Устозлар ёди: Ўт аро ёнмоқдан ўзга чора йўқ

2020-07-01T09:45:02+00:001 Iyul, 2020|Наманган вил.|

Ҳар гал устозим Фарҳод Йўлчиевни ёд этганимда Мир Алишер Навоийнинг  ана шу табаррук байтларини пичирлайман.  Мавлоно Румийнинг “Ўт, ўт орасидан ўтинг бор бўлса” деган пандлари нақадар чуқур маъноли ҳикмат эканига иқрор бўлавераман.

Дунёда яхшилар бисёр, ўзидан яхши ном қолдириб кетганлар талай. Бироқ, ҳазрати инсон учун кундалик шиор ҳар қайси замонда ҳам, ҳар қайси маконда ҳам худди ўтга туташиб ёниб яшамоқ.

Фарҳод Йўлчиев журналист, шоир, носир, табиатсевар овчи ва инсон сифатида ҳам  онгли ҳаёти давомида ёниб яшаганлардан бири. Феълидаги  қатъият ва меҳр, ғамхўрлик ва талабчанлик хислатлари  уйғунлашиб умр мазмунини нурлантирган, десам хато бўлмас.

Афсус ва надоматлар бўлсинки, бешафқат ўлим у кишини айни умр гаштини сурадиган, истиқлол боис гуллаб-яшнаётган Ватаннинг   истиқболли одимларини  интиқлик билан кузатаётган, фарзандлар, набиралар камолидан энди-энди бағри тўлиб турган бир пайтда – 58 ёшида орамиздан олиб кетди.

Фарҳод ака 1945 йили  қишнинг чилласида Чуст тумани, Олмос қишлоғининг Мунчоқтепа маҳалласида,  ўз даврининг илғор зиёлиларидан бўлган  Йўлчибой ота ва Шарофатхон ая хонадонида оиланинг  тўртинчи фарзанди  бўлиб дунёга келди.

1971 йилда Наманган Давлат педагогика институтини битириб, меҳнат фаолиятини “Наманган ҳақиқати” газетаси таҳририятида мусаҳҳиҳликдан бошлаган. Изланувчанлиги, ўз устида қунт билан ишлаши туфайли ижодий жамоа орасида ҳурмат-эътибор  топган. Мухбир, катта мухбир, бўлим мудири вазифаларида ишлаган.

Фарҳод Йўлчиев 1984 йилда Тошкент Олий партия мактабини битиргач,  Уйчи туман “Октябрь байроғи” (ҳозирги “Уйчинома”)  газетасига муҳаррир этиб тайинланади.  Шу даврда унинг ташкилотчилик, раҳбарлик қобилияти яққол намоён бўлади. 8 йиллик муҳаррирлик фаолияти давомида газета туманнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётини тўлақонли қамраб олиб, аҳоли орасида ўз ўрни ва  нуфузига эга бўлди.

1992 -1993 йилларда эса ХДП вилоят кенгаши нашри бўлган “Халқ иродаси” газетасининг биринчи муҳаррири, шу билан бир вақтда  “Ўзбекистон овози” республика газетасининг вилоятдаги мухбири бўлиб ҳам фаолият юритди.

1993 йилнинг декабридан 1999 йилнинг май ойигача “Наманган ҳақиқати” ва “Наманганская правда” газеталарига, худди шу йилнинг июнь ойидан то 2003 йилнинг 29 мартигача эса “Наманган ҳақиқати” газетасига бош муҳаррирлик қилди.

Фарҳод ака бозор иқтисодиётига ўтиш шароитида газеталарнинг моддий аҳволини яхшилаш,  таъсирчанлиги ва ўқишлилигини ошириш учун бор куч-ғайратини, билим ва тажрибасини сарф этди. Изланиш, янгиликка интилиш ва уни ҳаётга тадбиқ этишдан чарчамади. У кишининг раҳбарлик даврида таҳририят қошида тижорат бўлими ташкил этилиб, 1994 йилнинг 11 февралидан “Наманган ҳақиқати”нинг илова нашри сифатида “Тадбиркор” ҳафтаномаси чиқа бошлади. Бу билан вилоятимиздаги тадбиркорлик, ишбилармонлик, фермерлик  ҳаракатларини кенгроқ тарғиб этиш, илова нашридан олинаётган даромад ҳисобига  журналистларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш имконияти яратилди.

