Бугун дунё баланд дарахт шохидаги полапон инидек қалқиб турибди

2020-07-11T05:31:58+00:0011 Iyul, 2020|Умумий янгиликлар|

“Биз мамлакатимизда коронавирус аниқланган кундан бошлаб қайта-қайта таъкидлаб келмоқдамиз: бу жуда мураккаб синов ва оғир кураш бўлади. Бу курашда кўп нарса ўзимизга, ақл билан ҳаракатимизга, сабр-тоқатимизга темир интизом билан, қатъият ва жипсликда иш кўришимизга боғлиқ.”

Халқ сўзи газетасининг навбатдаги сони Президентимизнинг 8 июль куни бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишидаги ушбу сўзлари билан бошланган. Хусусан, “Бугун дунё баланд дарахт шохидаги полапон инидек қалқиб турибди. Коронавирус деган бало даҳшатли тўзон мисоли ёпирилиб, бу дарахтни тинимсиз тебратмоқда. Инсониятнинг, жумладан, халқимизнинг келгуси тақдири ушбу офатга қанчалик дош беришига, ҳушёр ва огоҳ, ҳамжиҳат ва аҳил бўлиб, умумбашарий қадриятлар мустаҳкамлигини — ҳаётий таянчни сақлаб қолишига бевосита боғлиқ”, дейилади “Ўзимиз ўтирган шохни ўзимиз кесмайлик” сарлавҳали материалда.

“Жаҳон сайёҳлик ташкилоти маълумотларига кўра, сўнгги ўн йилликда дунё сайёҳларида табиий ёки экотуризмга қизиқиш ортиб бормоқда. Экологик муҳитда жонли табиатни томоша қилиш иштиёқи кўпчиликка ўзгача завқ беради. Айниқса, ён-атрофда ноёб жонзотларнинг кезиб юриши экзотик саёҳат ишқибозларида унутилмас таассурот қолдиради. “Янги Ўзбекистон” газетасида эълон қилинган “Бўстонлиқда ноёб кийик турлари кўпайтириляпти” сарлавҳали мақолада шу ҳақда сўз юритилади. Муаллиф — Ирода Тошматованинг ёзишича, Бўстонлиқ туманининг денгиз сатҳидан 1200 метр баландликда жойлашган Қоронкўл қишлоғи ҳудудида кичик туризм зонаси ташкил этилди. Ҳозир 176 гектар майдонда Словения ва Австриядан олиб келинган ноёб кийик турлари — 50 та асл буғу ва 45 та Европа кийиги кўпайтирилмоқда. 2020 йил охирига қадар уларни сайёҳлар ҳам томоша қилиши мумкин бўлади.

Бутун дунёда коронавирус балосининг тарқалганига анча бўлди. Айримлар бу офатга кўникиб ҳам қолди. Уйда ўтириб, карантин қоидаларига риоя этаётганларга эса бугун ҳамма офарин демоқда. Леекин кўпдан кўп фикр чиққанидек, кўпга келган ушбу балодан ўз манфаати йўлида фойдаланиб қолишга уринаётганлар ҳам учрамоқда. Агар Mobi.uz компанияси Самарқанд бўлимининг шу шаҳардаги Сартепа шохобчаси раҳбари Хушвақт Жўраевнинг айтганлари рост бўлса, мазкур компаниядагилар ҳам фурсатдан унумли фойдаланиб қолишмоқчига ўхшайди. Қандай қилиб дейсизми? Ушбу савол жавобини Жамият газетасида эълон қилинган “Бу ерда мен раҳбарман, нима гапингиз бўлса, менга айтинг!” сарлавҳали мақоладан топасиз.

“Жамиятни улкан дарахтга қиёс этсак, унинг ўқ илдизлари таълим тизимидир. Бу илдизлар қанчалик бақувват бўлса, ҳаётбахш дарахтимиз шунча кўкка бўй чўзади, мевалари шунга яраша тотли бўлади, — деган жумлалар билан бошланади Adolat газетасида эълон қилинган “Илдизга болта урган ким?” сарлавҳали материал. — Олий таълим муассасаларига қабулдан бошлаб, ўқиш давомида озми-кўпми учраб турадиган таниш-билишчилик, порахўрлик, коррупция иллатлари ана шу тараққиётимиз илдизига тушган қурт ёки зарб билан урилган болтадан бошқа нарса эмас…”

Глобаллашув шароитида ахборот инсоният ҳаётининг ажралмас қисмига айланди. Диний эстремистик ташкилотлар томонидан интернет тармоғидаги турли сайтлар, мессенжер ва ижтимоий тармоқлар орқали бузғунчи ғояларни тарқатиш, кишиларни ўз доирасига жалб қилишга қарши курашишда Ироқ Мудофаа вазирлигининг тажрибаси амалда ўз ижобий самарасини берган. Хўш, бу қандай тажриба эди? “Vatanparvar” газетасида чоп этилган “Мафкуравий ташвиқотга қарши кураш: Ироқ тажрибаси” номли материалда шу ҳақда ўқийсиз.

“Коронавирус пандемиясининг нечанчи тўлқин бўлишидан қатъи назар, қайта бош кўтараётгани барчани ташвишга солди. Одамларда хотиржамлик йўқолди. Айрим жойларда бефойда, мамлакатга салбий таъсир кўрсатадиган ғалаёнларни келтириб чиқарди. Хўш, энди дунё қай йўсинда ривожланади? Ер юзида ҳаёт қандай бўлади? Инсониятни нима кутмоқда?” Ўзбекистон бунёдкори” газетасида эълон қилинган сиёсий шарҳловчи Абдували Сойибназаровнинг “Дунёнинг эртаси қандай бўлади?” номли мақоласида шу ҳақдаги мулоҳазалар билан танишасиз.

Ўтган йилнинг айни саратон кунларидан бири — 29 июнь куни Жиззах шаҳрида шифокорнинг жонига қасд қилингани ҳақида совуқ хабар тарқалганди. Кўпчилик ўшанда икки кун аввал олийгоҳни битирган, келажакда ҳаётда ўз ўрнини топиши, жамиятга наф келтириши лозим бўлган йигитнинг оғир жиноятга қўл урганига афсус ва ачиниш билан қараган, ҳатто уни қоралаганди. Аммо… Ушбу воқеанинг тўлиқ тафсилотини Куч — адолатда” газетасида чоп этилган “Алам ва жаҳл” номли мақолада ўқишингиз мумкин.

“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси “Адабиёт миллатнинг юрагидир” умумий сарлавҳаси остида ижодкор ёшларнинг онлайн форумига доир материаллар билан бошланган. Шунингдек, нашрдан Театр арбоблари уюшмаси етакчи мутахассиси Моҳинур Аҳмаджонованинг “Қўғирчоқ театрида нима гап?”, тарихчи олим Абдумажид Мадраимовнинг Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳаёти ҳақидаги “Бу олам аро ажаб аламлар кўрдим…” номли мақолалари жой олган. Бундан ташқари, газетада тадқиқотчи Бобомурод Эралининг “Ҳазрат Навоий нега уйланмаган? сарлавҳали материали ҳам босилган.

* * *