Энг фаол журналистлар тақдирланди

2020-07-03T13:59:40+00:003 Iyul, 2020|Умумий янгиликлар|

Хабарингиз бор,Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси оммавий ахборот воситаларида фаолият кўрсатаётган журналистларнинг касбий маҳоратини ошириш, ижодий салоҳиятини юксалтириш, мамлакатимиз ижтимоий ҳаётидаги, ислоҳотлар жараёнидаги иштирокини қўллаб-қувватлаш ва  рағбатлантириш мақсадида 27 июнь – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан “Йилнинг энг фаол журналисти“ анъанавий республика ижодий танловини ўтказди.

Танлов  пандемия боис юзага келган карантин шароитида Муваққат низом асосида, он-лайн тартибида ўтказилди. Тақдим этилган  материалларда  турли соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотлар ва демократик янгиланишлар жараёни, жумладан  коронавирус пандемияси ва фавқулодда ҳолатларда жамиятимизда одамларимиз томонидан намоён этилаётган фидойилик,  ўзаро ҳурмат, меҳр-оқибат ва бағрикенглик каби олижаноб фазилатлар тобора мустаҳкамланиб бораётгани, Ватан  тақдири  ва истиқболига дахлдорлик туйғуси маънавий ҳаётимизнинг узвий қисмига айланиб бораётгани ўз аксини  топгани эътиборга молик.

Ғолиблар рўйхати   байрам арафасида  матбуот ва уюшма сайтида  эълон қилинди.

Куни кеча Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмасида Тошкент шаҳри ва вилоятидаги ОАВда фаолият олиб бораётган ғолибларга  мукофотлар топширилди.

Мукофотларни уюшма раиси Саъдулла Ҳакимов  топширди. У ўз сўзида сўнгги йилларда юртимизда миллий журналистика соҳасини ривожлантириш, унинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, кадрларнинг ижодий, касбий салоҳиятини юксалтириш масаласига катта аҳамият қаратилаётганини,бу борада қабул қилинаётган қонун ҳужжатлари оммавий ахборот воситалари ходимларини янада эркин, самарали ижод қилиши, халқимиз учун долзарб бўлган мавзуларни дадил кўтариб чиқиши учун кенг имкониятлар яратилаётганига алоҳида урғу бериб ўтди.

Дилшодбек Назиров, “Ўзбекистон-24” телерадиоканали Бош муҳаррири:

    –Очиғи, сўз ва ибора билан буни қувонч ва шукуҳини етказиб бериш мушкул. Ҳаммада бўлгани каби менда ҳам савол туғилди. Ишқилиб, мукофот ўз эгасига берилдими? Мен шунга лойиқманми? Нокамтарликка ёйманг. Чунки, қилаётган ишларимдан ўзимни гоҳ кўнглим тўлади, гоҳида тўлмайди. Ҳамма вақт ҳам ўйлаган натижага етиша олмайман. Аммо бир жойда тўхташ йўқ. Очиғи, бугунги ўзгаришлар динамикасини ҳамма ҳам бирдек илғай олмаяпти. Ушбу мукофот эса менга, умуман олганда барча совриндорларга елкамиздаги масъулиятнинг нечоғлик машаққатли ҳамда долзарблигини англатади.

Дилобар Кабулова, “Севимли”ТВ,“Замон” ахборот дастури бошловчи муҳаррири:

 – Биласизки, телевидение кўп йиллардан бери энг оммавий   ахборот воситаси бўлиб  келмоқда. Бугунги кунда  мамлакатда телеканаллар сони ҳам  кўп. Бу эса ҳар бир канал ва унинг ходимларидан соғлом рақобат муҳитида ишлашни, ўз ўрни ва нуфузини сақлаш учун  курашишни  талаб этади. Бу борада нодавлат телеканаллар йил сайин ўз мавқеларини мустаҳкамлаб бораётгани  қувонарли ҳол. Ўзим фаолият олиб бораётган “Севимли” телеканалида ҳам талаблар қаттиқ, натижалар эса фақат халқ, жамиятга хизмат қилиши керак. Тезкорлик, замон билан ҳамнафаслик, аниқ ҳамда сифатли ахборот  бериш бу менинг шиорим. Умид қиламанки, бу ғолиблик келажакдаги фаолиятимда менга пойдевор вазифасини ўтайди.

