Нурилла Абдуллаев: Мен журналистман…

2020-07-11T05:27:29+00:0011 Iyul, 2020|Умумий янгиликлар|

М у л о ҳ а з а

Мен журналистика факультетига ҳужжат топширганимни эшитган кўпчилик, “Юраркансан-да, битта костюм-шимни ўн йил кийиб?” деган фикрларни билдирганди. Ёшликда шижоатми ёки ана шундай гапларга қасд қилибми, ўқишга кирдим ва бугун озми-кўпми шу соҳа ривожига ҳисса қўшиб келяпман, деб ўйлайман. Балки ҳеч нарса қилмагандирман ҳам…Лекин бир нарсани айтишим керакки, ҳозир бир эмас, бир нечта костюм-шимим бор…
Ёки бўлмаса, эндигина ишни бошлаганимда таржима билан шуғулланар эканман, қишлоққа борганимда нима иш қилаётганимни эшитган ёши улуғ амаким, танга терар экансан-да, дея клавиатура ҳарфларини ҳар босганимда ҳисобимга қанчадир танга ёзилишига имо қилган.
Журналистика сўзи французча journaliste сўзидан олинган бўлса ҳам, француз тилига лотинча diurnalis, diurnalе “кундалик янгилик, хабар” сўзларидан кириб келган экан.
Бу касб эгалари оммавий ахборот воситаси ёрдамида ахборотни тўплаш, қайта ишлаш ва тарқатиш билан шуғулланади. Журналистиканинг илмий тартиби матбуот пайдо бўлиши билан юзага келди. XIX асрнинг иккинчи ярми XX асрнинг бошларида фото ва киножурналистика, 1920-40 йилларда эса радио ва тележурналистика пайдо бўлди.
Журналистика тузилма нуқтаи назаридан оммавий ахборот воситасининг бир қисми ҳисобланади. Яъни худди матбуот, телевидение, радио, интернет ва бошқалар каби жамиятнинг кўптармоқли институтлари қаторига киради. Бир қатор тадқиқотчиларнинг айтишича, журналистиканинг икки асосий йўналиши мавжуд: тадқиқот журналистикаси ва тергов журналистикаси.
Қоидага кўра, журналист-тадқиқотчи ахборотнинг очиқ манбалари билан ишлайди, тергов жараёнида эса журналист очиқ бўлмаган, яъни махфий ахборотлар билан ишлайди.
Журналистика – газета ва журналлар таҳририятларини, телерадиокомпанияларни қамраб олувчи жамиятнинг ижтимоий институти.
Журналистика – ишлаш, олиш, қайта ишлаш ва ОАВда тарқатиш ва бошқаларни қамраб олувчи фаолият тури тизими.
Журналистика – касблар жамланмаси.
Журналистика – ижодий тизим.
Журналистика – фан.
Журналистика ахборот, алоқа, ғоявий, маданий-маърифий, ташкилий, реклама-маълумот функциялари мавжуд.
Бундан ташқари журналистиканинг жанрлари, йўналишлари бор.
Хуллас, муддаоим Сизга журналистика нима эканлигини ўргатиш эмас. Ким қизиқса, кимга керак бўлса, устозлар, олимлар томонидан қўлланмалар, дарслик яратилган ўқисин, ўргансин. Ёки интернетни титса, керагидан ортиқ маълумот топади.
Ҳар доим ҳам эмас, баъзи ҳолатларда журналистларимиз мақола, хабар, лавҳа, репортажда кўтарилаётган масалага бир томонлама назар солишади. Хўш, бу нима дегани?
Масала, муаммо кўтарилмоқда. Журналист жойига бориб, уни ўрганади. Керакли маълумотларни тўплайди. Масалани, муаммони кўтарган томоннинг фикрларини эшитади. Бор маълумотларни умумлаштиради. Кейин оммавий ахборот воситаси орқали эълон қилади. Бу журналист одатда қиладиган иш. Кўпчилик медиа материаллар мана шу кўринишда тайёрланади ва омма эҳтиборига ҳавола қилинади. Жамият, яъни жамоатчилик эълон қилинган материал асосида воқеа-ҳодиса юзасидан фикрга эга бўлади ҳамда шунга асосланиб, хулоса чиқаради.
