини ёритишда журналист маҳорати муҳим

2020-07-14T04:17:56+00:0014 Iyul, 2020|Сурхондарё вил.|

Глобал ўсиш даврида замон шиддат билан ривожланмоқда. Бу борада интернет тезлиги биринчи ўринга кўтарилди. Бугунги кунда ҳаётимизни интернетсиз таъсаввур қила олмаймиз. Бу тармоқда ахборотлар шиддат билан оққан дарёдек тошмоқдаки, асл манбани аниқлаш борасида адашиб қолиш ҳеч гап эмас. Айниқса, инсонларни тўғри йўлдан оғдирадиган террорчилик гурухлари  интернетда кенг қулоч ёйган. Бундай ҳолатлардан огоҳ қилишда ва аниқ манбаларни етказишда журналистларнинг ўрни катта.

Шу сабабдан бу борада журналистларнинг тажрибасини янада орттириш мақсадида доимий тренинглар ташкил этилмоқда. Жорий йил  6-7 июль кунлари Сурхондарё, Самарқанд, Андижон вилоятлари журналистлари учун ҳам  навбатдаги семинар–тренинг ташкил этилди. ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги Лойиҳалари   кординатори   идорасида ташкил этилган  «Терроризм ва экстремизмга қарши курашда ОАВнинг  роли»   мавзусидаги тренингга уч вилоят журналистлари ZOOM орқали  боғланишди.

Уларга тренерлар ЎзДЖТУ халқаро журналистика факультети доценти, PhD Беруний Алимов, fledu.uz портали директори, ЎзДЖТУхалқаро журналистика факультети докторанти Гульмира Шукурова жамоатчилик назоратини ўрнатишда ОАВ ва ННТларнинг роли, ахборот манбалари билан ишлаш, экстремизм ва радикаллашувнинг олдини олиш мавзуида фуқаролик жамияти вакиллари билан интервью ва «сторителлинг» тайёрлашнинг ўзига хос жиҳатлари, журналистик суриштирув олиб бориш, журналистларнинг хавфсизлиги масаласи, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва фуқаролик жамияти билан ўзаро ҳамкорлик, мобиль журналистика инструментларидан фойдаланиш, мавзуни ёритишда этика масалалари, миллий ОАВ материаллари таҳлили мавзуларида тақдимот ва маълумотлар беришди.

Шунингдек, Ўзбекистонда терроризмга бошловчи экстремизм ва радикаллашувга  қарши кураш ва  профилактика масалалари мавзусида  Ички Ишлар вазирлиги эксперти маърузаси ҳам тингланди.

Икки кунлик семинар сўнгида иштирокчилар фикрлари ҳам тингланди. Шу билан бирга бу мавзу қанчалик долзарб эканлиги ва бу борада журналистларни маҳоратига таяна олиш мумкинлиги ҳақида ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги  лойиҳалари  координатори Элчи Джон Мак Грегор ва Ўзбекистон журналистларни қайта тайёрлаш маркази директори Гульнара Бабаджанова айтиб ўтди. Медиа режа тузиб олинган холда тренинг мавзуси бўйича таҳлилий мақолалар тайёрлашни журналистлар ўзаро келишиб  олишди.

Мастура Хамраева

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси

Сурхондарё вилояти бўлими мутахассиси