Ўз ишининг усталари

2020-06-24T09:43:40+00:0024 Iyun, 2020|Сирдарё вил.|

ИКСНИ ИЗЛАЁТГАН ОДАМ

қишлоқ ўқитувчисининг шогирди сўнгги уч йил орасида мунтазам равишда нуфузли танловларда муносиб иштирок этмоқда

      Мактабга олийгоҳни битириб ёш кадр келди. Унинг орзуманд қалби кашфиётлару режаларга тўла. Институтда олган билимларини туну кун ёш авлод онгига сингдиришни ўйлайди. Бироқ мактабда у таълим олган мутахассислик бўйича ўқитувчилар етарли. Нима қилмоқ керак? Бу ёғи энди унинг интилиши, саъй-ҳаракатига боғлиқ.

Акбарқул Жабборов 1984 йил Сирдарё давлат педагогика институтининг Математика факультетини битириб, Боёвут туманидаги ўзи таҳсил олган 22-умумий ўрта таълим мактабига ишга келди. Ўша кезда юқори синфларда математика дарслари тўлиқ банд экан. Мактаб директори унга куни узайтирилган синфда ишлашни таклиф қилди. Бошқа мактабларга бориб сабоқ берса ҳам бўлардию, ўрганган жойи, 11 йил таҳсил олган қадрдон мактаби, энг асосийси, шундоқ уйининг олдида. Узоқдаги қуйруқдан яқиндаги ўпка яхши, деганларидек, Акбарқул ҳеч иккиланмай таклифга рози бўлди.

Ёш педагог норасида болакайлар билан ишлашнинг ўзига хос қийинчиликлари борлигини илк кунданоқ дарров илғади. Ўқитувчилик касбини танлаган кишида болафеъллик бўлиш муҳим аҳамиятга эга. Ўшанда муаллим ва шогирдлар бир-бирлари билан тезда тил топишиб кетишади. Акбарқул сабоқ чоғи болаларнинг мустақил ва эркин фикрлашига алоҳида эътибор қаратди. Кечагидек эсида: ўқувчилари билан қўшув ва айирув амалларини бажариш чоғида  бир бола: “Мен бу машқларни аллақачон уйда ечиб бўлганман”, деганида унга мураккаброқ мисолларни берганди. Ўқитувчининг индивидуал ёндошуви ўз самарасини бера бошлади. Куни узайтирилган синфда ўзлаштириш бирдан кўтарилиб кетди.

Орадан бир йил ўтиб, Акбарқул мактабнинг математика муаллимлари сафидан муқим жой олди. Унга 5-синфларнинг (улар учта эди) математика дарсларини ишониб топширишди. Ёш ўқитувчи изланди—интилди, интилди—изланди. Билмаганларини муаллимликда тиш қоққан устозлари Абдурасул Сувонов, Эргаш Убайдуллаевлардан сўраб ўрганди. У ўзига ҳазрат Навоийнинг: “Билмаганни сўраб ўрганган олим, орланиб сўрамаган ўзига золим” ҳикматини шиор қилиб олди.

Математика юзаки олиб қараганда зерикарли ва ўзлаштириши қийин фанга ўхшайди. Бироқ унинг ичига чуқурроқ кириб борсангиз математик амаллардаги поэзияни яққол  ҳис этасиз. Қийин бир масалани ечганингизда катта бир муаммони ҳал қилгандек қувониб кетасиз.

Акбарқул Жабборовнинг ўқитувчилик салоҳияти мустақиллик йилларида бор бўйи-басти билан намоён бўлди. Аста-секин тажрибанинг  ортидан маҳорат келди. Ўқувчилари туман, вилоят ва республика миқёсидаги фан олимпиадалари ва “Билимлар беллашуви”да яхши натижаларни қайд эта бошлашди.