Фарҳод Йўлчиев журналист бўлибгина қолмай, ўқувчиларга ёзувчи, шоир ва спортчи сифатида ҳам танилган. Республика нашриётларида “Менинг севгим”, “Тоғ олмаси”, “Субҳидамда айтилган қўшиқ” тўпламлари чоп этилган. Бадиий асарлари “Чашма”, “Ёшлик” каби тўпламлардан жой олган. Вилоятда спортнинг теннис тури ривожига катта ҳисса қўшган. Ўша вақтларда  қўшни вилоятлар билан ҳамкорликда газеталарнинг  вилоятлар ҳаётига доир қўшма сонлари ташкил қилинган, таҳририят соврини учун кўплаб теннис мусобақалари ўтказилган. У кишида  ўзбек ва рус тилларида равон сўзлай олиш, халқ ичида ҳам фикрларини ҳаётий мисоллар билан эркин, лўнда қилиб етказишдек ажойиб нотиқлик санъати бор эди. Раҳбарликнинг турли поғоналарида 19 йил баракали  фаолият кўрсатган Фарҳод ака ютуқларининг бош омили  – бағрикенглик, дилкашлик ва самимийлик, камтарлик, атрофдагиларга кўрсатилган меҳр-оқибат ва ғамхўрлик бўлди. Одамлар билан, оддий меҳнат аҳли билан ҳамнафас, уларнинг қувончу  ташвишларига ҳамиша шерик эди.

Фарҳод Йўлчиев таҳририятнинг хар бир ходимини  ҳеч нарсадан кам бўлмай, тўкис ҳаёт кечириши учун  интиларди, қалам аҳли бировга  муҳтож бўлиб яшамаслиги керак, дерди. Ходимларнигина эмас, уларнинг оила  аъзоларини ҳам бир-бирига яқинлаштиришга,  ҳамжиҳат бўлишга ундарди. Шу мақсадда ҳар йили ёз ойларида  вилоятимиздаги ва ундан ташқаридаги  диққатга сазовор масканларга оилавий саёҳатлар уюштирар, мароқли дам олишларини ташкилларди.

Газета обрўси, савияси,  мазмундорлигини оширишга хизмат қиладиган мақолалар,  бадиий асарлар, газетхонлар мактубларига саҳифалардан кенг ўрин бериш у кишига хос фазилатлардан эди. Қўли ва кўнгли  очиқлиги, дилкашлиги билан минг- минглаб дўстлар орттирди.  Республикамизнинг барча жойларида  албатта у кишининг дўсту қадрдонлари топилади.

Устозимиз жамоат ишларида ҳам фаол эди. У халқ депутатлари Уйчи туман Кенгаши депутати, Ўзбекистон ХДП вилоят кенгаши аъзоси, вилоят Кенгаши депутати сифатидаги узоқ йиллик самарали меҳнатлари учун 1998 йили “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист” фахрий унвони билан тақдирланган.

Умр учқур экан, ўлим дарди бедаво экан…

Тирик бўлганида, Фарҳод ака  бу йил ўз умрининг 75-баҳорини қаршилаган бўларди. У кишини таниган-билганлар дейдиларки, Фарҳоджон оила даврасига,  дўстлар даврасига, қадрдонлар даврасига бир умр чанқоқ ўтди…

Чақиндек оний ўтган умри мобайнида  ўзининг барҳаёт сийратини қолдирди.  Одамохунлиги, бағрикенглиги, ҳаётни рангин қабул қилиши,  жонкуяр раҳбарлиги,  ҳаёт уммонидан терган ижод марваридлари, айниқса, феъл-атворидаги хислатлари  қобил фарзандлари камолида ҳам яққол акс этиб турибди.

Фарҳод Йўлчиев кўнгилларни тоғдек баланд кўтарган, бир умр ёдда  қолувчи ширин каломлари-ю одамларга кўрсатган ғамхўрликлари, қилган яхшиликларида яшамоқда. Фарҳодона лутф ила айтадиган бўлсак:

Кўнгилга таскинлар оламан шундан,

Қалбларда қолдингиз абад, умрбод.

Юракдан сўрайман: Яратган эгам,

Айлагил, охират манзилин  обод!

Фотимахон  ТОШМАТОВА