Сен дарёсан, сенга дарёдиллик керак…

2020-06-23T05:44:10+00:0023 Iyun, 2020|Наманган вил.|

Қалб тўлқинлари, ҳаяжонларини бежиз дарёга қиёсламайдилар. Дарё деганда юзасида мовий само кўриниб турган ложувард сув тўлқинлари жилваси кўз олдимизда гавдаланади. Тириклигимизнинг асоси, она заминга ҳаёт бахш этувчи бебаҳо ушбу неъматни боболаримиз, момоларимиз кўзларига тўтиё қилганлар, сувга тупуриш гуноҳи азим, уни булғаш эса нонкўрлик саналган.

Мулоҳаза қилайлик-чи – курраи заминдаги сув тошқинлари-ю вайронкор бўрон ва довуллар, музликларнинг чекиниши, сайёрамиздаги иқлим ўзгаришлари, давоси йўқ касалликларнинг  тарқалиши… буларнинг барчаси бизни қандай хавф-хатарлардан огоҳ этмоқда? Кўзимизни каттароқ очиб, хатоларимиздан хулоса чиқариш фурсати етмадими?!

…О, Нориним, буюк дарём, бугун сенинг соҳилларингни кезиб, ана шу ҳақда ўйлайман. Аввалги мусаффоликка уйғун шиддатни, дилтортар жўшқинликни кўрмаяпман сенда…

Марказий Тянь-шань тоғларидаги пурвиқор музликлардан бошланувчи, Қирғизистон ва Ўзбекистон ҳудудларини ҳам тоза чучук сув билан таъминловчи Норин дарёсининг узунлиги  807 км., ҳавзасининг майдони эса 59 100 км2.ни ташкил қилади. Дарё Қирғизистоннинг Норин шаҳридан 44 км. шарқда – Катта Норин ва Кичик Норин дарёларининг қўшилишидан ҳосил бўлади.

Қор-музликлардан тўйинувчи дарёдан Катта Фарғона, Катта Андижон, Катта Наманган каналлари сув олиб, асосан суғорма деҳқончилик учун ишлатилади.

Табиат билан муносабатда арзимасдек туюлган хатолик ҳам катта муаммо ва фожиаларга йўл очади. Норин дарёсидаги ўсимликлар ва ҳайвонот олами тўғрисида мустақил тадқиқотлар олиб борган нафақадаги педагог, биология фани мутахассиси Раҳимжон Аҳмедовнинг ҳикоясига қулоқ тутамиз:

– Норин дарёсининг ўзига хос табиати балиқ, илон, сув қундузлари, ёввойи ўрдаклар, тустовуқ, шимғир, қашқалдоқ, чиғириқ, лойхўрак, лайлак каби паррандаларнинг ҳаёт кечириши учун қулай макон эди. Яқин-яқинларгача соҳилда чиябўри, қуён, тулки, эчкиэмар каби ҳайвонларни учратиш мумкин бўлган. «Қизил китоб»га киритилган тошбақалар ҳам айнан Норин дарёси ҳудудида яшайди. Дарё ҳавзасидаги наботот олами ҳақида кўплаб ижобий фикрларни билдириш мумкин. Қамишзорлар, юлғинзорлар ҳудудда яшовчи аҳолининг чорвачилиги учун муҳим озуқа манбаси бўлган. Соҳил атрофида шифобахш гиёҳларнинг юздан ортиқ тури учрайди.

Афсуски, бугун Норин дарёсини асраш, муҳофаза этиш борасида талай муаммолар юзага келган. Уларни бартараф этиш учун эса одамларда аввало экологик маданиятни шакллантириш зарур.

Дарё ёқалаб юрган киши чиқиндини сувга ташлаш билан боғлиқ ҳолатларга гувоҳ бўлиши мумкин.

Раҳимжон домланинг куюнчаклик билан айтган сўзларида жон бор. Норин дарё Учқўрғон туманининг Фаровон, Боғкўча, Шодлик, Файзиобод, Норин, Истиқлол, Қозоқовул, Эшонтўпи, Элатан маҳаллалари орқали 24 км. масофада оқиб ўтган. Мазкур ҳудудларда туман экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш инспекцияси томонидан ўрганиш ишлари олиб борилди ва Фаровон, Шодлик, Боғкўча маҳаллаларида муаммолар ҳал этилди.

– Учқўрғон тумани экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш инспекцияси аралашуви билан дарё соҳилидаги чиқиндилар олиб ташланди, – дейди инспекция бошлиғи Абдуҳалим Умаров. – Боғкўча, Норин, Истиқлол, Қозоқовул, Эшонтўпи, Элатан маҳаллалари мутасаддилари чиқиндини олиб чиқиб кетиш учун «Тоза ҳудуд» ДУК ўртасида шартнома имзолаши керак. Лекин мазкур ташкилотнинг ҳам ўз муаммолари бор. Чиқинди ташиш учун транспорт етишмайди. Боз устига аҳолининг кўпчилиги тўлов интизомига риоя қилмайди.