Ҳар бир фуқаро эркин фикрлашга, ўзига яраша хулоса қилишга ва фикрини айтишга эга эканлигини инобатга олсак, бу тўғри. Аммо журналист оддий фуқаро эмас. Унинг бўйнида жуда катта масъулият турибди. У кенг жамоатчиликнинг бирор ҳолатга нисбатан ё ижобий ёки салбий фикрини шакллантиради. Унда фикрни, керак бўлса, дунёқарашни йўналтириш, уларни ортидан эргаштириш имконияти бор.
Лекин баъзи ҳолатларда танганинг иккинчи томони ҳам борлиги эсдан чиқиб қолаётгандек, гўё…
Масалан, яқинда бир янгиликлар сайтида республика вилоятларининг бир туманида давлат тилида иш юритишга етарлича эътибор қаратилмаётганлиги, масъуллар бу масалага эътиборсизлик билан қараётганлиги ҳақида материал берилди. Мақолада муаммо кўтарилган, бугунги кундаги ҳолат ҳақида қисқача бўлса ҳам маълумот берилган. Аммо муаммонинг ечими ҳақида ҳеч қандай фикр билдирилмаган. Хаёлингиздан нега энди журналист муаммонинг ечимига тўхталиши керак, деган фикр ўтдими? Бердисини айтгунча, шошмай туринг-да.
Бугун ахборот-коммуникация технологиялари ривожланиб, улардан фойдаланадиган ҳамма қайсидир маънода журналистлик фаолиятини юритяпти. Бир пайтлар, адашмасам, ўн йиллар аввал, ҳамма журналист бўлиши мумкин деган фикр билдирилганида ҳайрон бўлиб, елка қисиб қўйгандим. Бугун ўша кун келди. Кўча-кўйда кўрган, дуч келган, гувоҳи бўлган ёки бошидан ўтган нарсани кўпчилик ижтимоий тармоқлар орқали бўлишиб, бу жараёнга нафақат тармоқ фойдаланувчилари, балки масъулларнинг ҳам эътиборини қаратмоқда. Бунинг натижасида эса муаммоларнинг қайсидир қисми ҳал бўлмоқда. Оддий фуқаро профессионал журналист эмас. Бундан ташқари у ОАВ вакили ҳам эмас. у соҳага оид маълумот олмаган. Ундан профессионалликни, масалани кўтардингми, ечими ҳақида ҳам таклиф бер дея талаб ҳам қўя олмаймиз.
Бироқ журналист шунчаки масалани кўтариш билан чекланмаслиги керак. Аслида бу жуда оддий формула:
Масала + асл ҳолат + қатнашчи, масалани кўтарган томон ёки фуқаро фикри + масаланинг қонуний жиҳатлари + мутасаддилар фикри=масаланинг ечими.
Бу формулани ҳам ижобий ҳамда танқидий материалларга нисбатан қўллаш мумкин, менимча. Чунки ҳар икки ҳолатда ҳам томонларнинг фикри жуда ҳам муҳим. Ахир судда ҳам суд жараёни адолатли бўлиши, тегишли қарор чиқаришда хатога йўл қўймаслик учун икки томоннинг ҳам фикрини эшитишади-ку…
Демак, журналист ўз материалини тайёрлашда юқоридаги ҳолатларга эътибор қаратиши керак, деб ўйлайман.
Ҳа, айтганча, мен касбим, олган маълумотим бўйича оддий журналистман ва айтаётган фикрларим фақатгина ўзимга тегишли. Улар Сиз учун бир тийинга қиммат бўлиши ҳам мумкин. Бундан хафа бўлиш йўқ. Чунки Сизнинг ўз фикрингиз бор ва мен буни ҳурмат қиламан. Шу соҳада фаолият юритаётганим учун фақатгина биргина ҳолат юзасидан фикримни билдим. Буни хато деб ҳисобласангиз, бу Сизнинг фикрингиз ва дунёқарашингиз.
Кези келганда тажрибали журналистлардан, устозлардан маҳмадоналигим учун узр сўрайман. Чунки кўп нарса битта узр сўраш билан кечирилиб кетаётган бир пайтда узримни қабул қиласизлар, деган умиддаман.
Менинг фикримча, профессионал журналист нафақат масалани кўтариши керак, балки унинг жавобини ҳам топишга кўмаклашиши зарур!
Яна бир нарса: Қаёққа қарама, ўлдирди, урди, сўйди, ўт қўйди, портлади, ёнди, куйди, бузди, сўкди, муштлашди, пичоқлашди, алдади, хиёнат қилди, ушлаб олди, қўйиб юборди, ажрашди, ташлаб кетди, ўлдирди, қамади ва яна шунга ўхшаш нималардир.
Яхшилик, эзгулик, меҳр-оқибат, чин севги-муҳаббат, хайрли ишлар ҳақида ҳам ёзишни, кўрсатишни унутмайлик…

Fasebookдаги саҳифасидан  олинди