Нуриддин Убайдуллаев,“Жамият” ижтимоий-сиёсий газетаси Бош муҳаррир ўринбосари:

 –Журналист деган машаққатли касб бор. Унинг машаққатини нафақат журналист, балки бугунги замон ривожланишининг тезлашган бир пайтида оддий одамлар ҳам англаб етмоқда. Бу касб эгаларининг меҳнати осонликча кўзга ташланмайди, осонликча эътироф этилмайди. Бунинг учун жуда кўп изланиш ва яна изланиш даркор. Сен изланаверасан, ўз устингда тинимсиз ишлайверасан, меҳнатинг эса кун келиб ўз самарасини беради, эл назарига тушади. Сен изланавар, меҳнатинг, албатта, эътироф этилади. Тақдиримизда бор экан, камтарин меҳнатларимиз самараси мутахассислар томонидан маъқул кўрилиб, журналистика соҳасининг энг катта ютуқларидан бири “Йилнинг энг фаол журналисти” танлови ғолиблиги насиб этди.

Сайёра Хусанова, “Маҳалла” радиоканали бош муҳаррир ўринбосари:

  • Радио соҳасининг ҳам ўзига яраша машаққатлари бор.

Жонли эфирлар радиобошловчидан тезкорликни талаб қилади. Баъзан суткалаб ишда қолиб кетамиз, ўзига яраша машаққат, талаб, танқидлар ҳам бўлиб туради. Уюшманинг ушбу эътирофи эса ана шу қийинчиликларни унутиб юборишга туртки бўлди десам муболаға бўлмайди.

Илёс Сафаров, “kun.uz” сайти мухбири:

  • Бугунги кун журналистикаси бир мунча тезкорликни талаб қилади.

Шу ўринда аниқликни ҳам. Интернет журналистикаси бугун кўпроқ ўқувчиларни жалб қилаётгани бор гап. Ўзим фаолият юритаётган сайтда ҳам рақобат кучли. Канал ўқувчиларига аниқ, сифатли, ишончли материал етказиб бериш  олдимизда турган асосий вазифамиздир.“Йилнинг энг фаол журналисти” танловида эътироф этилиш бу мамлакатимизда интернет журналистикасига қаратилаётган эътиборнинг ёрқин намунасидир.

Абдужалол Тайпатов, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги бош муҳаррир ўринбосари:

  • Ҳар қандай эътироф ютуқларимизга бериган баҳодир. Бугунги кун журналисти замондан бир қадам олдинда туриши керак. Соҳада камчиликларимиз ҳам йўқ эмас. Буни давлатимиз раҳбари ҳам таъкидлаб ўтдилар: “Афсуски, аксарият ахборот воситаларида ижтимоий салмоғи енгил бўлган, ҳисобот ва баландпарвозлик руҳидаги материаллар ҳануз устунлик қилмоқда. Яна бир муҳим масала – айрим журналист ва блогерларимизда билим ва профессионал малака, баҳс маданияти етишмаслиги жамоатчиликни ташвишлантирмоқда”. Ҳақ гап. Бугун ошкоралик, халқ билан ҳамнафас бўлиб яшаш, демократик тамойилларга таянган журналист юқоридаги сўзлардан ўзига керакли хулосалар олиши керак. Бу борада биз-журналистлар уйғоқ, сергак бўлишимиз шарт.

Мукофотланганларни қутлаган ҳолда, келгусида улардан долзарб, таҳлилий, замон билан ҳамнафаслик рухидаги ижодий материалларни кутиб қоламиз. Қаламингниз ўткир, сўзингиз эса юксалаверсин, азиз ҳамкасблар!

Ислом Асилбеков, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси мутахассиси