Қутлов

2020-07-04T12:49:07+00:004 Iyul, 2020|Қутловлар|

Бугун Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси кенгаши раиси, давлат ва жамоат арбоби, сиёсатшунос Қудратилла Рафиқов таваллуд топган  кун. Қ.Рафиқов  1947 йил 4 июлда Тошкент шаҳрида туғилган.

Қудратилла Рафиқов меҳнат фаолияти давомида масъул вазифаларда ишлаб келмоқда. Хусусан, Тошкент шаҳар ижроия қўмитаси раисининг ўринбосари, Учтепа (собиқ Акмал Икромов) ҳамда Олмазор (собиқ Собир Раҳимов) туманлари ҳокими бўлиб ишлаган. Ўша кезларда эндигина озодликка эришган юртнинг оғриқли муаммоларини ҳал этиш борасида кўплаб лойиҳаларнинг ташаббускори, бевосита ижрочиси бўлди.

Қарийб йигирма йил Жиззах вилоятида турли лавозимларда меҳнат қилди. Бу даврда «Жиззах аккумулятор заводи» акциядорлик жамиятини катта саноат объектига айлантирди.

Қудратилла Рафиқов 2017 йил ватанимизнинг юксак мукофоти – «Фидокорона хизматлари учун» ордени билан тақдирланди.

Қ.Рафиқов  Ўзбекистон  Журналистлари ижодий уюшмасининг яқин ҳамкорларидан бири. У  бошчилигидаги Республика  Касаба уюшмалари  Федерацияси “Олтин қалам” Миллий мукофоти учун халқаро танлов ва бошқа  йўналишларда журналистларни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш ишига катта ҳисса  қўшиб келмоқда.

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси номидан Қудратилла Рафиқовни туғилган  куни билан чин дилдан муборакбод этамиз. Унга узоқ умр, мустаҳкам саломатлик, оилавий фаровонлик ва Ватан манфаати йўлидаги фаолиятида улкан  зафарлар тилаймиз.