Халқ билан ҳамиша елкадошлик – фахр

2020-06-25T12:27:06+00:0025 Iyun, 2020|Навоий вил.|

Қай бир байрам арафасида пойтахтдаги ҳамкасбларимдан бирига қўнғироқ қилиб айём билан қутлаганимда, мени ҳам табриклагач, бир хўрсиниб, ҳазилнамо бир луқмани айтиб қолганди: «Билсангиз, байрамларда ҳамма, ҳатто ҳашороту жонзотлар ҳам хурсанд бўлишаркан, фақат отларга байрам татимас экан. Чунки, байрамларда отларга аравалар қўшилиб, иш ҳар доимгидан ҳам кўпроқ бўларкан. Биз ҳам отмизда, байрамда ҳам зиммамиздаги меҳнатни бажарамиз, касбимиз шунақа…» Бу гапни давраларда латифа ўлароқ айтиб юрардим. Бироқ…

Сўнгги ойларда бутун дунёда бўлгани каби мамлакатимизда ҳам жорий этилган пандемия карантини даврида ҳамкасбимнинг гапларини эслаб шунга амин бўлдимки, журналистлар, оммавий ахборот воситалари ходимлари, айнан давлат, ҳукумат, парламент ва маҳаллий ҳокимликларнинг босма нашрлари фақат қувончли кунларда эмас, халқимиз бошига тушган синовлар пайтида ҳам ўз зиммасидаги вазифаларни бажаришар экан ва буни исботлашди ҳам.
Нега телевидение ёки радио демадим? Матбуотдаги ушбу йўналишларнинг ўрнини олқишлаган ҳолда айтиш жоизки, телевидение ва радиода кўрсатув ва эшиттиришларни такроран эфирга узатиш имкони бўлди (қолаверса, бу тажриба авваллари ҳам кенг қўлланилиб келинарди), газета ёки журналда эса, бир ой ёки бир йил илгари чоп этилган мақолани кейинги сонда қайтадан эълон қилиш — ақлсизлик билан баробар (йиллар ўтгач қайта чоп этиладиган тарихий, бадиий мақолалар бундан мустасно).
Юқорида «давлат, ҳукумат, парламент ва маҳаллий ҳокимликларнинг босма нашрлари» деган жумлани бежизга ишлатмадим. Партия нашрлари, турли вазирлик ва идораларнинг газеталари ўзлари учун карантин муносабати билан бир, ҳатто икки ой таътил эълон қилишди. Ўзбекистон миллий ахборот агентлиги масофавий ишлаш тизимига ўтди, бироқ республика хабарлари ҳам мунтазам ёритиб борилди — демак, етарлича ишчи кучи доимий равишда меҳнат фаолиятини бажарди. Асосли-асоссиз танқидни ошкораликнинг кўриниши, аслида эса ўзини оммалаштиришнинг қуроли сифатида қўллаб келган айрим интернет нашрлари ҳам хабарлар саҳифаларини янгилаб борди. Бироқ Бухоро вилоятидаги тўфон, Сирдарёдаги сув омборининг ўпирилиши, айниқса, юртимизда коронавирус касаллигига чалинганлар сонининг ортгани ҳақидаги хабарларни катта иштиёқ ва ваҳимага солувчи сарлавҳалар остида бўрттириб, кимўзарга тарқатишлари, таъбир жоиз бўлса, кўпчиликнинг таъбини хира қилди…

Хуллас, юртимизда карантин қоидалари эълон қилинган илк кунлардаёқ қўшни ва узоқ вилоятлар нашрларининг бош муҳаррирлари телефон орқали боғланиб, бир-бирига савол қўйди: «Биз нима қиламиз? Газетани чоп этамизми, ёки пандемия муносабати билан тўхтатиб турамизми?»
Эътиборлиси, қарийб барчанинг фикри бир жойдан чиқди: «Пандемия ўткинчи, газета — тарих! Йиллар ўтади, келгуси авлодлар 2020 йилда бутун дунёга, жумладан Ўзбекистонга ҳам коронавирус деган бир ташвишли инфекция ёприлганида фалон вилоят (масалан, Навоий)да ҳаёт қандай кечган, раҳбарият қандай чоралар кўрган, жамоатчилик қандай йўл тутган, одамларнинг ўй-хаёлидан нималар ўтган каби саволларга жавобни қаердан излайди? Шундай экан, газеталаримизни имкон қадар чоп этишда давом этамиз!» (Албатта, йиллар ўтиб бирон бир тадқиқотчи бугунги кунларимиз ҳақида ушбу даврдаги воқеа-ҳодисаларни ўрганиш учун тарихий ҳужжатгоҳлар, музейлар ва архивлар материалларидан фойдаланиши табиий. Юқоридаги фикримиз бугун газета сонларини ўзи ўқиб, уларни тахламлар шаклида йиғиб бораётган ҳақиқий газетхонларнинг авлодларига айни кунлар ҳақида архивларга бормай туриб ҳам маълумот олиш имконини беради, деган ишончда келтирилди).
Шундай қилиб, газеталаримиз пандемия даврида ҳам узлуксиз чоп этилиб, мухлислар қўлига мунтазам етказиб берилмоқда.

