ПРEЗИДEНТ ТАБРИГИГА МУНОСАБАТ Бизга билдирилган бу каби истак ва талаблардан фахр-ифтихорни туйдим

2020-06-29T11:12:40+00:0029 Iyun, 2020|Умумий янгиликлар|

Жамшид ШEРМEТОВ, «Ўзсаноатқурилишматериаллари» уюшмаси бошқаруви раисининг матбуот котиби – ахборот сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчиси:

– Биз, журналистлар Президентимиз йўллаган байрам табригини ўқиб, чексиз қувондик. Унда ёзилган ҳар бир истак ва талаблар бизни янада ўз ишимизга масъулият билан ёндашишга ундайди.

Бугун вазирлик ва ташкилотлар фаолиятини халққа ва кенг жамоатчиликка таништириб, мавжуд муаммолар ечимида ахборот хизматлари ўз ўрнини эгаллаб бормоқда. Шу боис, ахборот хизмати ходимлари халқ ва давлат ташкилотлари ўртасидаги воситачи ҳисобланади.

Мен бу тизимда ишлаётган журналистларни халқ дардини вазирлик ва ташкилотларга етказувчи, давлат муассасаларида амалга оширилаётган ислоҳотларни эса кенг жамоатчиликка тақдим этувчи интеллектуал инсон, деб биламан. Шу боис, улар ҳамиша изланишда бўлиши керак. Меҳнат қилаётган ташкилот фаолиятини яхши ўрганиб, ўша соҳа ҳақида қалам тебрата олса, бу – журналистларнинг ютуғи.

Очиғини айтганда, бундан уч-тўрт йил олдин матбуот котиблари фаолиятини деярли ҳеч ким билмас эди. Кейинги йилларда ОАВ ходимлари ҳамда матбуот котибларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Мамлакатимизда замонавий журналистика ривожланди. Ахборот очиқлиги таъминланди. Бунинг баробарида матбуот котиблари иш фаолиятида жаҳон тажрибаси қўлланилди. Очиқлик сиёсати амалга оширилди. Агентлик томонидан матбуот котибларининг иш фаолиятлари мониторинг қилина бошланди. Ёш кадрлар учун йўналишлар берилди.

Давлатимиз томонидан кўрсатилаётган бундай эътибор мамлакатимиз ҳар бир журналистини ўз устида янада куч-ғайрат билан ишлашга туртки бўлмоқда. Бизга билдирилган бу каби истак, ишонч ва талаблардан фахр-ифтихорни туйдим.