Журналистика ва давр: эътибор ҳам талаб ҳам юксалаётган соҳа

2020-06-30T06:59:55+00:0030 Iyun, 2020|Навоий вил.|

Журналистика ҳақида гап кетганда шижоат ва жасорат каби инсоний ихслатлар бирга тилга олинади. “Нони қаттиқ” дея таърифланган мазкур соҳани Ўзбекистонда жадидчилик ҳаракати вужудга келтиргани бежиз эмас. Зеро, ўша даврда зиёлилар халқнинг маърифатли қилишда, аввало матбуотга таянишган.

Сўнгги йилларда юртимизда ҳам янги Ўзбекистонни барпо этиш борасида сўз эркинлиги ва матбуот соҳасида туб ўзгаришлар рўй берди. Бугунги кунда жадал давом этиб келаётган мазкур жараёнлар халқимизнинг ислоҳотларга нисбатан доимий муносабат билдириши ва масъуллигини оширишга ҳам хизмат қилмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг 27 июнь – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан йўллаган байрам тадбиригида ҳам айни шу масала ҳақида алоҳида қайд тилиб, “Мамлакатимиз тараққиётини янги босқичга кўтаришда ахборот соҳасини тубдан ислоҳ қилиш ва ривожлантиришга жиддий эътибор қаратилмоқда. Кейинги уч йилда бу борада ўндан зиёд қонун ҳужжатлари қабул қилингани ҳам бу фикрни тасдиқлайди” ҳамда “Энг асосийси, оммавий ахборот воситалари мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ўзгариш ва янгиланиш жараёнларини ҳар томонлама таҳлил қилиб, жойлардаги ижтимоий муаммолар, хато ва камчиликларга давлат идоралари ва жамоатчилик эътиборини қаратаётганини алоҳида қайд этиш лозим”, дея таъкидлангани бежиз эмас.

Дарҳақиқат, юртимизда мазкур сана кенг нишонланмоқда. Вилоятимизда ҳам ушбу байрам муноабати билан бир қатор тадбирлар ташкил этилиб, соҳада фаоллик кўрсатаётган бир гуруҳ фидойилар меҳнати рағбатлантирилди. Вилоят ҳокимлигида бўлиб ўтган тадбирда сенатор Қобул Турсунов таҳририятлар ходимларини байрам билан қутлар экан, бугунги кунда ёш журналистлар ҳамда блогерлар сафи кенгайиб бораётгани, уларнинг малакасини ошириш долзарб аҳамият касб этаётгани, кекса ижодкорлар ва ёшлар ўртасида “Устоз-шогирд” анъаналарини йўлга қўйиш лозимлигини айтиб ўтди. Мулоқот давомида журналистлар ҳам бир қатор таклифларни ўртага ташлади. Шундан сўнг 20 нафар ижодкорга вилоят ҳокимининг фахрий ёрлиғи ҳамда қимматбаҳо совғалар тақдим этилди.

– Журналист зиммасидаги масъулият ҳар доимигиданда ошган, – дейди “Халқ сўзи” газетасининг вилоят бўича мухбири, мукфотланганлардан бири Темур Эшбоев. – Сабаби биз айни пайтда жадал ислоҳотлар даврида яшаяпмиз. Таҳририят ходимлари мазкур ўзгаришлар натижадорлигини таҳлил қилиши билан бирга ислоҳотлар мазмун-моҳиятини халққа расмийликдан йироқ, содда ва оддий тилда етказишда ҳам чуқур малакага эга бўлиши лозим. Журналист сохта мақтовлардан, маддоҳликдан йироқ бўлиши лозим. Шундагина унинг фаолиятини халқ юқори баҳолайди.

Қайд этиш лозим, Навоий вилояти ҳудудида журналистика соҳаси пайдо бўлганига 90 йилдан ошди. “Кармана овози” ҳамда “Хатирчи ҳаёти” газеталари воҳадаги энг кекса нашрлар саналади.

Жорий йилда бир қатор газеталар ­­­­- “Қизилтепа тонги” ҳамда “Нурнома” газеталарининг – 85 йиллиги, “Кенимех таны” газетасининг – 90 йиллиги ҳамда  “Кончилар ҳаёти” газетасининг – 25 йиллиги нишонланмоқда. Бундан ташқари, фахрий ижодкорлар,  “Қизилтепа тонги” газетаси муҳаррири Раҳим Мақсудов 80,  “Навоий зиёси” газетаси масъул котиби Ўрол Санақулов 60 ёшга тўлди. Шу муносабат билан байрам арафасида Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси вилоят бўлими томонидан мазкур таҳририятларда бўлиб, ижодий жамоаларга ҳамда фахрийларга уюшма раиси Саъдулла Ҳакимовнинг фахрий ёрлиғи ҳамда рағбатлантирувчи мукофотлари топширилди.

Жорий йилда касб байрамининг  кўтаринки руҳда ташкил этилишида бир қатор давлат ва нодавлат идоралари ҳам ташаббус кўрсатишди. Хусусан, адлия, Давлат хизматлари агентлиги вилоят бошқармалари, “Миллий тикланиш” демократик партияси вилоят кенгаши, “Навоийҳудудий электр тармоқлари корхонаси” акциядорлик жамияти ҳамда “Зарафшон голден гроуп” компанияси ҳам журналистлар фаолиятини эътибордан четда қолдирмади.

  • ­Журналистика соҳасининг ривожланиши ҳар бир мамлакат тараққиётида муҳим, ­­- дейди “Зарафшон голден гроуп” компанияси таъсисчиси, сенатор Улуғбек Файзиев. ­– Бугун жойлардаги мавжуд камчиликларни кўрсатиб бериш, масъул раҳбарлар фаолиятига баҳо беришда ҳам журналистларнинг ўрни алоҳида билинмоқда. Коррупция ва порахўрлик каби иллатларни бартараф этишда ҳам эркин матбуот муҳим ўрин тутади. Энг биринчи навбатда эса, мазкр соҳа ривожи аввало, шу тизимда ишлаётган фидойиларга боғлиқ. Шундай экан, уларнинг меҳнатини ҳар доим қадрлашимиз лозим.

Байрам муносабати билан “Йилнинг энг фаол журналисти” республика танлови ҳам ўтказилиб, вилоятимиздан 10 нафарга яқин ижодкор мазкур танловда иштирок этди. Эътирофлиси, “Қизилтепа тонги” газетаси мухбири Баҳодир Эгамов газетада туман ҳаётининг таҳлилий ёритиб келаётгани учун танлов ғолибларидан бирига айланди.

Албатта, ҳар бир соҳада миқдорий кўрсаткичларни сифат кўрсаткичига ўзгартириш катта аҳамиятга эга. Журналистика соҳасида бугунги кунда бўлаётган жараёнлар ҳам қалам соҳибларининг билими ва иқтидорини ҳартмонлама тоблаб, катта ижод майдонига янги-янги, ёш, шижоатли касб эгалари чиқиб келмоқда. Бундан ўз навбатида халқимиз ҳам журналистика соҳаси ҳам манфаат кўрмоқда. Бунинг барчаси мазкур соҳага эътибор ва рағбатнинг ва талабнинг юксалаётганидандир.

Озод МУСТАФОЕВ,

ЎзЖИУ вилоят бўлими мутахассиси.