Вилоят ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармасидан олинган маълумотга кўра, бугун вилоятимизда 30 та газета, 2 та журнал руйхатдан ўтган. Газеталарнинг 7 таси ва 1 та журнал пантемия муносабати билан фаолиятини вақтинча тўхтатган, 10 та газета ва 1 та журнал умуман фаолият юритмаяпти…

Очиғини айтганда, айрим тармоқ газеталари, хусусан, шаҳар ва туман нашрлари учун пандемия даврида газеталарни чоп этмай туриш маъқул ҳам бўлмоқда. Боиси, адади атиги 200 донадан тортиб 1000 2000 тагача бўлган газета бу даврда босмахона ва бошқа харажатларни иқтисод қилмоқда.
Ачинарли томони, газеталарнинг бугунги иқтисодий аҳволига муассислар, ҳатто ҳокимликлар ўта бефарқ эканлигидир.

Нафсилабрини айтганда, бугун босма нашрларда, хусусан, газеталарда ўз касбини севганлар қолди ва ишламоқда. Қўлидан бошқа иш келмайдиган ёки ойлик маоши кўплиги эвазига ишлайдиганлар эмас. Бундай тоифалар аллақачон газеталарни тарк этиб кетишди, инсофлироқлари, агар аҳвол яна яхшиланса, қайтиб келиш истагини ҳам яширишаётгани йўқ.

Босма оммавий ахборот воситаларида ишлашга ҳам, газетхонликка ҳам муносабатнинг бу қадар ўзгаришига объектив ва субъектив сабаблар бор, ҳозир уларни бирма-бир санаб ўтириш фикридан йироқмиз. Газета — бутун дунёда матбуотнинг онаси эканини эслатиб ўтган ҳолда, бугун босма нашрлар мутолаасига лоқайд муносабатда бўлиш жамиятда китобхонликка бўлган муносабатнинг ҳам инъикоси, деган фикрни айтишга журъат қиламиз. Йўқса, бугун давлатимиз раҳбари томонидан китобхонликни кенг тарғиб қилишга юзлаб бор даъват қилинишига қарамасдан, республика шоиру ёзувчиларининг янги асарлари биринчилардан бўлиб чоп этиладиган «Шарқ юлдузи», «Ёшлик», «Саодат» журналларининг адади уч мингга, дунё бадииёт бўстонининг сара намуналари эълон қилинадиган «Жаҳон адабиёти» журнали ададининг икки минг донага ҳам бормаганини қандай изоҳлаш мумкин? Агар юртимиздаги ҳар бир олий таълим муассасаси, умумтаълим мактаби, маҳалла ҳамда маънавият ва маърифат бўлими бир донадан обуна бўлганда ҳам, уларнинг сони қанча бўлишини ҳисоблаш мушкул эмас.
Хуллас, бугун кўпчилик, ҳатто муассислар ҳам босма нашрлар олдига вазифа қўйишда, ўзи аҳволинг қандай, деган саволни беришса, ёмон бўлмасди. Зеро, муассисларнинг фақат номи эмас, таҳририятларга кўрсатиши лозим бўлган кўмаги ҳам босма нашрлар учун бугун жуда зарур. Касб байрами арафасида барча ҳамкасбларимиз — матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимларини қутлар экан, соҳа ишчи-ходимларига айнан босма нашрлар кечираётган синовли даврларда куч-қувват, матонат ва ижодий муваффақиятлар ёр бўлишини тилаймиз.
Юртимиз босма нашрлари, хусусан, газеталар, жумладан, «Дўстлик байроғи» ва «Знамя дружби» газеталари ходимлари эса, наинки мақтов ва эътироф, баъзан эътибор бўлмаса ҳам нашрлар халқимизнинг қувончли ва синовли кунларида ҳар бир хонадонга хуш ва янги хабарлар билан кириб боришини таъминлашдек вазифани астойдил ўтамоқда. Зотан, халқ билан ҳамиша елкадош бўлиш — шараф ва фахрдир.

 Бектемир ПИРНАФАСОВ,
Дўтслик байроғи” ва “Знамя дружбы”

 газеталари таҳририяти давлат корхонаси

бош муҳаррири.