Холислик ва ҳаққонийлик асосий мезонларимизга айлансин ёки “Янги Сирдарё” янги жараёнда

2020-07-03T07:00:04+00:002 Iyul, 2020|Сирдарё вил.|

Халқимиз  журналистларнинг  ҳаётда ҳамиша олдинда юришларига, юртимиздаги ислоҳотларни, атрофда рўй бераётган ўзгаришлар, янгиланишларни тез англаб, илғаб, уларни  тезлик билан оммага етказишларига ўрганиб қолишган. Юртдошларимиз интернет тармоқлари, телевидение кўрсатувлари, газеталар саҳифаларидаги ахборотларни мунтазам кўриб, кузатиб, ўқиб борадилар. Бу эса ана шу ахборотларни ўз вақтида  ўқувчига, тингловчига, томошабинга етказиб бераётган касб эгалари бўлган журналистлар, турли ахборот воситалари мухбирлари зиммасига катта масъулият юклайди.

Мен журналистларни тоғ чўққисини тезроқ забт этишга интилаётган алпинистларга ўхшатаман. Алпинист йўлидаги  тоғу тошлар, қоялар, рўй бериши мумкин бўлган хатарли  ҳодисаларга парво  қилмагандек, журналист ҳам  ҳаётдаги тўсқинликлар ва қаршиликларга ён бермайди, ҳамиша олға интилиб, оламни билишга, одамларни тезроқ янгиликдан бохабар қилишга интилиб яшайди. Бугун ахборот асрида, шиддат билан олдинга  илдамлаётган ҳаёт ичида яшар эканмиз, медиа оламидаги жараёнга, тезкор хабарларга талаб  кучли эканлигини юракдан ҳис этамиз. Ўқувчилар шунга яраша уларни зудлик билан қабул  қилиб, яна янгисини билишга қизиқадилар. Демак, журналист бир лаҳза ҳам тинмай ишлаши, жаҳонда, мамлакатимизда, турли ҳудудларда рўй бераётган воқеа ва ҳодисаларни ўқувчига етказишга интилиши керак.

Муҳтарам Президентимиз Матбуот ва оммавий ахборот воситалари куни муносабати билан журналистларга йўллаган байрам табригида “Биз бугун ҳуқуқий демократик давлат қураётган эканмиз, журналистиканинг бутун дунёда эътироф этилган, ўзгармас талаб ва мезонларига амал қилишимиз зарур. Бу мезонларнинг энг асосийси – холислик ва ҳаққонийликдир. Бинобарин, матбуот майдонига кирган инсон – у журналист бўладими, блогер бўладими, бундан қатъи назар – ана шу қоидаларга амал қилиши шарт” деган гаплари  барча матбуот ходимларини ҳушёр торттиргани ҳақиқат. Албатта, бу ўринда журналистикага хос бўлган мезонлар, яъни воқеа ва ҳодисаларни чуқур ўрганиш, энг зарур ахборотларни топиш, танлаш, саралаш ва ўз вақтида оммага етказиш катта ўрин тутади. Чунки бугун ахборот майдони кенг, хабарлар интернет тармоқлари орқали сонияларда жаҳонни қамраб олмоқда экан, ана шу мезонларни асло  ёддан чиқармаслик зарур.

Шунингдек, давлатимиз раҳбарининг яна бир муҳим масала – айрим журналист ва блогерларимизда билим ва профессионал малака, баҳс маданияти етишмаслиги жамоатчиликни ташвишлантираётгани ҳақидаги фикрлари ҳам жуда ўринли. Айниқса, табрикда Юртбошимиз  мана шундай мураккаб  пандемия шароитида ўз касбига хосу мос тарзда фаолият кўрсатаётган матбуот ходимларининг самарали ва масъулиятли меҳнатига берган юксак баҳоси, эътирофи бизни беҳад қувонтирди, шу билан бирга эртанги ҳаётбахш кунларда тинмай  ижод қилишга илҳомлантирди.

Дарвоқе, ҳаёт жуда илгарилаб, шунга яраша  талаблар ҳам ўсиб бораяпти. Шу боис ҳар бир соҳада қатор ҳужжатлар  қабул  қилинмоқда. Кейинги йилларда ушбу соҳада қабул қилинган ўндан зиёд қонун ҳужжатлари фикримизнинг далилидир. Айниқса, “Оммавий ахборот воситалари мустақиллигини таъминлаш ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари ахборот хизматлари фаолиятини ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент қарорининг қабул қилиниши соҳада янги тизим яратилишини тақозо этмоқда.

Ҳаётни кузатар эканмиз, бу борада жуда катта ишлар амалга оширилаётганига гувоҳ бўлаяпмиз. Юртбошимиз ўз табрикларида  ана шу ўзгаришлар билан бирга камчиликларга ҳам алоҳида тўхталди. Матбуот соҳасида ҳам Янги Ўзбекистонга хос, деган янгиланиш, юксалиш бўлиши кутилмоқда.

Узоққа бормайлик, келгусида жумладан, Сирдарё матбуотида ҳам ўзига хос ўзгаришлар рўй беришига ишонамиз. 1963 йили, яъни Сирдарё вилояти  ташкил этилган  йили  “Сирдарё ҳақиқати” деб номланган вилоят газетасига асос солинган эди. Мана, 57 йилдирки,  вилоятнинг отахон нашрига айланган ушбу  газета фаолият  кўрсатиб  келмоқда. Матбуот ва оммавий ахборот ходимлари байрами нишонланган куни газета янги замонга ҳамнафас равишда “Янги Сирдарё” деган янги ном билан чоп этилди.  Чин маънода бу жамоамизга янги кайфият, янги руҳ бағишлади, десак муболаға бўлмайди. Чунки ярим асрдан кўпроқ вақтдан бери бир ном остида чиқиб  келаётган нашр жамоаси учун  бу кутилмаган воқеа саналади.  Албатта,  гап янги номда эмас, унинг мазмуни ва замонга муносиб кўринишга эга бўлишига, шунингдек, жамоанинг ҳам шунга яраша ўз фаолиятини қайта ташкил этишига боғлиқ.

Ҳозирги кунда, дастлаб Акмал Пўлат, Султон Акбарий, Исмоил Сулаймонов, Жамол Шаропов, Кабир Шукуровлар,  сўнгра Саъдулла Боқиев, Саминжон Султонов каби устоз журналистлар сабоқларини олган, тажрибаларини ўрганган бир неча нафар шарафли касб эгалари бўлган  фидойи журналистлар ҳамон жамоада меҳнат қилишмоқда. Лекин орамизда устозлар эстафетасини давом эттирадиган билимдон, медиа майдоннинг фаол иштирокчисига айланаётган, бугунги кун журналисткаси талаблари асосида ишлайдиган ёшлар жуда кам. Келгусида давлатимиз раҳбари ва ҳукуматимиз томонидан қабул қилинаётган тегишли ҳужжатларнинг бажарилишини таъминлаш жараёнида жамоамизда катта ўзгаришлар бўлади. Янги Ўзбекистоннинг бир бўлаги саналган, туб ўзгаришлар, янгиланишлар ичида яшаётган Сирдарё вилояти нашри саналган “Янги Сирдарё”  газетаси  албатта, ўз номига муносиб бўлишига ишонамиз.

Холида ПАРДАБОЕВА                                                                               Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист,                                                         “Янги Сирдарё” газетаси бўлим мудири