Дарҳақиқат, устозни юзага чиқарадиган унинг шогирдларидир. Ўзбекистонда 10 мингдан ортиқ мактаб бўлса, улар орасида фан олимпиадасининг республика босқичига саноқли ўқувчилар етиб боради. Бироқ Акбарқул Жабборовнинг ўқувчиси уч йидирки, қаторасига математика бўйича ўтказилаётган фан олимпиадасининг якунловчи босқичи ҳамда нуфузли танловда мунтазам иштирок этиб келаётир. Бу ютуқ ўз-ўзидан келгани йўқ. Аввало, ўқитувчининг ажойиб синчилигини эътироф этиш керак. Жабборов  ўзи сабоқ берадиган 126 нафар ўқувчи орасидан математика фанига иқтидори бор шогирдини адашмай топа олди. У билан яккама-якка шуғулланди. Иқтидорига қараб юкламани ошириб борди. Қараб турибсизки, юзи ёруғ бўлиб турибди-да!

10-синф ўқувчиси Мансур Эгамбердиевни бугун нафақат 22-умумий ўрта таълим мактабида, балки туманда барча танийди. Чунки у 2017-2018-ўқув йилида Хоразм вилоятида математика фани бўйича ўтган республика олимпиадасида муваффақиятли қатнашиб, Халқ таълими вазирининг сертификати ва махсус медали билан тақдирланди. Ўша пайтдаги вазир Улуғбек Иноятов имзо чеккан сертификатда шундай сўзлар битилган: “Сирдарё вилояти Боёвут тумани 22-сонли мактаб ўқувчиси Эгамбердиев Мансур математика фани бўйича иқтидорли ўқувчиларнинг “Инновацион олимпиадаси” республика босқичида фаол иштироки учун сертификат (№049) билан тақдирланади. Имзо. 2018 йил 15 апрель”.  Бу анъана кейинги ўқув йилида ҳам такрорланди. Навбатдаги фан олимпиадасига Бухорои шариф мезбонлик қилди. Акбарқул Жабборовнинг шогирди 2018-2019-ўқув йилида янада каттароқ маррани кўзлади. Самарқанд шаҳрида  Халқаро математика олимпиадасига қатнашишга даъвогар ўқувчилар тўпланиб, ўзаро беллашдилар. Мансур Эгамбердиев танловда яхши қатнашди, бироқ  нуфузли олимпиадада қатнашиш учун йўлланма берадиган зарур  баллни тўплай олмади. Мана шу кўрсаткичнинг ўзиёқ қишлоқ мактабида таҳсил олаётган ўқувчи учун катта натижа эди. Бу йил Мансур вилоят ҳокимлиги томонидан ташкил этилган “Сирдарё билимдонлари” танловида мутлақ ғолибликни қўлга киритиб, махсус медаль ва китоблар жамланмаси билан сийланди.

Жабборовнинг шогирдлари орасида Мансурнинг янги издошлари пайдо бўлмоқда. 7-“Б” синф ўқувчиси Исмоил Ашрафов 2019 йилда “Ёш математиклар” олипиадасида вилоятда фахрли учинчи ўринни эгаллади.

—130 нафарга яқин ўғил-қизга сабоқ бераркансиз. Улар орасидан бор-йўғи 2 нафар иқтидорли ўқувчи чиққанлиги кам эмасми? —дея Жабборовга савол билан юзланамиз.

—Менимча, кам эмас. Мушоҳада қилишингиз учун факт. Туманимизда 54 та умумий ўрта таълим мактаби бор. Улар орасидан битта ёки иккита мактабдан республика фан олимпиадасида иштирок этадиган ўқувчи чиқади. Яхши математик бўлиши учун аввало, боланинг қувваи ҳофизаси кучли бўлиши керак. Бу ерда хотира кўп нарсани ҳал қилади.

Жабборовнинг муваффақиятлар сири оддий: меҳнат, изланиш, янгиликка ўчлик. У бирорта дарсини ахборот коммуникацион технологияларсиз ўтмайди. Боланинг эшитиш ва кўриш аъзолари бирдек ишлайди. Дарсларида интерфаол ўйинлардан самарали фойдаланади. Яқинда у  оммавий ахборот воситаларига “Математика дарсларида софизм” мавзусида услубий мақола ёзди. Софизм бу бир математик ўйин экан. Унда математик амаллар хатолар билан ўқувчиларга тақдим этиларкан. Болалар топшириқлардаги хатоларни топиб, тўғрилашлари талаб қилинар экан. Ушбу ўйин болаларни кўр қориликдан йироқлаштириб, мантиқий фикрлашга ўргатаркан. Бундан ташқари, ўқитувчининг ўз қўллари билан яратган кўргазмали қуроллари ўқувчиларни ўтилган дарсларни тўлиқ ўзлаштиришга  кенг имкон яратмоқда.

