Журналистлар муносиб тақдирланди

2020-07-01T05:15:16+00:0030 Iyun, 2020|Сирдарё вил.|

Бугунги кунда Сирдарё вилоятида 21 газета, 1 та журнал, 1 та телевидение, 1 та радио, 78 та веб-сайт, шунингдек, 1 та нашриёт уйи, 3 та босмахона ва 20 та матбаа корхоналари фаолият кўрсатмоқда.  Бу жуда катта куч.

Улар мамлакатимизда, жумладан, вилоятимизда амалга оширилаётган кенг миқёсли ободонлаштириш, бунёдкорлик ишларини, шаҳару қишлоқлардаги янгиланишларни, одамларимиз онгу тафаккуридаги ўзгаришларни ўзларининг мазмунли мақолалари, қизиқарли кўрсатув ва эшиттиришлари билан кенг жамоатчиликка етказмоқдалар, кундан-кун аҳолимизнинг маънавияти юксалиб,  ватанга муҳаббати,  яшашга иштиёқи, юртимиз равнақи йўлида меҳнат-шижоати ошишига муносиб   ҳиссаларини қўшмоқдалар.

27-июнь – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни  муносабати билан Сирдарё вилояти ҳокимиятида тантанали тадбир ўтказилди. Унда Сирдарё вилояти ҳокими  Ғофуржон Мирзаев соҳа ривожига муносиб ҳисса қўшиб келаётган ижодкор журналистларни, матбуот котиблари ва блогерларни, фахрий журналистларни байрам билан қизғин муборакбод этди.

– Жамиятимизда демократик қадриятларни қарор топтириш, ҳаётини ўткир ва таъсирчан кучга эга бўлган, оғир ва машаққатли, шу билан бирга шарафли, халқимизни ахборот билан таъминлашдек олижаноб ишга бағишлагансиз, матбуот аҳлининг  фидокорона меҳнат қилаётганингизни халқимиз яхши билади ва юксак қадрлайди, – деди ўз нутқида вилоят ҳокими.

– Зеро, ҳаётимизнинг бирор соҳасини матбуот ва оммавий ахборот воситалари фаолиятисиз тасаввур этиш қийин. Юртимиз тараққиёти йўлидаги эзгу мақсадларни рўёбга чиқариш, истиқлол руҳига мос янгича тафаккур тарзини шакллантириш, умуминсоний қадриятларни қарор топтириш, халқимиз маънавиятини бойитиш соҳасидаги хайрли ишларда журналистларнинг муносиб хизмати бор.

Бу йил айниқса, халқимиз учун оғир синовлар йили бўлди. Бутун дунёга ҳамон хавф солиб турган  коронавирус отлиғ пандемея иқтисодиётга ҳам, одамлар руҳиятига ҳам таъсир этмасдан қолмади. Бироқ Сиз билан биз муҳтарам Президентимиз ва ҳукуматимиз раҳнамолигида бу кўринмас балодан аста-секинлик билан фориғ бўлиб бормоқдамиз. Босқичма-босқич кундалик ҳаёт тарзимизга қайтмоқдамиз.

Бу борада ҳам матбуотнинг, хусусан Сизларнинг ҳам муносиб ўрнингиз борлигини яхши биламиз.

Биз сирдарёликлар Сардоба тўғони офатларини ҳам бошимиздан ўтказдик.Уни бартараф этишда, замонамиз қаҳрамонларини кашф этишда, одамларнинг таърифга  сиғмас ғайрат-шижоатларини матбуот ва оммавий ахборот воситаларида ёритишда қанчалик жонбозлик кўрсатаётганликларингизни кўриб-билиб турибмиз. Ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари, шифокорлар, қурувчи ва ҳашарчи дўстлар билан бир қаторда Сиз журналистлар ҳам борлигини айтишдан ғоят мамнунман. Ҳолислик ва ҳаққонийликни,  Ватан ва миллий манфаатларни ўз фаолияти мезони деб билган касб соҳибларининг ёзган ҳар бир мақоласи кишилар қалбига йўл топади.

Сизларнинг чинакам фуқаролик жамиятини шакллантириш борасида амалга ошираётган ишларингиз таҳсинга лойиқ, албатта. Сизлар оммани янгиликлардан шунчаки хабардор қилиб қўймасдан, балки масаланинг моҳиятини ҳам кенг тарғиб қиласиз, керак бўлса муаммоларга ойдинлик ҳам киритасиз. Жамоатчилик назоратини кучайтиришда ҳам Сиз азизларнинг хизматларингиз катта эканлигини эътироф этмасдан бўлмайди.

Барчангизнинг ижодингизга равнақ, оилангизга хотиржамлик, бахт-саодат  тилайман-деди вилоят ҳокими ўз табригида.

Шундан сўнг байрам қатнашчиларини “Халқ сўзи” газетасининг Сирдарё вилояти бўйича мухбири Аҳмадали Шерназаров, “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист” Алиқул Ҳонимқулов, Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими раҳбари, Олий Мажлис Сенати аъзоси Ҳаётхон Ортиқбоева, блогер Ойбек Номозов,  Мирзаобод тумани ҳокимининг матбуот котиби Иноят Султонова, ДХА Сирдарё вилоят бошқармаси матбуот котиби Дилфуза Жарбекова ва бошқалар байрам билан қутладилар.

– Бу йил биз  касб байрамимизни   нишонлашни ўйламаган эдик. Чунки вилоятимиз аҳли икки карра машаққатли синовни бошдан ўтказмоқда. Аввало Президентимизнинг табриклари кўнглимизни нурафшон қилди, вилоят ҳокимининг қутловлари яна бир карра қувонтирди, Сирдарёдаги, Сардобадаги бунёдкорлик ишларини, халқимизнинг мардановар меҳнатини маҳорат билан ёритишдек вазифалар турганини бир зум ҳам унутмаймиз-дейди “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист “Янги Сирдарё” газетасининг бўлим мудири Холида Пардабоева. – Бу эъзоз ва эҳтиромлар кучимизга- куч,  ижодимизга жўшқин илҳом бахш этиши шубҳасиз.

Байрам қатнашчиларига вилоят ҳокимининг алоҳида ташаккурномалари, эсдалик совғаси – рангли телевизорлар  тақдим этилди.

Вилоят санъаткорлари намойиш этган катта байрам концерти барчани хушнуд қилди.

Дилором Исмадиёрова