Ҳақиқатга тик боқиб…

2020-07-02T09:11:51+00:002 Iyul, 2020|Умумий янгиликлар|

Бугунги кунда мамлакатимизда оммавий ахборот воситаларини тараққий эттириш, уни ўз сўзи ва позициясига эга ҳокимиятга менгзалишини қувватлаш борасида катта ва кўламдор ишлар қилинаётгани бор гап. Соҳанинг ҳуқуқий – норматив ҳамда моддий – техник базасини мустаҳкамлашгаку жиддий киришилганини ҳеч ким инкор қилмаса керак. ОАВ бугун 4 сигментда муваффақиятли фаолият юритмоқда : газета, радио, телевидение ва блогосфера. Уларнинг жамият тараққиёт ва ижтимоий аҳамиятга молик масалалар, иқтисодий ривож бўйича қараш ва фикр баён этиш услуби ўзгадир. Лекин, барчаларининг нияти аниқ-одамларни дарду-ташвишига шерик бўлиш. Биз ҳар бир янгилик ва ўзгаришни гўёки шундай бўлиши лозимдек қабул қилишга одатланиб қолганмиз. Кўпам мана шу янгиланишлар ортидаги машаққат ва меҳнатни ҳис қилавермаймиз. Нега дейсизми? Муҳтарам ҳамкасб, аҳир бир неча йил илгари журналист бу статист эмасмиди? Жўн маълумотлар йиғиндиси ва эришилган ютуқлар ҳақида аввалдан маълум рақамларни ифода этиб берса бўлди эди-ку. Унда одамларни ташвишга солган масала ечими ва юрт эртасига даҳлдор таҳлилий материални кутиш анқони уруғини қидириш мисол мушкул бўлган. Халқ манфаати учун қоғоз қоралаш, уни устида заҳмат чекиш асносида одамлар дардига малҳам бўлиш ҳақида гапирсак, ёлғонга тўр кўрсатган бўламиз.  Балки ўзимизда жасорат, қатъийлик ва дадиллик етишмагандир. Балки ҳар бир қалам ушлаган борки, эртаси мавҳум қолишидан ҳавотирга тушиб, муҳаррирнинг ўткир ва қаҳрли нигоҳидан чўчигандир? Ҳар не бўлса ҳам, кечаги кунга баҳо бергимиз йўқ. Аммо биз бугун замон шиддати талаб қилган даражада бўла олаяпмизми? Мана шуниси менимча кўп қатори бизни ҳам ўйлантиради.

Мамлакатимиз тараққиётини янги босқичга кўтаришда ахборот соҳасини тубдан ислоҳ қилиш ва ривожлантиришга жиддий эътибор қаратилаётганлиги бугун яққол кўзга ташланмоқда. Лекин мана шу ислоҳотларга ҳамоҳанг тарзда журналист ўз касб этикасига содиқ қола олаяптими? менимча жавобни бугун ҳар бир соҳа вакили ўзидан изласа, жумладан мен ҳам, ўринли бўлар эди. Ёшим ўрта бўлгани учун ақл ўргатиш ва ёҳуд насиҳат қилиш фикридан йироқман. Аммо соҳа имкониятларидан тўғри фойдаланган ҳолда бугунги бўлаётган тафаккур ўзгаришларини юрт кишисига лўнда ва тушунарли қилиб етказиб бериш аслида ОАВнинг вазифасидир. Мана қаерда бизга таҳлилий, ўткир мушоҳадали журналистлар керак. Мана қаерда ҳақиқатга тик боқиб, юрт шаъни ва эртасини комил кўриш орзуси устун мутахассисларнинг ўрни бўлади.

Давлатимиз раҳбари ОАВга йўллаган табрикларида ҳам ушбу тенденцияга алоҳида эътибор қаратдилар : “Бу ҳақда гапирганда, миллий медиа майдонимизда замоннинг ўткир талаб ва мезонлари, энг муҳим тенденцияларини очиб бериш, танқидий таҳлил, одамлар кутаётган мавзу ва муаммоларни дадиллик билан ўртага ташлаш ҳали ҳам етакчи ўрин эгалламаётганини айтишга тўғри келади.”

Биз одатда муаммо ва ёки ечими кутилаётган масалага дуч келсак уни айланиб ўтишга интиламиз. Гўёки бу бизга тааллуқли эмасдек. Аслида эса журналист маҳорати ҳар бир одамнинг тақдири жамият тақдири билан бевосита алоқадор эканлигини мушоҳада қилишга ундовчи чиқишлар қилишдадир.

Куни кеча, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси миллий оммавий ахборот воситаларида фаолият кўрсатаётган журналистларнинг касбий маҳоратини ошириш, ижодий салоҳиятини юксалтириш, мамлакатимиз ижтимоий ҳаётидаги, ислоҳотлар жараёнидаги иштирокини қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш мақсадида 27 июнь – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари кунига бағишланган анъанавий “Йилнинг энг фаол журналисти” танловида, Мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар ва демократик янгиланишлар, жумладан, «Тараққиёт формуласи», «Ислоҳотлар самараси», «Қарама қарши» ток шоулари, «Covid-19: шахсий масъулият ва жавобгарлик» номли илк ҳужжатли фильми каби қатор телелойиҳалармиз учун ғолиб бўлганлигимиз ҳақида хабар топдик.

Очиғи, сўз ва ибора билан буни қувонч ва шукуҳини етказиб бериш мушкул. Ҳаммада бўлгани каби менда ҳам савол туғилди. Ишқилиб, мукофот ўз эгасига берилдими? Мен шунга лойиқманми? Нокамтарликка ёйманг. Чунки, қилаётган ишларимдан ўзимни гоҳ кўнглим тўлади, гоҳида тўлмайди. Ҳамма вақт ҳам ўйлаган натижага етиша олмайман. Аммо бир жойда тўхташ йўқ. Очиғи, бугунги ўзгаришлар динамикасини ҳамма ҳам бирдек илғай олмаяпти. Кўпгина ҳамкасбларимиз жуда жўн, таъбир жоиз бўлса стандарт саволлар беришни негадир ўзларига эп кўрадилар. Бу бизнинг ҳам айбимиздир. Бежиз Президентимиз ОАВга йўллаган табрикларида бунга алоҳида эътибор қаратмадилар. Жумладан, “Афсуски, аксарият ахборот воситаларида ижтимоий салмоғи енгил бўлган, ҳисобот ва баландпарвозлик руҳидаги материаллар ҳануз устунлик қилмоқда.

Яна бир муҳим масала – айрим журналист ва блогерларимизда билим ва профессионал малака, баҳс маданияти етишмаслиги жамоатчиликни ташвишлантирмоқда” дейилиши ҳар бир журналистга ўз устида ишлаш, ижод маҳсулига жиддий ёндошиш, тайёрлаётган материалини ҳар томонлама самараси нималарда намоён бўлишини аввалдан таҳлил қила олиш сифатлари билан қараш талабини қўяди.

Ҳар биримиз ўз устимизда тинмай ишлаш ва изланишимиз лозим. Ана шунда нафақат миллий мезон балки жаҳон ареналарида ҳам нуфузли конференцияларда иштирок этиш ва нутқ ирод этиш учун дадил ва шахдам қадамлар ташланади.

Дилшодбек Назиров:

“Йилнинг энг фаол журналисти”

танлови ғолиби -2020