ПРEЗИДEНТ ТАБРИГИГА МУНОСАБАТ Замон журналистикаси тезкорлик ва аниқликни талаб этади

2020-06-29T11:17:46+00:0029 Iyun, 2020|Умумий янгиликлар|

Илёс САФАРОВ, “кun.uz” сайти мухбири:”Йилнинг энг фаол журналисти” республика танлови ғолиби -2020

– Бугунги кун журналистикаси бирмунча тезкорликни талаб қилади. Шу ўринда аниқликни ҳам. Интернет журналистикаси бугун кўпроқ ўқувчиларни жалб қилаётгани бор гап. Бунинг сабаблари кўп. Биринчидан, тезкорлик, ўқувчи билан тўғридан-тўғри алоқа ўрната олиш, фикр алмашиш ва ҳоказо. Бошқа турдаги нашрлардан мавзуга эркинроқ ёндашишлари билан ҳам илгарилаб бормоқда, материални узатиш шакли ҳам ўзгаргани сари аудиторияси ҳам кундан кунга кенгаймоқда.

Бугун машинада радио тинглаб кетаётган мухлисга, кеча кечқурун ўқиган хабарини яна қайта тинглашнинг қизиғи бўлмаслиги мумкин. Газета ва журналлар ўқувчиларининг кескин камайишига интернет журналистикасининг тезкорлиги ва уларнинг эҳтиёжини айнан электрон оммавий ахборот воситалари қондираётгани сабаб, деб биламан.

Буни телевидение мисолида ҳам айтиш мумкин. Бугун каналларда узатилаётган дастурлар халқчил эмас, сиёсат қуроли бўлиб қолганини кузатяпмиз.

Электрон оммавий ахборот воситаларининг асосий ютуқларидан бири – у бозор қоидаларига жуда тез ва қулай мослашмоқда. Унинг энг катта ютуғи эса ўзини тўла молиявий таъминлай олаётгани, қолаверса, ходимларни моддий ва техник таъминлаш даражасига эришаётганидадир. Бугун электрон нашрлар орасида ҳам рақобатлар бор. Айнан ана шу рақобат нашрнинг янада кенг қулоч ёзишига замин бўлмоқда.

Ўзим фаолият юритаётган сайтда ҳам рақобат биринчи ўринда туради. Асосий вазифамиз хабарни тез, тўлиқ ва аниқ етказиш бўлса, ўқувчилар эҳтиёжларини инобатга олган ҳолда видео, аудио материаллар тайёрлаб, ранг-баранглик ҳосил қилиш. Олдимизга қўйилган асосий талаб – 70 га яқин жамоадан хилма хил фикрлар ва турфа кўринишдаги материаллар тайёрлаш.

Ютуқлар ҳақида гапиряпмиз. Аммо камчиликлар ҳам талайгина. Бу четдан қараган нигоҳлар томонидан айтилмоқда. Хоҳлаймизми йўқми, улар холис баҳо бермоқда. Хорижий мутахассисларнинг айтишича, ўзбек матбуотида ҳали ҳамон цензуранинг айрим унсурлари мавжуд, ҳали ҳамон бу матбуот юқори лавозимлардагиларни танқид қилиш даражасига эришгани йўқ. Бу фикрларга мен ҳам қўшиламан. Барча ютуқларимиз қатори каттагина камчилигимиз ҳам мавжудлиги бор гап.

Аммо ривожланишни хоҳласак, албатта, бу камчиликни бартараф этишимиз керак.