Журналистикани чидаганга чиқарган!

2020-06-29T12:24:03+00:0029 Iyun, 2020|Умумий янгиликлар|

Жамиятдаги ўткир муаммоларни кўтариб чиқмаяпти, амалдорларни «саваламаяпти», танқидий мақолалар ёзмаяпти, фақат мақташни билади, муаммоларни очиб ташламайди деб журналистни айблаш, таъна, дашном ёғдириш осон.

Лекин журналист бўлиб бир кун ишлаш, журналистиканинг бир кунлик машаққатига бардош бериш ҳар кимнинг ҳам қўлидан келмайди.

Оқни қорадан, ростни ёлғондан ажратиб олиш, одамларга тўғри ахборот етказиш учун қанча меҳнат керак деб ўйлайсиз?

Тажрибада кузатилганки, битта маълумотнинг тўғри ёки ёлғон эканини текшириш учун баъзан кунлаб, ҳатто ҳафталаб, ойлаб вақт керак бўлади. Сирини фош қиладиган ахборотни ким сизга қўш-қўллаб топшириб қўяди? Ҳаққоний ахборотни «суғуриб» олгунингча жонинг ҳалқумингга келади. Жамиятга эса тезкор, холис ахборот керак.

Танқид ҳеч кимга ёқмайди.

Кимнидир танқид қилмоқчи, айбини, жиноятини ошкор қилмоқчи бўлаётганингни сезиб қолишса, жон жаҳди билан тўхтатишга ҳаракат қилади. Журналистга у сўзини қайтара олмайдиган дўстларидан телефон бўлади, илтимослар бўлади, қаршиликлар бўлади, таҳдидлар бўлади…

Шунинг учун ҳам журналистика дунёда энг хавфли касблар сирасига киради. Ҳар йили қанча журналист суиқасд қурбони бўлади…

Айримлар ўзи икки оғиз ҳақиқатни гапиришдан бош тортадию, лекин журналистдан жасорат талаб қилади.

Журналистнинг ҳар куни ана шундай «ғала-ғовур» ўтади…

Бунга ким чидайди, кимнинг бардоши етмайди.

Бунинг устига оладиган маоши «отнинг калласидай» бўлса экан, битта мақоласининг қалам ҳақига (гонорарига) битта машина берса экан…

Афсус, бугунги кунда журналистнинг маоши катта-катта орзулар у ёқда турсин, рўзғорини амаллашга зўрға етади.

Хўш унда журналист нима учун ишлайди?

Ҳақиқий журналист ўз касбини астойдил севгани учун, журналистикани тақдир деб билгани учун касбини ташлаб кетмайди. Унга бир оғиз «Шу мақолангиз (эшиттиришингиз, кўрсатувингиз) яхши чиқибди» деган сўзнинг ўзи кифоя. Лекин бу яхши гап билан оилани боқиб бўладими, фарзандларга муносиб шарт-шароит яратиб бўладими?..

Журналист бошқаларнинг муаммосини кўтариб чиқаман деб жонини жабборга беради, кечани кеча, кундузни кундуз демай, ҳузур-ҳаловат, байрам, дам олиш кунини билмай ишлайди. Лекин уйида унинг ўзини қанча муаммо кутиб туради…

Ана, шуларга чидаган ва бошқа машаққатларга бардош берган журналист бўлади!

Касбининг фидойиси бўлган оммавий ахборот воситаларининг ходимларини касб байрамимиз билан табриклайман!

Ҳа айтганча бугун байрам демай журналистлар ишлаяпти. Бўлмаса телевизорингиз нимани кўрсатади, радионгиз нимани гапиради, газеталар, журналларда нималар босилади, интернетда нималар ёзилади?..

 Бекзод Шукуровнинг “Facebook”даги саҳифасидан олинди.