I тоифали ўқитувчи, Ўзбекистон Республикаси халқ таълими аълочиси кўкрак нишони соҳиби Акбарқул Жабборовнинг ишлари туман ва вилоят миқёсида оммалаштирилган. Қўлга киритаётган ютуқлари учун ҳар йили бир марта директор жамғармасидан бир базавий тариф ставкаси миқдорида пул мукофотлари билан тақдирланмоқда.

—Мактабимиз туманда математика фани бўйича таянч мактаби саналади, —дейди Акбарқул Жабборов. —Ҳафтанинг душанба куни бутун вилоятимизда математика ўқитувчиларининг метод куни сифатда белгиланган. Ўша куни тумандаги барча мактаблардан ҳамкасбларимиз таълим муассасамизга ташриф буюришади. Барча сабоқлар очиқ дарслар сифатда ўтилади. Хоҳлаган одам дарсимизга кириб кузатиши мумкин. Ўзаро фикр алмашишлар барчамизнинг маҳоратимизнинг ошишига хизмат қилади.

—Математика фанини ўқитишда муаммолар борми? — дея қаҳрамонимизни баҳсга чорлаймиз.

—Давлат таълим стандартларига мос  кўргазмали қуролларга эҳтиёжимиз бор. Биласиз, математика ўзига етганча анчагина оғир фан. Мен дарс бераётган синфларда ўртача 30-33 нафар ўқувчи ўқийди. Улар билан бирдек мулоқот қилишнинг иложи йўқ. Қани энди, чет тилларини ўргатишда қўлланилаётган гуруҳларга бўлиб ўқитиш  усулидан математика дарсларида ҳам фойдаланилса. Нур устига нур бўларди. Ана шунда қишлоқ мактабларидан ҳам Хоразмийлар, Фарғонийларнинг муносиб ворислари етишиб чиқармиди?!

Тўғри, шогирдларимизга математика асосларини пухтароқ ўзлаштиришлари йўлида бошқа ишларни ҳам олиб бораяпмиз. Мактабимиз қошида “Ёш математиклар” тўгараги мунтазам ишлаб турибди. Бироқ унинг қамрови анча тор: бор-йўғи 30 нафар ўқувчи иштирок этади.

Кейинги пайтларда бизни умидлантирадиган, хурсанд қиладиган воқеалар ҳам содир бўлди. Президентимиз томонидан “Математика соҳасидаги таълим сифатини ошириш ва илмий-тадқиқотларни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорнинг имзоланиши аниқ фанларни ривожлантиришдаги дадил қадам бўлди, десак асло муболаға қилмаган бўламиз. Қарорда тўғри таъкидланганидек: “Мамлакатимизда математика 2020 йилдаги илм-фанни ривожлантиришнинг устувор йўналишларидан бири сифатида белгиланди. Ўтган давр ичида математика илм-фани ва таълимини янги сифат босқичига олиб чиқишга қаратилган қатор тизимли ишлар амалга оширилди”. Энг қувончлиси, қарорда бу хайрли ишлар бардавом бўлиши айтиб ўтилди.

Математикларнинг тилида: “Ҳалиям иксни излаб юрибсами?” деган ҳазилнамо ибора юради. Бу жумланинг замирида математика чуқур фан, унинг охирига етиб бўлмайди, деган маъно бор. Бироқ орамизда Акбарқул Жабборовга ўхшаган ўз касбининг фидойилари бор экан икс ва игрикларнинг моҳиятини излаш давом этаверади. Зеро, илм игна билан қудуқ қазиш, деганлари шу бўлса керак-да!

Муҳаммадали АҲМАД.