Бугун матбуотда…

2020-07-01T09:47:49+00:001 Iyul, 2020|Умумий янгиликлар|

“СИНФ РАҲБАРИНИ ҚОҒОЗБОЗЛИКЛАР ҚИЙНАЯПТИ”

“Инсон иморатни не-не машаққат ва умидлар билан қуради. Тадбиркор-чи, таваккалнинг этагидан тутиб, борини қурилишга тикади. Шундай заҳматлар энди мевасини бера бошлаганида, ҳокимлик вакили келиб, ҳудудга қизил чизиқ тортилгани ва бузилиши кераклигини айтса-я. Сизу бизга таниш манзара, шундайми?..”

Янги Ўзбекистон газетасида эълон қилинган “Энди бирор ҳудудда “Қизил чизиқ” бор-йўқлиги интернет орқали аниқланади” сарлавҳали материал ана шу жумлалар билан бошланади. Мақола муаллифи — Соҳиба Муллаеванинг таъкидлашича, энди бундай ҳолатга йўл қўйилмайди. Сабаби, жорий йилнинг 1 июнидан бошлаб, Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳрида синов тариқасида ишга туширилган “Шаффоф қурилиш” ахборот тизими аҳолига соҳага оид барча маълумотларни тақдим этади. Бу тизимга геопортал ҳам интеграциялаштирилган бўлиб, у орқали тадбиркорлар ва юртимизда иш бошламоқчи бўлган инвесторлар қаерда бино қуриш мумкинлигини билиб олишлари мумкин…

“Бугун жаҳон сиёсатчилари, олимлар ва умуман, башариятнинг эртанги тақдирига бефарқ бўлмаган ҳар бир инсон томонидан терроризм, диний экстремизм, гиёҳвандлик, геосиёсий тўқнашувлар, экологик муаммолар, моддий ҳамда маънавий инқирозлар қаторида коррупция ҳам энг хатарли воқелик сифатида тилга олинмоқда, — дейилади “Халқ сўзи”газетасида босилган “Жамиятни турли йўллар билан исканжага оладиган даҳшатли иллат” номли мақолада. — Мазкур бало демократия ва қонун устуворлиги асосларига путур етказади. Инсон ҳуқуқларининг бузилишига олиб келади. Ислоҳотларга тўсқинлик қилиб, жамият тараққиётини ортга суради. Оқибатда ҳаёт сифати ёмонлашиб, одамлар хавфсизлигига таҳдид соладиган уюшган жиноятчилик, терроризм ва бошқа ҳодисаларнинг илдиз отиши учун шароит юзага келади…”.

Балиқ инсон организмини тозаловчи, суяк ва тишларни мустаҳкамловчи шифобахш таом сифатида қадимдан севиб истеъмол қилинади. Айниқса, тез ҳазм бўлиши ва парҳезбоплиги унинг қийматини янада оширади. Балиқ гўшти таркибида жуда кўп витамин ва микроэлементлар сақланиши туфайли биологик қиймати ҳам мол ва қўй гўштидан юқори туради. Балиқ гўштининг 100 граммида инсон саломатлиги учун керак бўладиган бир кунлик — 0,2 миллиграмм йод сақланади. “Правда Востока газетасида эълон қилинган “Редкие виды рыб должны быть доступны для населения” (“Камёб турдаги балиқлардан аҳоли баҳраманд бўлиши керак”) сарлавҳали материалда ана шу ҳақдаги мулоҳазаларни ўқийсиз.

Народное слово газетаси Латофат Саилханованинг “В работе нельзя ничего упускать” (“Ишда ҳеч нарсани назардан қочириб бўлмайди”) сарлавҳали материали чоп этилган. Унда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Кенгашининг видеоконференция тарзида ташкил этилган йиғилишлари ҳақида батафсил ахборот берилган. Материалда таъкидланишича, яқинда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатларидан иборат ишчи гуруҳлари ҳудудларда бўлиб, давлатимиз раҳбарининг мамлакатимизда коронавирус пандемияси даврида аҳолини ижтимоий ҳимоя қилишни кучайтириш, иқтисодиёт тармоқлари фаолияти барқарорлигини таъминлаш борасида қабул қилинган қатор фармон ва қарорларининг жойлардаги ижроси ҳолатини ўрганишди.

Бугун мактабларда синф ўқувчилари ҳақидаги маълумотлар йиғма жилдидан нималар ўрин олган? Синф ўқувчилари ҳақида умумий маълумот, ҳар бир ўқувчининг ижтимоий паспорти, синф фаоллари, ўқувчиларнинг соғлиғи, тўгаракларга жалб этилганлиги, дарслик билан таъминланиши, чораклар давомида ўзлаштириши ҳақидаги маълумотлар, синф мажлиси режаси ва қарорлари, ота-оналар мажлиси режаси ва қарорлари, ўқувчилар билан алоҳида суҳбат дафтари ё ота-оналар билан ўзаро суҳбат дафтари… Зерикиб кетдингиз-а! Бу синф раҳбари ҳужжатларининг бир қисми холос! Халқ таълимида қоғозбозлик қачон тугайди? Маърифат” газетасида эълон қилинган Ғиждувон туманидаги 27-мактаб ўқитувчиси Нилуфар Орипованинг “Синф раҳбарини қоғозбозликлар қийнаяпти” сарлавҳали мақолада шу ҳақдаги мулоҳазалар ўрин олган.

Шунингдек, Ғофир Ҳамроевнинг “Она тили ва адабиёт қандай ўқитиляпти? Ким ўқитяпти?” номли материалида шундай жумлаларни ўқийсиз?: “Мактабларда она тили ва адабиёт мураккаб бир фанга айланиб қолган. Аслида она тили қадрият, адабиёт эса санъат даражасида ўқитилиши зарур”.

Олий ўқув юртларига киришда 18 та фандан имтиҳон бўлиши керак! Чортоқ туманидаги 5-ИДУМИ ўқитувчиси Қобилжон Қосимов ўз мақоласида шу ҳақдаги фикр-мулоҳазалари билан ўртоқлашган.

Овози тожик газетасида босилган Анвар Муродовнинг чиқишида “Ҳар бир ёшга бир гектар” дастури доирасида Чуст туманида амалга оширилаётган чора-тадбирлар ҳақида хабар берилади. Машҳур боксчи Бобоусмон Ботуровнинг ҳаёти, фаолияти, муваффақиятлари сирлари ҳақида эса Анорбой Назаровнинг мақоласида танишасиз.

Шу кунларда мактаблар битирувчиларига шаҳодатномлар билан бирга, олтин ва кумуш медаллари ҳам топшириляпти. Газета мухбири Г.Кабирова пойтахтимизнинг Шайхонтоҳур туманидаги 11-мактаб мисолида ушбу воқеликлар тафсилотини ёритган.

* * *

Янги рукн ва шарҳ ҳақидаги фикр, таклиф ва истакларингизни pochta@uza.uz манзилида кутиб қоламиз.

ЎзА