Фахрий журналистлар эътиборда

2020-07-03T05:25:06+00:003 Iyul, 2020|Умумий янгиликлар|

Журналистика фаҳрийларини қўллаб-қувватлаш, уларни ижтимоий ҳимоялаш Ўзбекистон Журналистлари  ижодий  уюшмаси  фаолиятининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Зеро, умр йўли, қалб  қўрини  матбуотга баҳшида этган устозларимиз  ҳамиша эътиборда.  Хусусан, биргина ўтган 2019 йили 141 нафар фахрий журналистларнинг ҳолидан хабар олининб, уларга моддий ёрдам берилган эди. Бу каби хайрли ишлар бу йил ҳам давом эттирилмоқда. Бунда  Журналистларп ижодий уюшмаси билан  Республика товар-хом ашё биржаси ўртасида тузилган Дўстлар клуби  муҳим ўрин тутмоқда.

27 – июнь Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни арафасидаузоқ йиллар давомида  матбуот ва оммавий ахборот воситалари ривожига беминнат хизмат қилган, бугунги кунда ҳурмат – эътиборда бўлиб, ёшларга муносиб устозлик қилиб келаётган нуроний-фахрийларимиз ҳолидан хабар олинди. Байрам билан  муборакбод этилиб,  уюшманинг совға-саломлари топширилди.

Аслида дийдор ширин,  табаррук отахон-онахонлар билан суҳбатлар, уларнинг  ибратлари  ундан-да  ширин.

-Мана, қарийб бир аср давомида не-не даврлар-у, синовларни кўрмадик. Болалигим олтин водийнинг Қўқон шаҳрида кечган. Журналистикага бўлган ҳавас мени Тошкентга етаклаган. Ижодий фаолиятимни дастлаб “Ўзбекистон овози” газетасида бошлаганман. Кейинчалик “Тошкент ҳақиқати”да узоқ йиллар ишладим. Устозларимдан журналистиканинг сир-асрорларини ўргандим. Қаламим чархланди, ўз устимда ишлаш кўникмаларим мустаҳкамланди.

-Биласизми, журналистнинг қалби ёниб туриши керак. Ёнмаган, ўзидан учқун чиқармаган қалб билан ёзиш қийин. Қаламингиз ўткир, юрагингиз ёниб турса халқнинг кўнглига етиб борадиган асарлар ярата оласиз,-дейди 100 ёшни қаршилаш арафасида турган фахрий журналист Фарида Усмонова.

Шунингдек, устоз-журналистлар Аҳмаджон Тошхўжаев, Абдураззоқ Обруев хонадонларида ҳам бўлинди. Уларга уюшманинг байрам совғалари топширилиб, яшаш шароитлари  билан танишилди.

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмасининг вилоят бўлимлари ҳам байрам арафасида вилоятда истиқомат қилаётган, узоқ йиллар журналистикага хизмат қилган фахрийларимиз ҳолидан хабар олиб, уларга совға саломлар топширишди.

-Журналистнинг нони ҳам қаттиқ, ҳам машаққатлидир. Унга бардош бера олган ижодкор хақиқий махоратга эришади. Ўзининг қисқа умри давомида халқ назарига тушган журналист борки, унинг ижоди барчага жумладан, ёшларга ибрат бўлиши, уларнинг ҳаёт йўларини топишида хизмат қилиши керак. Ҳар гал шогирдларим, бирга ишлаган ҳамкасибларим ҳолимдан хабар олишга келганида қувониб кетаман. Ёшларни кўриб уларга чиндан ҳавас қиламан. Икки-уч хатто ундан ортиқ тилларда равон сўзлаша олишади. Замонавий теҳнологияларни ҳам биздан кўра яхши билишади. Улардаги жўшқинлик, касбига бўлган иштиёқ эса қўлимга қалам олиб мени яна ижодга етаклайди,-дейди сурхондарёлик фахрий журналист Усмонали Норматов.

Ҳақ гап. Фахрийларнинг битмас-туганмас билимлари,  тажрибаларидан  баҳраманд бўлиш ёшларнинг амалий кўникмалари шаклланиши, журналист касбининг ўзига хос сир-асрорларини ўрганишларида катта мактаб бўлади.Шогирдлари камолини кўриш  эса устозлар учун  катта бахт. Шунинг учун ҳам  уюшма қошида ташкил этилган  Фахрий журналистлар ҳамда Ёш журналистлар билан ишлаш кенгашлари фаолияти  чамбарчас боғлиқ бўлиб, биргаликда тадбирлар, фаҳрийлар билан учрашувлар ташкил этишга алоҳида эътибор қаратадилар.