Ёниқ сўзнинг қудрати

2020-06-30T07:04:38+00:0030 Iyun, 2020|Умумий янгиликлар|

Ёниқ сўз мамлакат тараққиётига, одамлар манфаатларига  хизмат қилиши керак.

Бугун интернет жадал  ривожланаётган, журналист олдига қўйилаётган талаб,  масъулият  янада кучайган шароитда янги фикр айтиш ҳам осон эмас.Лекин битта ачинарли  томони, тўрт  қатор сўзни эплаб ёза олган, ёки ёза олмаган ҳам  мен журналистман деб кўкрагига ураётгани баъзан кишини жуда ҳайратлантиради. Бўлар бўлмас воқеаларни бўрттириб, интернет  сайтлари  орқали тарқатиш, қайси артистнинг кимга уйланаётганини оламга жар  солиб овоза қилиш, бировларнинг  оилавий сирини ошкор қилиш бу журналистнинг вазифаси, масъулиятига кирмайди, қолаверса  ментелитетимизга ҳам тўғри  келмайди.  Оила  сири аслида оиланинг ўзида қолиши керак. Аввалда кўпни кўрган момоларимиз оиладаги баъзи куёв, келин ва қайнона ўртасидаги баъзи келишмовчиликларни оиланинг  бошлиғига (яъни  эрига ) сездирмай  тинчитган. Бирон сабаб билан  турмушга  чиқиб кетган қизи аразлаб келиб қолгудек бўлса отасига билдирмай, юрагини  ҳовучлаб, қизига насиҳат қилиб жўнатиб юборган.  Шундай экан, бачкана нарсаларни  интернет орқали тарқатиш,  бензин сепиб, бировларнинг оиласидаги можораларни чигаллаштириш  аслида журналистнинг ( (кўпроқ бундай енгил елпи ахборотларни журналист  зиммасидаги масуълиятни тушунмайдиган баъзи блогерлар тарқатаяпти) вазифасига кирармикан?  Журналист  айтган сўз, у  кўтариб  чиққан муаммо  одамлар яхши яшаши, жамият ривожланиши, юзага  келаётган тўсиқлар олиб ташланиши учун хизмат  қилиши лозим.

Қўлига қалам тутган журналист Ватан, давлат  тараққиётига хизмат қиладиган, одамлар мушкулотларини  енгиллаштирадиган долзарб масалаларни  кўтариб чиқиши,  ёниқ сўзнинг   нечоғлик қудратли эканнини исбот этиши жоиз. Юртбошимиз Матбуот ва  оммавий ахборот  воситалари ходимларига йўллаган табригида ҳам мамлакатимизда коронавирус кечаётган,  дунёни ларзага  солаётган бир  пайтда журналистларнинг шифокорлардек шижоат билан ишлаётганини,  Ватанимизда ислоҳотлар амалга оширилишини  таъминлашда катта  фидокорлик  кўрсатаётганини  алоҳида эътироф этдилар, Давлатимиз раҳбари шу билан бирга  чуқур танқидий – таҳлилий мақолалар беришда, муаммоларни ҳаққоний кўтариб чиқишда соҳа  ходимлари ҳали сусткашлик қилаётганини ҳам тилга олдилар. Бу  ўринли танқид ҳар  биримизни ўз устимизда қаттиқ ишлашни, воқеаларга ўта  объектив ёндашиб, одамлар дилида, тилида турган масалаларни журъат  билан кўтариб чиқишни тақоза этади. Токи биз шунга  эришган тақдиримизда, мамлакат тараққиётига, одамлар  манфаатларига, тинчлигимизга хизмат қиладиган мақолаларда ёниқ сўзнинг қудратини ҳаққоний исбот қилганимиздагина журналист номини оқлаган, сўзнинг  қудрати атомдан кучлилигини амалда  намоён этган  бўламиз.

Бозорбой БЕКМУРОДОВ,

Ўзбекистон  Журналистлари ижодий уюшмасининг аъзоси.