«Журналист бўлиш учун нима қилиш керак?», “Яхши журналист қандай бўлиши керак?». «Журналист ким?»…

2020-06-29T08:46:02+00:0029 Iyun, 2020|Умумий янгиликлар|

Бу соҳага қизиққанларнининг орзу-интилишлари, фикр-мулоҳазалари, ҳаётий қарашлари, ютуқлари-ю  муаммолари мен учун қизиқ. Бир вақтлар мен ҳам катта журналист бўлишни орзу қилардим,  чин дилдан ҳаракат қилардим. Ҳамон  ўша йўлдаман. Шу соҳага умрини бағишлаган устозларимнинг ҳаёт йўли, ижодини кузатар эканман,  бир нарсани англагандекман; Яхши журналист бўлиш инсондан жуда катта фидойилик талаб қилади. Яъни бутун ҳаётингиз, орзу-умидларингизни шу соҳага бағишласангизгина одамлар қалбидан, ОАВ майдонидан ўрин оласиз. Хўш, тайёрмисиз бунга? Тун-у кун бедорликни, ўзингизнинг ташвишингиз қаторида бировнинг дарди билан яшашни истайсизми, дегим келади орзуманд ёшларга.  Журналистнинг нони қаттиқ, оёғи доим йўлда…

27-июнь… Биз эъзозланадиган кун! Ижод аҳли учун касб байрамида билдириладиган бир оғиз ширин сўз, кичик эътибор йил давомида илҳом, шижоат билан ишлашга ундайди.Қарийб,15 йилдирки, телевидение соҳасида фаолият юритаман. Ўтган даврдаги қийинчиликлар, муаммоли вазиятлар, дилхираликлару чарчоқларнинг бари бугунги касб байрамида унутилади. Янги саҳифа очилиб, яна фидойиларча фаолият бошланади! Барча ҳамкасбларимни байрам билан табриклайман! Бу кун нафақат журналистларнинг, балки воқеликни теран нигоҳ билан тасвирга кўчирувчи  ҳурматли операторлар, видеомаҳсулотларни сайқаллаб, безаб, эфирга тайёрловчи, эстетик диди юқори қадрли монтажёрлар, узоғимизни яқин қилувчи шофёрлар, ишхонамизни уйимиздек тоза-озода тутишга масъул орастабонулар, мўжаз боғимизни яшнатаётган боғбонлар, қалам ҳақимизни она сутидек ҳалол, покиза олишимизга ёрдам бераётган ҳисоб-китоб бўлимидаги ходимлар… Хуллас жамоанинг ҳар бир аъзоси учун қутлуғ кун. 27-июнда ОАВ ходимлари ифтихор, фахрланиш ҳисларини туяди.  Аммо устозларимиздан бири Усмон Нусуров айтганидек, аслида журналистлар байрами бир кун эмас. Журналист халқ дарди билан яшаган, ечимини кутаётган муаммони бартараф этишга ҳисса қўшган, бир инсоннинг тақдирини ижобий томонга ўзгартиришга эришган ҳар бир кун байрам! Ҳурматли ҳамкасблар машаққатли фаолиятингизда улкан зафарлар тилайман! Журналист учун адолат қарор топиши катта ютуқ.

Шахсан,2020 йил мен учун катта натижага эришган йил бўлди. Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутатлигига сайландим., 27 июнь Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни байрами олдидан  Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси  томонидан  ўтказилган «Йилнинг энг  фаол журналисти» республика  танлови ғолиби бўлдим. Бу мен ва қашқадарёлик журналистлар учун катта ишонч ва рағбат демакдир.

Яна бир бор байрам муботак, азиз ҳамкасблар!

           Нилуфар Ўтаганова, Қашқадарё вилояти телерадиокомпанияси  муҳаррири,

                                                “Йилнинг энг фаол  журналисти” танлови ғолиби