Бўлғуси журналистлар учун илк стипендия

2020-07-01T09:41:49+00:001 Iyul, 2020|Умумий янгиликлар|

Талабалигимизда университетнинг турли йўналишларида таҳсил олаётган талабалар учун номдор стипендиялар мавжуд эди. Яхши ўқийдиган, фаол талабаларни рағбатлантириш, уларни қўллаб-қувватлаш, янаям юқорироқ марраларни забт этиши учун ташкил этилган бундай стипендиялар талабалар учун ўзига хос мотивация вазифасини ўтайди. Самарқанд давлат университетининг ўзбек филологияси факультети қошида ташкил этилган журналистика бўлимининг биз каби талабалари ўша пайтлар номдор стипендия учун ҳаракатларимиз бесамар кетарди. Сабаби, бўлғуси филолог мутахассислар учун Алишер Навоий номидаги стипендия ташкил қилинган бўлиб, асосий даъвогарлар ҳам ушбу факультетда таҳсил олаётан талабалар эди. Наинки, биз, бир бўлим талабалари, ҳатто ўша пайтлар Ўзбекистон Миллий университетидаги журналистика факультети, кейинчалик пойтахтдаги жаҳон тиллари университети халқаро журналистика факультети талабалари ҳам фақатгина Президент стипендианти бўлиш имконига эга эди, холос.

Ташкил этилган Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникация университети талабаларининг ютуқ ва муваффақиятларини кузатиб турибмиз. Аммо уларнинг иқтидорли талабалари учун бундай имконият йўқ эди. Ваҳоланки, турли йўналишларда таҳсил олаётган талабалар учун Ибн Сино, Мирзо Улуғбек, Беруний, Алишер Навоий номидаги ва бошқа стипендиялар ташкил этилган.

27 июнь – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан Президентимиз соҳа ходимларига йўллаган табригида айнан шу масала тилга олинди. Эндиликда Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникация талабалари учун Маҳмудхўжа Беҳбудий номидаги стипендия таъсис этилади.

Маҳмудхўжа Беҳбудий нафақат Самарқанд, балки мамлакатимиз миқёсида журналистикага тамал тоши қўйган маърифатпарвар боболаримиздан биридир. «Зарафшон» газетаси тарихи ҳам бевосита Беҳбудий номи билан боғлангани учун ушбу янгилик биз, соҳа эгаларини яна бир карра қувонтирди.

Гулруҳ МЎМИНОВА

«Йилнинг энг фаол журналисти» республика танлови ғолиби -2020