Норин дарё «Учқўрғон деҳқон бозори»нинг шундоққина орқа томонидан ҳам ўтади. Бозорга келиб-кетувчилар, тадбиркорлар ва шу ҳудудда яшайдиган аҳоли дарё соҳилини чиқиндихонага айлантирган эди. Инспекция мазкур ҳолат юзасидан туман ҳокимига тақдимнома киритди. Туман «Тоза ҳудуд» ДУК томонидан ажратилган махсус автомашиналар ёрдамида чиқиндилар олиб ташланди. Ҳудудни назоратсиз қолдиргани учун бозор раҳбарияти «Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс»нинг 91-моддаси, 1-қисми билан баённома расмийлаштирилиб, жаримага тортилди.

Норин туманининг Янги Фарғона, Истиқлол, Учтепа, Юқори Чўжа маҳаллалари дарё бўйида жойлашгани билан ҳам довруқли, хосиятли саналади. Аммо аҳоли томонидан дарё ҳавзасига чиқиндилар ташланаётгани, табиатнинг бу беминнат марҳаматига беписанд қаралаётгани ачинарли. Ёз ойларида дарёга чўмилгани келган дам олувчилар нафақат озиқ-овқат чиқиндилари, балки ўзидан заҳар чиқарадиган баклашка ва елим халталар улоқтириб кетишганига на кулишингни, на йиғлашингни биласан.

Норин тумани ҳудудидаги соҳил бўйларида чиқиндиларнинг бадбўйини ҳатто шамол олиб кетмайди. Кимдир уй бузганда чиққан ғишт, цемент қоришмасини олиб келиб соҳилга ташлаган, бу ерда томорқадан чиққан ўт-ўланлардан тортиб, елим халталар, болалар памперси, кийим-кечакларгача учратиш мумкин.

Ҳудуддаги ҳолатга аниқлик киритиб, изоҳларкан, Норин тумани «Тоза ҳудуд» ДУК шартномалар бўлими мутахассиси Сайёра Абдуллаева шундай дейди:

– Бугун корхонамиз ихтиёрида 10 та автомашина бор, холос. Табиийки, оз техника билан барча ҳудудларга етиб бориш қийин. Йўл бўйида жойлашган маҳаллалар билан шартнома имзолаганмиз. Хўжалик ҳисобидаги ташкилот бўлганимиз учун яқинда юк ташувчи машина сотиб олдик. Лекин бу билан ҳам туман ҳудудини тўлиқ қамраб ололганимиз йўқ. Маҳалла раислари ҳам ташаббускорроқ бўлишлари керак. Улар ўз ҳудудидаги аҳолининг тўлиқ тўлов қилишларига кафолат бериб, туман ҳокимига ариза билан мурожаат қилсалар, албатта, шартнома имзолаймиз.

Бундан ташқари, Норин дарёси соҳилида Норин, Уйчи, Учқўрғон туманларида тадбиркорлар тош майдалаш дастгоҳлари олиб келиб ўрнатиб, мини цехлар қуришган. Айни пайтда дарёнинг Уйчи туманидаги соҳилида 12 та, Учқўрғонда 2 та, Норинда 2 та тош майдаловчи цехлар ишлаб турибди. Уларнинг узлуксиз фаолият олиб бориши учун юк машиналари дарёдан тош етказиб бериши керак. Тинимсиз шовқин, юк машиналарининг қатнови дарёдаги балиқларнинг йўқолишига сабаб бўлмоқда. Оғир юк ташилиши натижасида дарёдаги дамбалар емирилиши бошланган. Норин тумани, Истиқлол маҳалласи ҳудудининг тугаш жойида дамба умуман йўқолиб кетган. Агар дарёда сув кўпайса, тошиб аҳоли яшаш уйларига зарар етиши наҳотки мутасаддиларни ташвишлантирмаса?!

Норин дарёсини муҳофаза қилиш, уни асраш бир ёки бир неча кишининг зиммасида эмас. Биз бу ўринда айбни экология, «Тоза ҳудуд» ёки маҳалла фуқаролар йиғинлари каби масъул ташкилотларгагина юкламоқчи эмасмиз. Экологик тоза оби ҳаётни асраш – инсонийлик бурчимиз эканини зинҳор унутмаслигимиз керак. Кўз ўнгимизда ҳайқириб, тўлиб-тошиб оқаётган дарё сувини асраш, уни келажак авлодларга етказиш учун меҳр зарур.

Сув сатҳининг пасайиб бораётганида Норин дарёнинг нолаларини эшитмасак, табиатнинг зардасини сезмасак, натижаси фожиа бўлишини ҳисобга олмасак инсонлигимизга иснод келмайдими?

Гулчеҳра БУВАМИРЗАЕВА,

«Наманган ҳақиқати» газетасининг махсус мухбири.